ММА да дебют қилган энг ёш ҳамюртимиз

- Азамат Баҳодурзода номи ММА оламида янграётганига неча йил бўлди?

- Ассалому алайкум. Илк бора  18 ёшимда октагонга чиққанман. Демак, 2013 йилдан бошлаб  аралаш жанг санъатида фаолият юритиб келмоқдаман.

- Сиз гох дзюдода, баъзан эркин ва юнон-рум курашидаги мусобақаларда иштирок этардингиз. Аслида, қайси спорт тури сизнинг асосий пойдеворингиз ҳисобланади?

- Ёшлигимдан Тошкент шаҳридаги “Динамо” залига қатнай бошлаганман. Ўша ерда ўсиб-улғайганман десам ҳам бўлаверади. Ҳар доим мактабдан кейин ушбу мажмуага чопар эдим. Бу мен учун мухим эди. Алоҳида бир спорт турининг тарбияланувчисиман деб айта олмайман. Барча жанговар турларни ўрганишга ҳаракат қилардим. Чунки, ушбу спорт турлари бир оилага мансуб саналади. Мана, ҳозир исталган мусобақада иштирок этиб келмоқдаман. Барчасини бирдек олиб борса, мехнатдан қочмаса натижани ҳам албатта қўлга киритади.

Азамат1

- Ҳозирда, “Ахмат” промоушени билан ҳамкорлик қиласиз. Янглишмадимми?

- Албатта, “Ахмат”нинг Осиё лигасида. Ушбу промоушен жаҳондаги энг яхшиси деб бемалол айта оламан.

- Фаолиятингиздаги энг мураккаб мусобақа Қозоғистонда бўлиб ўтган “Титанлар жанги” бўлганмиди?

- Агар бу саволдан келиб чиқсак, мени профессионал фаолиятимдан яхши хабардор экансиз деб айта олмайман. Сабаби, 2015 йил АҚШда дзюдо бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этганман. БАА нинг Абу-Даби шаҳрида ҳам дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида қатнашдим. Биз йил бўйи, ҳар ой ўқув-машғулот йиғинлари билан банд эдик. Машғулотлар жуда жиддий бўларди. Демоқчиманки, фаолиятимда мураккаб турнирлар, қийинчиликлар жуда кўп бўлган. Сиз айтиб ўтган турнир вақтида уйда дам олаётган эдим. Қўнғироқ қилишди. Шундай турнир бор. Фақат октагонда жанг қиласан дейишди. Мен рози бўлдим. Ўша вақт 18 ёш эдим. Турнирнинг энг ёш иштирокчиси бўлганман.  

- Мазкур мусобақада яна бир ҳамюртимиз Александр Столяровдан устун келгансиз. Айтингчи, нимани эвазига Сашани мағлубиятга учратган эдингиз?

-  Яратганни ўзи қўллаган.

азамат3

- Умуман олганда оғир вазн тоифасида ажойиб ҳамюртларимиз бор. Мисол учун, Мурод Хонтўраев, Амин Эргашев, Музаффар Ражаповларни айтиб ўтиш мумкин. Уларнинг қай бирлари билан ҳаваскорлар ўртасида бўлса ҳам тўқнаш келгансиз?

- Улар билан хеч қачон жанг қилмаганман. Уларни қаттиқ хурмат қиламан. Акамдек бўлиб қолишган. Жуда кучли, маҳоратли спортчилар. Ҳар уччаласи аралаш жанг санъатидаги келажак авлод спортчиларимиз учун намуна ҳисобланади.

- Швелидзе, Лом Али Медиев, Анатолий Малихынлардан учралган мағлубиятларнинг асосий сабаби нимада бўлган. Назаримда жисмоний тайёргарлик меёрида бўлмагандек туюлганди. Албатта, бу шахсий фикрим?

- Швелидзе билан “Титанлар жанги”финалида тўқнаш келганман. Хабарингиз бор, ушбу турнир “Gran Prix” кўринишида бўлиб, ҳар куни жанг ўтказишга тўғри келганди. Швелидзе 32 ёш мен эса 18 ёшда эдим. Бироз тажриба ҳам етишмаган. Қолаверса, ярим финалда Александр Столяров билан тўқнашувда унинг бош қисмига зарба йўллаганман. Айнан ўша зарба ноқулай кетиб, қўлимдан жиддий жароҳат олгандим. Лом Али билан бўлган бахсда очиғи унинг кучига етарли бахо бера олмадим. Бу менинг хатоим эди. Мазкур хато  ҳозирги  кунга қадар қийнаб келади. Малихын билан ҳам финалда учрашган эдик. Финалга қадар, уч нафар  украиналик, қозоғистонлик ва қирғизистонлик рақибларимни мағлуб этгандим. Бу жангда ўзимни мағлубиятга учрадим деб ўйламайман. Бу шунчаки ҳакамларнинг хатоси бўлган.

- Кучли томонингиз “Партер” ҳисобланади. Балки, оёқ-қўл билан ишлашни ҳам мукаммал холатга келтириш керакдир?

- Тўғри айтдингиз. Бу борада машғулотларда қаттиқ мехнат қилмоқдаман.

- Айтингчи, “UFC” даги Даниэл Кормье, Стипе Миочич, Франсиско Нганну, Кейн Веласкес ёки “Беллатор”даги  Раян Бейдер, Метт Митрион, Фёдор Емельяненко, Рой Нелсон уларнинг қай бирлари билан жангда имкониятим бор деб ўйлайсиз?

- Уларнинг кучига, маҳоратига шубха йўқ. Лекин фақатгина жангларини томоша қилиб, бирор фикр билдириш қийин деб ўйлайман. Қачонки, улар билан куч синашиб кўрганимдан кейин бирор бир хулосани айтишим мумкин бўлса керак.

-  Агар, реал фикрлайдиган бўлсак, юқорида санаб ўтганларимиз билан жанг ўтказишнинг ҳозирги кунда деярли имконияти йўқ. Лекин Александр Емеляненко, Алексей Олейник, Иван Штирковлар билан октагонда учрашиш имконияти бор деб ўйлайман. Балки сизнинг карьерангизга мана шундай “Катта жанглар” керакдир?

- Мураббийим Нодиршох Қодиров “Ҳар ишнинг ўз вақти бор”- дейди. Унга тўла ишонаман ва албатта шундай жангларда иштирок этаман.

азамат2

- ММА бу ўзига хос бизнес. Маълумки, чемпионлар билан жанг ўтказиш учун рейтинг очколари керак бўлади. Бақувват промоушенларга эхтиёж сезилади. Лекин ҳозирги кунда “Пиар, реклама деган нарсалар ҳам бор. Мисол учун, япониялик кикбоксчи Теншина  Нацукава Флойд Мейвезерни жанга чорлади ва бу амалга ошди. Балки, “Катта жанглар”да иштирок этиш учун шундай йўл тутиш лозимдир?

- Очиғи, бундай нарсаларни хушламайман. Ахир, биз ўзбекмиз. Бизга бундай ишлар ярашмайди. Бизнинг хақиқий ғалабаларимиз, қилаётган амалларимиз, ишларимизнинг ўзи бу битта “Пиар” ҳисобланади. Қолаверса, ММА да Осиё чемпионати ғолиби бўлдим. Бу борада янглишмасам биринчи ўзбек чемпиони бўлдим. Жаҳон чемпионати финалчисига айландим. Демак менга бундай ишларни кераги йўқ назаримда.

Аҳмадбек ЭШМАТОВ сухбатлашди.

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!