“Челси” фанатлари Ҳусановни кечира олмаяпти!

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Англиялик мухлислар ўзбекистонлик ҳимоячи сабаб баҳслашмоқда: Ҳусанов Англия кубоги финалининг бош қаҳрамонига айланди.

“Манчестер Сити” Англия кубоги финалида “Челси”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, мавсумдаги иккинчи совринини қўлга киритди. Март ойида Пеп Гвардиола жамоаси Англия лигаси кубогида ҳам ғолиб бўлган эди.

Англия кубоги финалида “Манчестер Сити” учрашувнинг катта қисмида яхшироқ ўйнади ва таркибдаги энг кўзга кўринган футболчилардан бири ўзбекистонлик марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов бўлди.

Бироқ айрим футбол экспертлари ва айниқса, “Челси” мухлисларида 22 ёшли футболчига нисбатан кўплаб эътирозлар авжига чиқмоқда. Чунки Ҳусанов бир неча бор жарима майдонида қоидабузарлик чегарасида ўйнади.

“Манчестер Сити” кўп жиҳатдан Марк Гехи ва Абдуқодир Ҳусановдан иборат марказий ҳимоя тандемининг ажойиб ўйини туфайли гол ўтказмади.

Ўзбекистонлик футболчи баҳсни битта тўп олиб қўйиш (100 фоиз муваффақият), битта тўпни эгаллаб олиш ва етти марта тўпни узоқлаштириш каби статистик натижалар билан якунлади. Бу кўрсаткич бўйича у Гехи билан бирга ўйиндаги энг яхши натижани қайд этди.

Ҳусанов иштирок этган айрим эпизодлар эса “Манчестер Сити” мухлисларини ҳайратга солган бўлса, “Челси” фанатларини жумбушга келтирди.

Масалан, биринчи бўлим ўрталарида Ҳусанов жарима майдонига ёриб кираётган Жоао Педрога қарши танасининг елка қисми билан жуда кучли зарба берди. “Челси” ҳужумчиси ўта хавфли позицияга чиқиб бораётганди, аммо зарба бериш олдидан сўнгги тўсиқдан ўта олмади.

Лондонлик футболчилар Абдуқодирнинг қаттиқ ҳаракатидан норози бўлиб, пенальти талаб қилишди, аммо бош ҳакам Даррен Инглэнд бу ҳолатда қоидабузарлик кўрмади.

Бу вазият бўйича мухлислар фикри иккига бўлинди.

Кимдир бу тўқнашувни “Сити” ҳимоячисининг идеал ҳаракати, деб баҳолади. Бошқалар эса ҳакам аниқ қоидабузарликни ўтказиб юборган, деб ҳисоблади. Ижтимоий тармоқлардаги айрим изоҳларда фанатлар қуйидагича фикр-мулоҳаза билдирган.

@AFCYop_: “Ҳусановнинг энг яхши усули – аниқ голли вазиятни қоидабузарлик ёки карточкасиз йўққа чиқаришдан иборат”.

@_Afcbanks: “Ҳусановни шундай ҳаракатлари учун дисквалификация қилиш керак. У доим шундай қоидабузарликлардан жазосиз қутилиб кетади”.

@George_Zur1: “Ҳусанов ҳатто тўпга ҳам қарамади, тўғридан-тўғри Жоао Педрога бориб урилди. Менимча, бу тоза пенальти”.

@MagpieMediaX: “Ҳусанов танаси билан курашиш санъатининг ҳақиқий устаси. Ажойиб”.

Танаффус пайтида баҳсли вазият ҳақида Англия терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Гари Невилл ҳам фикр билдирди, бироқ у ҳам аниқ хулоса қила олмади.

- Менимча, бу футбол жуда субъектив бўладиган вазиятлардан бири. Эътибор билан қарасангиз, Ҳусанов Жоао Педрога аниқ бориб урилганини кўрасиз. Бу ерда тўпни ҳалол тортиб олишга ҳақиқий уриниш йўқ.

Шунга ўхшаш ҳолатлар жарима майдони ичида бўлганда ҳакамлар иккиланиб қолади, чунки бундай қарорнинг оқибатлари жиддий бўлишини билишади. Шунинг учун бу “50 га 50” вазиятга айланади.

Челсини талашдими? Ростини айтсам, бундай демайман. Шунчаки уларга омад келмади, десам тўғри бўлади. Чунки бошқа ўйинда ва бошқа ҳакам билан вазият бошқача бўлиши мумкин эди, - деди Гари Невилл.

