Моуриньо Шомуродовга яна бир имкон берадиган бўлди, кейин эса...
“Рома” футболчилари айни пайтда Жозе Моуриньо томонидан эълон қилинган таътилда ҳордиқ чиқармоқда.
Қарийб икки ҳафталик таътилдан кейин ўйинчилар клуб қароргоҳида йиғилиб, жорий йилдаги сўнгги ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун Португалияга йўл олади.
Жозе Моуриньо таркибдаги ўзгаришларни айнан ўз юртидаги йиғинда амалга ошириши одат тусига кирган. Ёзда ҳам шундай бўлган эди. Трансферлар ойнаси вақтида Элдор Шомуродовни клубда қолишга кўндирган бош мураббий мавсумолдидан Португалияда ташкил қилинган йиғинда ўзбек футболчисининг ҳаракатларидан қониқмаганини айтиб, уни захирага михлаб қўйганди.
Элдор Шомуродов шундан бери асосий таркибга киритилмаяпти. Ҳозир ҳам худди ёздагидек ўзбек ҳужумчисининг клубдан кетиши ҳақидаги хабарлар тинимсиз эълон қилинмоқда.
Италиянинг энг нуфузли нашри La Gazzetta dello Sport газетасининг ёзишича, Жозе Моуриньо Элдор Шомуродов масаласини яна Португалиядаги йиғинда ўйлаб кўришга қарор қилган. Легионеримиз Япония ташкил этилган иккита ўртоқлик учрашувида қатнашганди. “Йокогама Маринос”га қарши иккинчи баҳсда тўп киритиб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.
Шу боис, Жозе Моуриньо балки унга яна имконият бериш кераклигини Португалиядаги ўртоқлик ўйинларида яна бир бор синаб кўрмоқчидек туюлмоқда.
Португалиянинг Алгавре шаҳридаги базада “Рома” футболчилари техник, тактик, жисмоний тайёргарлик машғулотларидан ташқари, ўйин амалиётини яхшилаш учун учта ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.
Бу беллашувларда футболчилар Жозе Моуриньо бошчилигидаги мураббийлар штаби вакилларига расмий учрашувларга тайёр эканликларини намойиш қилиб беришлари талаб қилинади.
“Рома” биринчи бўлиб, 16 декабрь куни Испания чемпионати вакили “Кадис” футболчилари билан куч синашади.
Иккинчи ўртоқлик баҳси Португалиянинг маҳаллий “Каса Пиа” жамоасига қарши ўтказилади.
Бир ҳафталик йиғиннинг охирги ўртоқлик учрашуви мавсумнинг иккинчи қисмига Португалияда ҳозирлик кўраётган Нидерландиянинг “Ваалвейк” клубига қарши ташкил этилади.
Италия матбуоти агар Элдор Шомуродов бу йиғинда Жозе Моуриньонинг фикрини ўзгартира олмаса, спорт директори Тьягу Пинто унга харидор бўлаётган клублар билан музокара бошлашини ёзмоқда.
Манбаларнинг таъкидлашича, Элдорга “Монца”, “Кремонезе”, “Сампдория”, “Торино”, “Болонья”, “Специя” каби клублар шартнома беришга тайёр. Тьягу Пинто биринчилардан бўлиб “Сампдория” билан музокара қилишни режалаштирмоқда. Иккинчи вариант сифатида Шомуродовга анчадан бери қизиқиб келаётган “Торино” тилга олинмоқда.
Шомуродовнинг ўзи яқинда А Серия аутсайдерларидан бири – “Крамонезе” жамоаси таклифини қабул қилмаган эди.
Ўзбекистонлик футболчи “Ювентус” воқеаларини танқид қилди
Фикрлар