Муҳаммад Салоҳ “Челси”га қайтсин!

“Челси” тарихидаги энг зўр ҳужумчилардан бири Дидье Дрогба “Ливерпуль” тўпурари Муҳаммад Салоҳни “аристократлар” сафига қайтишга чақирди.

Мисрлик ҳужумчи жорий мавсумни ҳам юқори савияда ўтказмоқда. У Англия премьер-лигаси ва Чемпионлар лигасида 17 та тўп киритишга эришди. Шунга қарамай, моҳир ҳужумчи ливерпулликлар билан янги битим бўйича келиша олмаяпти.

Шартномаси 2023 йилгача давом этадиган Муҳаммад Салоҳ бошқа жамоага ўтиши мумкинлигини ҳам яширмаяпти.

Дидье Дрогба уни “Челси”да ўз кучини синаб кўришга чақиряпти.

- Мен Муҳаммад Салоҳга “Ливерпуль”дан кетиб, “Челси”га қайтишини айтган бўлардим. У “Ливерпуль”да қолса ҳам, кетса ҳам энг зўр ўйинчи бўлиб қолаверади. У билан ҳар қандай жамоа яхши ўйнаб кетади. Чунки Муҳаммад нима қилишни яхши билади, гол уриш ва голли вазият яратишда беназир. Унга мураббийнинг ишончи бўлса, шунинг ўзи етарли.

Унинг қандай қарорга келишини билмайман. Бу унинг иши ва келажагига боғлиқ масаладир. Мен эса, унинг мухлиси бўлиб қолавераман, - деди Дидье Дрогба.

Эслатиб ўтамиз, Муҳаммад Салоҳ 2014-2016 йиллар давомида “Челси “ футболчиси ҳисобланган. Бироқ, ҳозир “Рома”ни бошқараётган Жозе Моуриньо мисрлик  ҳужумчига ўзини кўрсатиши учун имкон бермаган.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!