Муҳсин Низомиддинов: "Қўқон-1912"ни Суперлигага қайтариш учун ишлаяпмиз"
Ўзбекистон Кубоги 2-туридан ўрин олган «Машъал» — «Қўқон-1912» (3:2) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Муҳсинжон Низомиддинов матбуот анжуманида иштирок этди.
Ўйин ҳақида
- Яхши ўйин бўлди. Икки томон ҳам ғалаба учун ҳаракат қилди. Натижа «Машъал» томонида бўлди.
- Сиз бугунги ўйин қайдномасида техник директор сифатида кўрсатилдингиз. Жамоада бош мураббий йўқми?
- Бош мураббий борасида анчайин изландик. Раҳбариятнинг сўнги қарори билан бош мураббийлик вазифаси менга ишониб топширилди. Мақсад сари интилишда ҳаракат қиламиз.
- Бугун «Машъал» бир киши кам бўлиб жамоангизни мағлуб этди. Гуруҳдаги вазиятни қандай баҳолайсиз?
- Мен мураббий сифатида жамоадан ҳар бир ўйинда ғалаба хоҳлайман. Бу борада ишлаяпмиз. Кўрдинглар, оз бўлсада, шунча йўл босиб, Қўқондан келиб, бизга мухлислик қилишяпти. Ҳар доим улар учун ҳаракат қилишимиз керак. «Сурхон» билан ўйинга ҳам фақат ғалаба учун майдонга чиқамиз. Биз учун рақибнинг аҳамияти йўқ. Масалан, «Насаф» билан ҳам йигитлар ёмон ҳаракат қилишмади.
- Жамоа олдидаги мақсад қандай?
- Бугун ютқазганимиз жамоа олдида мақсад йўқлигини англатмайди. «Қўқон-1912»ни Суперлигага қайтариш учун ишлаяпмиз. Бугун кўп футболчиларни кўриб олдим. Ёш ёки тажрибали футболчи, биз ҳамманинг имкониятларини чамалаб олишимиз керак. Кимдир ўйнамаяпти, кейин ўйнаб кетади. Мақсадимиз юқори, шу вазифа йўлида интиламиз. Ҳеч кимдан кам жойимиз йўқ.
"ҚЎқон-1912" матбуот хизмати.
Фикрлар