Мужибулло Турсунов нега профессионал боксда фаолият бошлашга қарор қилди? Абдувоҳид Жалолов жавоб берди

  • 6 август, 2022, 16:59
  • 0
  • Бокс

Хабарингиз бор, 13 август куни Lift промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилаётган профессионал бокс оқшомида бир қатор юртимизнинг истеъдодли чармқўлқоп усталари рингга кўтарилади. Улар орасида умидли вакилларимиздан бири Мужибулло Турсунов ҳам дебют жангини ўтказиши кўзда тутилган. Албатта, Мужибуллонинг ҳали ҳаваскор боксда эришадиган натижалари бисёр, бироқ у профессионал боксда ҳам ўз юришини бошламоқчи...

Бунга нима сабаб бўлганлиги, бир вақтда ҳаваскор ҳамда профессионал йўналишда ҳаракат қилиши унинг фаолиятига салбий таъсири ҳақидаги саволларга мураббийи Абдувоҳид Жалоловдан жавоб олдик. 

- Биз ушбу промоутерлик клуби билан шартнома имзолаганимиз йўқ. Бизга ушбу кечада жанг қилиб беришимизни сўрашди. Чунки, Мужибуллони юртимизда мухлислар яхши билишади. Эҳтимол, шунинг учун ҳам таклиф этишгандир. Бизда вақт борлиги учун битта жангга рози бўлдик. Болгариядаги турнирдаги иштирок, ундан кейин Қозоғистонда 2 та жанг ўтказдик. Шундан бери мана орадан 2 ой ўтяпти, мусобақаларда иштирок этмаяпти. Кувайтдаги мусобақада танаффус қилдик. Яқинда бўладиган Грознийдаги Аҳмад Хожи Қодиров хотира турнирида ҳам иштирок этмайди. Орадаги 3 ойлик танаффусни тўлдириш ва жанговар ҳолатни яхшилаш мақсадида ушбу жангни ўтказишга рози бўлдик. Профессионал боксга тўлақонли равишда ўтиш ниятида эмасмиз. Қачонки, яхши таклиф бўлса, Баҳодир Жалоловни йўлини тутган ҳолда, ҳар икки йўналишни бир вақтда олиб кетишимиз мумкин. Аслида, боксчиларнинг маълум бир йил мобайнида профессионал боксда ҳаракат қилиб, яна ҳаваскорга қайтишига мутлақо қаршиман. 

Ҳозирча, Мужибуллони ҳаваскор боксда "Странжа" турниридан бошқа ютуғи йўқ. Мақсадимиз олдимизда турган жаҳон чемпионати, Олимпиая ўйинларида яхши натижа қайд этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишдир. Бу қайсидир маънода профессионал бокс оламидаги менежерларни эътиборини тортиш, гонорар борасида ҳам яхши таклифларга замин яратади. Ана ўшанда фаолиятимизни буткул профессионал боксга қаратамиз.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!