Иккинчи бўлимда Ҳусанов яна икки эпизодда бош қаҳрамонга айланди, ўзбек ҳимоячисига дуч келган “Челси” футболчилари яна “Сити” жарима майдонида йиқилди.

66-дақиқада у яна ўша Жоао Педрони эҳтиёткорона туртиб юборди. Бразилиялик футболчи қанотдан узатилган тўпдан кейин зарба бериш позициясига чиқиб бораётганди.

Аммо бу ерда кураш ўзаро бўлди, Педронинг ўзи биринчи бўлиб қўлини ишлатди. Шунинг учун унинг йиқилиши катта баҳсларга сабаб бўлмади.

77-дақиқада эса Ҳусанов яна пенальтига сабабчи бўлишга яқин келди. Жарима майдонида у Йоррел Хатога бориб урилди. Нидерландиялик футболчи йиқилди, Абдуқодир эса унинг ортида турган ва тўпни назорат қилмаётганди, шу сабабли буни орқадан туртиш сифатида баҳолаш мумкин эди.

Ҳакам бу вазиятни ҳам эътиборсиз қолдирди ва ижтимоий тармоқларда яна баҳслар авж олди.

@JacentaArs: “Ҳусанов қандайдир тарзда навбатдаги сариқ карточкадан ҳам қутилиб қолди. Қандай қилиб, бу “Челси” фойдасига пенальти бўлмайди? Бу қарорларни тушуниш қийин бўлиб қолмоқда”.

@tier_1st: “Челси” мухлиси эканингизни унутинг. Бу пенальти эмасми? Ҳусанов тўпни йўқотди, Хато ундан ўтиб кетди ва тўпни эгаллаб бўлганидан кейин орқадан зарба қабул қилди”.

@Nino12x: “Мен такрорлаётгандекман, лекин бу қандай қилиб пенальти эмас?”

@zek4e: “Хато билан бўлган эпизодга келсак, фақат кулиш мумкин. Менимча, бу Жоао Педро вазиятидан ҳам ёмонроқ симуляция эди”.

@Linfield18862: “Педро билан бўлган вазиятда қарор нега баҳсли бўлишини тушунаман, аммо Хато билан эпизодда ҳеч нарсани тушунмаяпман, Ҳусанов аниқ унинг орқасига бориб урилди”.

@shxnsei: “Хато билан эпизодда Ҳусанов аниқ пенальти қилди ва иккинчи сариқ карточка олиши керак эди. Бу бўлмаганига ҳайронман”.

Ўйиндан кейин “Челси” мураббийи Калум Макфарлейн ҳам ушбу эпизод ҳақида фикр билдирди.

- Менимча, бу жуда қийин қарорлар. Хато ва Ҳусанов ўртасидаги тўқнашув пенальтига лойиқ эди. Йоррел олдинда эди. Агар шундай контакт майдоннинг бошқа жойида бўлганида, фол бериларди, баъзан бундай вазиятлар қайд этилади, баъзан эса йўқ, - деди “Челси” мураббийи.

Ҳусанов аллақачон қаттиқ ва шиддатли, баъзан агрессив ўйнайдиган ҳимоячи сифатида ўзини намоён қилиб бўлган. Шунга қарамасдан, ўзбекистонлик ҳимоячи ҳозирча жамоасини қийин аҳволда қолдиргани йўқ ва доимо очиқ қоидабузарлик чегарасини ҳис қилиб ўйнамоқда.

Футбол афсонаси Анри Ҳусанов ўйинига қандай муносабат билдирди?

Шомуродов: Тахтни бўшат, мен келдим!

Финалда рақибларини “бўғиб” ташлаган Ҳусановнинг ўйини қандай баҳоланди?

Ҳусанов “Барса”га мос! “Барселона”да Ҳусанов ҳақида баёнот берилди

Бу Ҳусанов ҳам, Шомуродов ҳам эмас! ESPN мундиалда қайси ўзбек футболчиси порлашини аниқ айтди

Ўзбекистон билан бўладиган ўйин олдидан Роналдуга қаттиқ талаб қўйилди

Ўзбекистон жаҳон чемпионатида нечта гол уриши айтилди

Ўзбекистон билан ўйин бор! Колумбия юлдузи фаолиятини якунламайдиган бўлди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!