Моуриньо ўзи хафа қилган Мхитарян билан ярашди
“Рома” жамоа бош мураббийлигига Жозе Моуриньони таклиф қилганидан хабарингиз бор. Бу хабар римликларнинг арманистонлик ярим ҳимоячиси Генрих Мхитарянга ёқмаган эди. Сабаби Генрих “Манчестер Юнайтед” шарафини ҳимоя қилган даврда ўша пайтда манчестерликларни бошқарган португалиялик мураббий билан уришиб қолганди.
Ўшанда Мхитарян мураббийнинг танқидини кўтара олмаганди. Жозе уни захирага михлаб қўйди. Натижада Генрих Манчестерни тарк этишга мажбур бўлганди.
Аслида Моуриньо борган жойида етакчи футболчилар билан чиқиша олмаслиги айни ҳақиқат. Сўнгги иш жойи – “Тоттенхэм”да ҳам Деле Алли, Танги Ндомбеле каби машҳур футболчилар билан муносабати бузилган эди. Лондон клубидан истеъфога чиқишининг сабабларидан бири айнан жамоа етакчилари билан тил топиша олмаганидир.
Моуриньо келишини эшитган Мхитарян “Рома”ни тарк этиш пайига тушиб қолди. Бироқ, клуб раҳбарияти асосий ўйинчиларидан бирига рухсат бермади.
Муаммони Моуриньо билан учрашув ҳал қилди. Жозе Генрих жамоа учун муҳим ўйинчи эканини тан олди.
Фикрлар