Мурод Холмуҳаммедов: "Тўғриси, "Локомотив"га ютқаздик деб ўйлагандим"

«Қўқон-1912» жамоаси Тошкентда «Локомотив» билан 2:2 ҳисобида дуранг қайд этганидан хабардорсиз. Ўйин бошланмасдан олдин эса қўқонликлар жиддий йўқотишга дуч келишди. Жамоа етакчиси ва сардори Мурод Холмуҳаммедов кутилмаганда жароҳат олиб, ўйинда иштирок эта олмаслиги маълум бўлди. Аммо шунга қарамай, қўқонликлар унинг ўрнини билдирмасликка ҳаракат қилишди. Якунда эса иродасини кўрсатиб мағлубиятдан қутулиб қолишди. Биз эса Мурод Холмуҳаммедов билан суҳбатлашдик.

- «Локомотив»га қарши учрашувдан олдин жамоангизнинг асосий таркибидан ўрин олгандингиз, аммо учрашув бошланишига оз фурсат қолганида ўйинда иштирок этмаслигингиз маълум бўлди. Аслида нима юз берди?

- Биласиз, ўйиндан олдин майдонда бироз машғулот ўтказамиз. Ўша пайтда жамоадошларим билан «квадрат» ўйнаётгандик. Ўшанда кутилмаганда оёғим жиддий қайрилиб кетди. Албатта, шундан кейин ҳам ўйнашга ҳаракат қилдим. Чунки бу биз учун жуда муҳим учрашув эди ва ўзим ҳам жамоамга ёрдам беришни хоҳлаётгандим. Шифокорлар менга укол ҳам қилишди. Барибир оғриқлар қолмади. Натижада мураббийимиз ўрнимга бошқа футболчини асосий таркибга киритди.

- Шундан кейин ўйинни майдон четидан кузатиш сизга қандай туюлди?

- Жамоангизни четдан кузатиш барибир ҳавотирга солади. Бундай пайтда ўйинни кўриш қийин. Бунинг устига ўйин бошларидаёқ гол ўтказиб юбордик. Натижада яна асабийлашиш бошланди. Ўйинни юқоридан кузатганда жамоалардаги хато ва камчиликлар кўринар экан. Аммо жамоамиз ёмон ўйнамади, ҳамма борини бериб тўп сурди. Тўғри, хатолар бор. Бу йилги мавсумни бўшроқ бошладик. Қаердадир омадимиз чопмаяпти.

- Кўпчилик ҳисоб 2:0 га етгач, «Локомотив»нинг ғалаба қозонишига шубҳа қилмаганди. Ўша пайтда сиз нимани ўйлагандингиз?

- Тўғрисини айтсам, 2:0 дан кейин менда ижобий натижага ишонч қолмаганди. Аммо биз тезда жавоб голини киритдик. Шундан сўнг менда яна ишонч пайдо бўлганди. Аслида эса бу учрашувга бошқача тайёргарлик кўргандик. Ҳали бундай тайёргарлик кўрмагандик. Шунча мағлубиятдан кейин мураббийимиз биз билан доим йиғилишлар ўтказди. Ютқазсак ҳам мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатишимизни, ҳужумкор ўйнашимизни, менга ҳимоядан ўйнаш керак эмас, фақат ҳужумга ўтинглар деб кўп уқтирди. Тўғри, «Локомотив» кучли ва чемпион жамоа. Лекин шунга қарамай, фақат ҳимоядан ўйнамасдан ҳужумкор ўйнашимизга алоҳида эътибор қаратганди. Бизни ўша учрашувга мураббийимиз яхши тайёрлай олди. Шунинг учун Нўъмон Ҳасановнинг ҳиссаси катта.

- Ҳисоб 2:1 билан тугаб бораётгандек эди. Лекин қўшиб берилган дақиқанинг сўнгида жамоангиз мағлубиятдан қутулиб қолди. Буни кутганмидингиз?

