Мўйноқ ёш полвонлар баҳсига мезбонлик қилди
Жорий йилнинг 16–19 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани белбоғли кураш бўйича кичик ўсмирлар (U13) ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатига мезбонлик қилди.

Ўзбекистон Республикаси спорт вазирлиги ҳамда Республика белбоғли кураш федерациясининг йиллик- тақвим режасидаги ушбу мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва мамлакатимизнинг барча вилоятларидан 300 нафарга яқин иқтидорли ёш полвонлар иштирок этди.
Чемпионатнинг тантанали очилиш маросими юқори савияда ташкил этилди. Унда иштирок этган мутасаддилар мусобақа иштирокчиларини қутлаб, омад тилашди. Шундан сўнг беллашувларга старт берилди.

Мусобақада ўғил болалар белбоғли курашнинг эркин ва классик йўналишлари бўйича 13 та вазн тоифасида, қизлар эса эркин йўналиш бўйича 9 та вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб боришди. Тўрт кун давом этган қизғин ва муросасиз баҳсларда ёш полвонлар ўзларининг юқори тайёргарлиги, маҳорати ҳамда ғалабага бўлган интилишларини намоён этдишди.
Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида Андижон жамоаси чемпионликни қўлга киритди. Иккинчи ўринни Наманган вилояти жамоаси эгаллаган бўлса, Фарғона вилояти ҳамда Қорақалпоғистон жамоаси учинчи ўринга муносиб, деб топилди.

Чемпионат якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Мазкур мусобақа ёшлар ўртасида белбоғли курашни янада оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва уларнинг спорт маҳоратини оширишга хизмат қилди.
Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади.

Фикрлар