"Мўминжоновни йил охиригача қолса керак деб ўйлагандим, бошида кучли учликка кирамиз дедик, аммо ўхшамади, энди эса..." - "Нефтчи" сардори янги мураббий ҳақида нима дейди?

Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси таркибида ёзги селекцияда ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Ҳозирданоқ бир қатор ўйинчилар тарк этди ва бу ҳол яна давом этиши мумкин.

Албатта, янги ўйинчилар ҳам қўшилади. Биринчи даврадаги таркиб ҳам чакки эмасдию, бироқ натижа кўнгилдагидек чиқмади. Жамоа сардори ва етакчиси Лутфулла Тўраев учун ҳам мавсумнинг дастлабки қисми кутилганидан ўтмади. Чунки мавсум бошларида жароҳат олиб анча вақтга сафдан чиқди ва биринчи давра охирларида сафга қайтди.

Жамоа мураббий алмашинувига четдан кўпчиликнинг фикри турлича бўляпти. Бундай вазиятда жамоа сардорининг бу масаладаги муносабати ҳам муҳим эди.

- “Нефтчи”да яна жиддий ўзгаришлар юз берди. Жамоа сардори сифатида бундай ўзгаришларни кутганмидингиз?

- Авваламбор, барча юртдошларимизни Қурбон ҳайит байрами билан табриклайман. Ҳаммага соғлик тилайман. Саволингизга келсак, буни кутмагандим. Охирги ўйиндан кейин ҳаммаси жуда тез юз берди. Илҳом Мўминжоновни ҳеч бўлмаганда йил охиригача қолса керак, деб ўйлагандим.

лути4

- Жамоангизнинг биринчи даврадаги иштироки юзасидан нималар айта оласиз?

- Жадвалдаги ўрнимиздан кўнглимиз тўлгани йўқ. Албатта, кўрсатган ўйинимиздан ҳам қониқиш ҳосил қилмадик. Бунинг учун сабаблар кўп бўлди. Айниқса, жароҳат олган футболчилар кўпайиб кетди. Гапираман десак, сабаблари етарлича топилади.

- Мўминжонов истеъфога чиқарилганидан кейин бу хусусида ўзи билан гаплашдингизми?

- Ҳа, Илҳом ака истеъфога чиққанидан сўнг гаплашдим. Ҳаракат қилинглар, деб бизга омад тилади.

лути

- Бош мураббий ўзгаришига қандай муносабатда бўлдингиз? Масалан, кетгани икки томонга ҳам яхши бўлдими ёки охиригача қолиши керакмиди?

- Айтдим-ку, ҳаммаси тез бўлиб кетди. Мавсум охирига қадар ишласа керак, деб ўйлаб юргандим.

- Унинг ўрнига келган Виталий Левченко билан гаплашдингизми? Бунгача у ҳақида нималарни билардингиз?

- Тожикистонда ишлаганини биламан. Клуби билан Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этди ва бизнинг жамоаларимизга қарши ҳам ўйнади. Ана шундай учрашувлар орқали таниганман, аммо шахсан билмасдим. Энди аста-секин машғулотлар орқали яқиндан танишиб оламиз.

лути1

- Демоқчиманки, бош мураббий билан яккама-якка гаплашиб олдингизми?

- Гаплашдик. Ҳозирча машғулотлар бўйича суҳбатлашдик. Икки маҳалдан шуғулланамиз, жиддий ишлаймиз, деди ва асосан шу мазмунда ўзаро гаплашдик.

- Ушбу ўзгариш клубга қанчалик фойда келтиради, деб ўйлайсиз?

- Буни вақт кўрсатади. Ҳозирдан аниқ ҳеч ким айта олмайди. Йилнинг бошида ҳам кучли учталикка кирамиз дедик, аммо ўхшамади. Энди эса ҳозир ҳам бирор нима десак ўхшамай қолиши мумкин. Шунинг учун ҳамма нарсани вақт кўрсатади.

лути2

- Таркиб масаласида ҳам ўзгаришлар кузатиляпти. Бу борада режангиз қандай? Клубда қоласизми ёки кетиш ҳақида ўйлаяпсизми?

- Йил охиригача шартномам бор, ҳозирча шу ердамиз.

- Фарғоналик мухлисларга айтадиган гапингиз борми?

- Мухлислар ишончини оқлай олмадик. Турнир жадвалидаги ўрнимиз ҳам айтиб турибди. Иккинчи даврада кучайтириб, “Нефтчи” ишқибозларини хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!