Муҳаммадиевнинг йўқлиги футболчиларга қанчалик таъсир кўрсатяпти? Ёрдамчи мураббий "Бухоро"даги вазият ҳақида гапирди

Coca-Cola Суперлиганинг 4-турига ҳам саноқли кунлар қолди. Барча жамоалар эса бўлажак ўйинларга ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда тайёргарлик кўрмоқда. Бироқ ҳали ҳам муаммолари туфайли кўнгилдагидек шуғуллана олмаётган клублар ҳам йўқ эмас.

Бу борада гап кетганда аввало “Бухоро”ни тилга олиш жоиз. Аввал ҳам хабар берганимиздек, жамоа устози Муҳсин Муҳаммадиев Москвадан кела олмаяпти. Легионерлари ҳам ўз юртларидан ҳали қайтишмади. Уларнинг қачон “Бухоро”га қўшилишлари номаълум.

Аниқки, “Андижон” билан учрашувда бош мураббий ҳамда легионерлар ёрдам бера олишмайди. Биз мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда Муҳаммадиев билан бир неча бор боғланишга уриниб кўрдик. Лекин Муҳсин Муслимович бизнинг мурожаатларимизга жавоб беришни истамаяпти. Балки ҳозирги ҳолатда унинг кайфияти яхши эмасдир ва журналистлар билан суҳбатлашиш унинг кўнглига сиғмаётгандир, яна ким билади дейсиз?!

Ахир “Бухоро” ўйинга бош мураббийсиз тайёрланмоқда ва бундай пайтда ҳар қандай мутахассисга ҳам осон тутиб бўлмайди. Ундай бўлса, “Бухоро”ни ким шуғуллантириб, ўйинга тайёрлаяпти, деб ўйлаётгандирсиз-а? Жамоада ёрдамчи мураббий Мирислом Ҳасанов айни пайтда барча масъулиятни зиммасига олган.

Табиийки, у “Андижон” билан ўтадиган учрашувда жамоани бошқаради. Шундай экан, “Бухоро”нинг тайёргарлиги, ҳозирги ҳолати ва бўлажак ўйин ҳақида фақат у жавоб бера оларди. Шуни ҳисобга олиб, Мирислом Ҳасанов Sports.uz учун жамоасининг бугунги ҳолати ҳақида ўз фикрларини билдирди.

-  Футболчиларнинг кайфияти қандай? Бўлажак учрашувга тайёргарлик қай тарзда кетмоқда?

-  Жамоамизда кайфият яхши, машғулотларимизни ҳам бошлаб олганмиз. Лекин ўйинга тайёрланиш учун вақт кам-да. Кунлар эса жуда тез ўтиб кетяпти. Ҳаттоки, ўртоқлик ўйини ҳам ўтказганимиз йўқ. Чунки ҳали футболчиларимиз тайёр эмас. Уларни аста-секин спорт формасига келтиряпмиз. Аммо бу у қадар қўрқинчли эмас. Насиб қилса, ўйингача йигитларни яхшироқ тайёрлашга ҳаракат қиламиз.

хасанов_1

-  Барибир клубда муаммолар етарлича. Бош мураббий ҳамда легионерлар қайтиб кела олмаяпти. Бу эса катта йўқотиш. Уларинг йўқлиги жамоадаги футболчиларга таъсир кўрсатмаяптими?

-  Ўйинчиларимиз профессионал. Ҳаммаси ўз вазифасини бажаришяпти. Қачонки, йўллар очилса, шунда улар етиб келишади. Энди эса таркибимиздаги иқтидорли ёшларга кўпроқ эътибор қаратяпмиз.

-  Машғулот жараёнлари қандай давом этяпти? Бош мураббий Муҳсин Муҳаммадиев Москвадан туриб масофавий тарзда ишни ўзи олиб боряптими ёки машғулотларни билганингизча олиб боряпсизми?

-  Муҳаммадиев билан доимий алоқадамиз. Биргаликда машғулот ўтказиш усулларини муҳокама қилиб ишлаяпмиз. У онлайн ҳолатда ҳаммасини назорат қилиб турибди.

-  “Андижон” билан ўйингача футболчилар қанчалик тайёр бўла оладилар?

-  100  фоизга бўлмасада, лекин 70-80 фоизга тайёрлашга ҳаракат қиламиз.

бухоро_1

-  Бўлажак рақибни ўрганиш ишлари қандай давом этяпти? Ҳар ҳолда ушбу учрашувда ғалаба иккала клубга ҳам жуда муҳим. Чунки “Бухоро” ҳам, “Андижон” ҳам ҳали ғалаба қозонишгани йўқ...

-  Уларда ҳам мураббий алмашган. Александр Хомяковнинг услуби бошқа эди, уники билан Виктор Кумиковнинг тактикаси фарқ қилади. Барибир ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Аммо устига-устак биз ўз майдонимизда эмас, балки Муборакдаги стадионда ўйнаймиз. Ҳозирда эса у ердаги майдон қандайлигини ҳам билмаймиз. Карантин сабабли стадионимиздаги таъмирлаш ишлари чўзилди. Энди эса сентябрь ойида майдон чимини янгилаш режалаштирилган.

-  “Бухоро” нима учун мавсумнинг дастлабки учта турини ҳам 0:3 ҳисобида ютқазди? Бундай стартни ҳеч ким кутмаганди.

-  Кўрган бўлсангиз, биз “Пахтакор”, “Локомотив” каби кучли рақибларга қарши ўйнадик. Аммо футболчиларимиз ҳам ёмон ҳаракат қилмаганди. Футболда шунақаси ҳам бўлиб туради. Шунга қарамай, иложи борича вазиятни ўнглашга ҳаракат қиламиз. Бундан ташқари, таркибимиз ўзгарган. Янги легионерларни ҳам чақирганмиз. Ҳали йигитлар бир-бирларини тўлиқ тушуниб кетишгани йўқ. Уларга ҳали вақт керак. Таркибимиз эса деярли 80 фоизга янгиланди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!