МОҚга белгиялик таниқли спорт шарҳловчиси ва ФИФА агенти ташриф буюрди

Бугун Европада ўз ўрнига эга бўлган бельгиялик таниқли спорт шарҳловчиси ва ФИФА агенти Пьер Мигиша Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Меҳмонни Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов кутиб олди, дея хабар бермоқда МОҚ матбуот хизмати.

Хорижлик мутахассис спортимизда олиб борилаётган ислоҳатларни юқори баҳолаб, ўзининг илиқ фикрларини билдириб ўтди.

Бир Олимпиадада 13 та медаль олиш ҳар қандай давлатга ҳам эмас. Сўнгги Олимпиадада сизлар эришган бундай натижа Ўзбекистонда спортнинг юксак ривожланаётганидан далолат беради. Футбол терма жамоангиз ҳам ўз ўрнига эга. Ўйлайманки, ЖЧга чиқишда бироз халқаро тажриба етишмаяпти. Умуман келишимдан мақсад ҳам шу – Ўзбекистонда йирик спорт тадбирларини ўтказишда, футбол бўйича терма жамоангизнинг катта жамоалар билан ўртоқлик учрашувларини ташкил қилишда ёрдам бериш. Қолаверса, жаҳон спорти юлдузлари билан учрашувлар ташкил қилиш, турли спорт бўйича мураббийлар учун семинарлар ва ўқув-дастурларини уюштиришдаги тажрибамни ҳам улашмоқчиман”, – деди Пьер Мигиша.

Шу ўринда МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов ҳам меҳмоннинг яхши ниятда ўз хизматларини таклиф этаётгани учун миннатдорчилик билдириб ўтди.

Аввало, юртимиз спортига бўлган қизиқишингиздан хурсандмиз. Дарҳақиқат, футбол ҳақида тўхталадиган бўлсак, икки кун муқаддам бизнинг ОТЖ Токио Олимпадасига йўлланма берувчи Осиё чемпионатининг финал босқичига чиқди. Футболни янада ривожлантириш учун кўплаб миллий федерациялар билан ҳамкорлик олиб бормоқдамиз. Бу борада Испания қироллик футбол федерацияси, Қатар футбол ассоциациялари билан меморандум имзоланган. Кўҳна қитъанинг бошқа мамлакатлари билан алоқаларни яхшилаш ва бундай келишувларга тезроқ эришиш учун сизнинг ёрдамингиз ас қотади, албатта”, – деди Жасур Матчанов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!