Мундиал дебютантлари иштирокидаги ўйинлар зерикарли бўлади?! Каррагерга эътирозларимиз бор (2-қисм)

  • 18 октября, 16:02
  • Muhammadqodir Ruzmatov
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

ФИФА Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган жамоалар сонини 48 тага етказди. Бунга асосий сабаб — географик жиҳатдан мусобақани кенгайтириш ҳамда Африка, Осиё ва Шимолий Америкадаги футболга бўлган юқори қизиқишдир.

Tecno

Масалан, Марказий Осиёдан фақат Ўзбекистон мундиалга йўлланмани қўлга киритди, бироқ унинг ўйинларини қўшни давлатлар — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон мухлислари ҳам интиқлик билан кузатади. Худди шундай ҳолатни Иордания ёки Кабо-Верде мисолида ҳам кузатиш мумкин.

Шунингдек, Марокаш 2022 йилги Жаҳон чемпионатида ярим финалга чиқиб, тарих ёзди — Африкадан бундай натижага эришган илк жамоа бўлди. Уларнинг ўйинларини бутун дунё бўйлаб 200 миллиондан ортиқ томошабин кузатган. Бу эса Африкадаги жамоаларнинг ўйинларига Европa ва бошқа қитъалардаги футбол ишқибозлари ҳам катта қизиқиш билдираётганини кўрсатади.

Саудия Арабистонининг Аргентина (2:1) устидан қозонган ғалабаси эса футбол тарихидаги энг катта сенсацияларнинг бири сифатида эсда қолди. Ушбу ўйин 100 дан ортиқ мамлакатда трендга айланган эди.

Демак, янги жамоалар — хусусан Ўзбекистон, Кабо-Верде ва Йордания — келажакда шундай кутилмаган натижаларни қайд этиши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун ҳам “сюрприз” терма жамоаларнинг учрашувлари футбол оламида эътибордан четда қолмайди. Натижалар ўзини кўрсатган пайтда Каррагернинг “бундай ўйинларни фақат ақлдан озганлар томоша қилади” деган сўзи ўзи кулгили туюлади.

Қуйидаги рақамлар эса жаҳон чемпионатларига бўлган қизиқиш йилдан-йилга ортиб бораётганини кўрсатади:

2022, Қатар — ҳар бир ўйинни ўртача 175 миллион киши кўрган; финални эса 1,42 миллиард томошабин кузатган. (FIFA)

2018, Россия — ҳар бир ўйинни ўртача 191 миллион киши, финални эса 1,12 миллиард киши томоша қилган. (FIFA)

2014, Бразилия — ҳар бир ўйинни ўртача 186,7 миллион киши, финални эса 1,01 миллиард киши кўрган. (ESPN.com)

Бу рақамларнинг ўсиб бориши, “ҳеч ким интиқлик билан кутмайди” деб ҳисобланган ўйинлар ҳам аслида катта аудиторияни ўзига тортayotganини исботлайди.

“Футбол ватани”, аммо...

Англия терма жамоаси охирги марта жаҳон чемпионатининг бош совринини 1966-йилда ютган. “Футбол ватани” саналган мамлакат учун бу, шубҳасиз, салбий статистика.

1990 йилдан буён Англия саккиз марта йирик турнирлар — жаҳон чемпионати ёки Европa чемпионати ярим финал босқичига чиққан. Улардан иккитасида — “Евро-2020” (2021-йилда ўтказилган) ва “Евро-2024” мусобақаларида финалга чиқишга муваффақ бўлган. Бироқ иккала финалда ҳам Англия мағлубиятга учради: дастлаб Италияга, сўнгра Испанияга қарши.

Мутахассислар “уч шерлар”нинг олтин даври дейишганда Жеррард, Лэмпард, Бекхэм, Руни ва Терри каби юлдузларни эслайди. Аммо бу таркиб ҳам кутилган натижаларни бера олмади — “олтин авлод”дан футбол тарихига фақат чиройли интервьюлар ва реклама суратигина қолди, холос.

2022 йил Қатардаги Жаҳон чемпионатида эса Англия Францияга имкониятни бой берди. Албатта, бу натижалар айрим жамоалар учун яхши кўринар, аммо Англия каби “гигантлар” учун бундай ҳолат — мағлубият сифатида қабул қилинади.

Жейми Каррагернинг ўзи эса 2006 ва 2010 йиллардаги мундиаларда Англия терма жамоаси сафида бор-йўғи 6 та ўйинда майдонга тушиб, 299 дақиқа ўйнаган ва 3 та сариқ карточка олган.

Хулоса

Майдонда тўп ва футболчилар бор экан, футболга бўлган қизиқиш асло ўлмайди.

 

Рузматов Муҳаммадқодир
                                                                                                                                                 

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию