МОҚ Осиё ўйинларида иштирок этаётган спортчиларимизни рухлантиришда давом этади

Шу кунгача ўйинларнинг ўн бир куни ортда қолди. Ҳамюртларимиз мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келишмоқда.

Сир эмаски, Осиё ўйинарида миллий спортимиз ҳисобланган кураш бўйича беллашувлар илк маротаба ташкил этилди. Унда иштирок этаётган ўзбекистонлик спортчилар икки кун ичида тўққизта медаль, жумладан 4та олтин, 1та кумуш ва 4та бронза медалларига эга чиқишди. Эртанги кун баҳсларида яна 2та вазн тоифасида 4 нафар полвонимиз медаллар учун кураш олиб боришади.

Шунингдек, боксчиларимиз ҳам йўқотишларсиз совринли ўринлар учун курашни давом эттиришмоқда. Бугун якунланган чорак финал жангларидан сўнг чарм қўлқоп усталаримизнинг барчаси шоҳсупадан ўрин эгаллаши аниқ бўлди.

Қолаверса, бугун дзюдочиларимиз Осиё ўйинларидаги иштирокларини муваффақиятли бошлашди. Диёрбек Ўрозбоев дзюдо бўйича баҳсларнинг олтин медалига сазовор бўлди.

Ўз навбатида Миллий олимпия қўмитаси юқорида қайд этилган спорт турларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган ҳамюртларимизни руҳлантириш, уларнинг кайфиятини кўтариш мақсадида махсус тайёрланган эксклюзив соатларни уларга тақдим этди. Ўз навбатида махсус қўл соатлари спортчиларимизга манзур келди.

Эслатиб ўтамиз, Осиё ўйинларининг 11 куни якунларига кўра, ўзбекистонлик спортчилар 45та медалга эга бўлиб туришибди. Олдинда яна уч кун борлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу сон янада ортиши аниқ.