Муҳаммад Салоҳ “Ливерпуль”ни тарк этиши кутиляпти
“Ливерпуль” тўпурари Муҳаммад Салоҳ янги чемпионатда ўтган мавсумлардагидек ёрқин ўйин кўрсата олмаяпти. Бунинг ортидан футбол манбалари мисрлик ҳужумчининг Саудия Арабистонига кўчиб ўтиши ҳақида яна хабар тарқатмоқда.
Хусусан, TBR Football нашри маълумотларига кўра, Муҳаммад Салоҳда Саудиядан келган таклиф ҳануз ўз кучига эга. Шайхлар 33 ёшли футболчига йилига тахминан 150 миллион фунт стерлинг (170 миллион евро) маош ва клуб улушидан фойда олиш ҳуқуқини таклиф қилмоқда.
Манбалар Муҳаммад Салоҳни олмоқчи бўлаётган клублар номини келтиргани йўқ. Бироқ мисрлик футболчини мамлакатнинг энг бадавлат жамоаларигина қўлга кирита олади.
Мисрнинг “Ал-Маковун” клуби тарбияланувчиси бўлган Салоҳ фаолияти давомида Европада “”Базель”, “Челси”, “Фиорентина”, “Рома” клубларида ҳам тўп тепган.
Унинг юлдузли онлари 2017 йилда Римдан “Ливерпуль”га ўтганидан кейин бошланди. Таниқли ҳужумчи “қизиллар” сафида клублар миқёсидаги барча нуфузли турнирларда ғолиб чиққан.



Фикрлар