Моуриньо “Ювентус”га қарши ўйинда Шомуродовга суянишига тўғри келади, чунки...
А Сериянинг саккизинчи турида “Рома”ни жиддий синов кутмоқда. Жозе Моуриньо шогирдлари 17 октябрга белгиланган учрашувда Туринда “Ювентус” меҳмони бўлади.
“Ювентус” Рим клубининг Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашдаги тўғридан-тўғри рақобатчиси ҳисобланади. Гарчи Массимилиано Аллегри шогирдлари мавсумни анча бўш бошлаган бўлса-да, секин-аста ўз ўйинини топиб бормоқда ва ҳозирдан юқори ўринларга даъвогарлик қилмоқда.
“Рома” мавсумни зўр бошлади. Кетма-кет ғалабалардан сўнг, Моуриньо шогирдлари миллий чемпионатда “Верона” ва “Лацио”га бир хил – 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қимматли очколарни йўқотди.
Римликлар ўзларидан юқорида турган “Наполи”, “Милан”, “Интер” очколар ҳисобидаги фарқда янада илгарилаб кетмаслиги учун Туриндаги учрашувда ижобий натижа қайд этиши талаб қилинади.
Бироқ, бўлажак баҳс олдидан Жозе Моуриньонинг кайфияти бузилди. Бош мураббий иккита нохуш хабарга дуч келди. Биринчидан, португалиялик мутахассиснинг энг яхши кўрган ҳужумчиси Тэмми Абрахам Англия терма жамоаси таркибида жароҳат олди.
2022 йилги жаҳон чемпионатининг саралаш турнири доирасида Тэмми Абрахам Албанияга қарши ўтказилган учрашувда терма жамоага қайтганини гол билан нишонлаган эди. Бироқ, кейинги турда Венгрия билан баҳсда истеъдодли ҳужумчи иккинчи бўлимда захирадан ўйинга қўшилди ва жароҳати туфайли беллашувни якунлай олмади.
Қизиғи, Жозе Моуриньо Тэмми Абрахамнинг Англия терма жамоасида ўйнаши тарафдори эди ва бош мураббий Гарет Саутгейтга бу ҳужумчидан фойдаланишни тавсия қилган эди.
La Gazzetta dello Sport нашрининг ёзилишича, “Рома” тиббиёт бўлимлари ходимлари дарҳол Англия терма жамоасидаги ҳамкасблари билан боғланиб, 24 ёшли ҳужумчининг аҳволи ва жароҳати даражаси билан қизиққан. Маълумотларга қараганда, Абрахам Римдаги Villa Stuart клиникасида чуқурлаштирилган текширувдан ўтказилади ва шундан сўнг жароҳатининг даражасига ойдинлик қиритилади.
Шунга қарамай, мутахассислар ҳозирдан “Рома”нинг асосий ҳужумчиси “Ювентус” билан бўладиган ўйинни ўтказиб юбориши эҳтимоли катта эканини таъкидламоқда. Агар шундай бўлиб чиқса, туринликларга қарши баҳсда марказий ҳужумчи вазифасини бажаришга асосий номзод Элдор Шомуродов бўлади. Моуриньо катта эҳтимол билан ўзбек футболчисига суянади. Қолаверса, бу легионеримиз учун жуда яхши имконият. Голсиз сериясига барҳам бера олмаётган Шомуродов кучли клубларга қарши ўйинларда салоҳиятини намойиш қилиш орқали ўзига бўлган эътиборни қайтариб олиши керак.
Элдорнинг ўзи икки ҳафта давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғинида иштирок этиб, Малайзия ва Иордания билан бўлган халқаро ўртоқлик учрашувларда қатнашди. Бироқ, Элдор бу баҳсларда ўзини кўрсата олгани йўқ. Шомуродов терма жамоа таркибида ўз имкониятидан паст даражада ўйнагандек кўринди.
Моуриньони хавотирга солган иккинчи хабар жамоа етакчиси Лоренцо Пеллегринига тегишли. Рим клуби ғалабаларига катта ҳисса қўшиб келаётган сардорнинг иситмаси кўтарилиб кетгани аниқланди. Тиббиёт ходимлари дарҳол уни коронавирусга текширишди. Тестлар манфий натижа берди.
Хабарларга қараганда, шамоллаш туфайли Пеллегрини ҳам Туриндаги учрашувда қатнашиши сўроқ остида қолмоқда. Жозе Моуриньо эса муҳим беллашув олдидан катта йўқотишларнинг ўрнини тўлдириши керак бўлади.
“Ювентус” – “Рома” учрашуви 17 октябрь куни Тошкент вақти билан 23:45 да бошланади.
Фикрлар
(БУ СУНГИ ИМКОН БУЛИШИ МУМКИН.!.?.!.