- 90-дақиқада ҳам ҳисоб 2:1 эди ва мен у пайтга келиб ютқаздик деб ўйлагандим. Лекин жамоамиз ўз ўйинини кўрсата олгани учун хурсанд эдим. Йигитларимизда умуман қўрқув йўқлигидан ва муносиб курашгани учун ўйиндан рози бўлиб ўтиргандим. Менимча, мураббийимиз ҳам ўйиндан қониқди. Очиғи, бизда захирадан майдонга тушиб ўйинни кучайтирадиган футболчимиз кам. 11 нафар ўйинчи билан бутун мавсум давомида барқарор ўйнаши қийин-да. «Локомотив»нинг захирасида ўйинни кучайтирадиган футболчилар кўп бўлса-да, бизга қарши баҳсда уларнинг ўйинчилари чарчаб қолишди. Чунки ҳар 4-5 кунда миллий чемпионат ёки Осиё Чемпионлар лигасида ўйнашяпти. Биз билан учрашувда ҳам уларда чарчоқ борлиги кўриниб турди.

- «Локомотив» билан ўйиндаги дурангни ғалабага тенглаштирсак бўладими?

- «Локомотив» ва «Пахтакор» билан ўйнаган ҳар қандай жамоа учун дурангни ғалабага тенглаштирса бўлади. Боз устига уларнинг майдонида ўйнаган бўлса.

- Ҳозирда аҳволингиз қандай?

- Ўша кунга нисбатан оғриқлар анча камайган. Ҳозир шифокорлар кўригидаман. Тўғри, бемалол юряпман, аммо оёғимда шишишлар бор. Кейинги ўйинимиз «Бунёдкор» билан ўтади ва унгача соғайиб кетаман деган умиддаман.

- Ўтган йил ҳимоячи бўлсангизда тўпурарлик салоҳиятингизни кўрсатгандингиз. Бу йил ҳам шунга ўхшаш ва ҳозиргача учта гол удингиз…

- Ҳаммаси Худодан. Пешонамизга шу нарса ёзилган экан, шундай бўляпти. Мураббийимиз менга ишонч билдириб, вазифа беряпти ва буни қўлимдан келганича бажаришга ҳаракат қиляпман. Биз футболчиларнинг биринчи галдаги вазифамиз раҳбарият ҳамда мураббийларнинг ишончини қозониш.

- Юқорида ўзингиз айтганингиздек, мавсумни яхши бошлай олмадинглар. Айниқса, ОКМКга 1:7 ҳисобидаги йирик мағлубиятни ҳеч ким кутмаганди. Ўшанда нима бўлганди?

- Биринчидан ўша учрашувда ўз дарвозамиздан тезкор гол ўтказиб юбордик. Иккинчидан футболчимиз тезкор равишда қизил карточка туфайли майдондан чиқариб юборилди. Бу ҳолатлар бизга руҳий томондан катта таъсир кўрсатди. Ютқазаётган жамоа хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам ҳужумга ўтишга мажбур бўлади. Рақиб жамоа шундан фойдаланиб қарши ҳужумларда гол ураверишди. Ўша учрашувда мураббийнинг кўрсатмасини бажара олмадик. Қизил карточкадан сўнг вазиятдан келиб чиққан ҳолда бош мураббий биздан ҳужумга ўтиб кетмаслигимизни, пайт пойлаб ҳужумга ўтишимизни ва ҳисоб  йириклашиб кетишига йўл қўймаслигимизни айтганди. Иккинчи бўлимда эса пенальти тўғри бўлиши мумкин, аммо қизил карточка кўрсатишга тортмасди. Иккинчи ўйинчимизнинг майдондан чиқариб юборилгани бизни икки ҳисси «синдирди». «Пахтакор» билан «Локомотив»ни ҳисобга олмаганда, қолган барча жамоаларнинг савиясини бир хил деб ҳисоблаяпман. Шу боис қолганлар бир-бири билан бемалол ўйнай олишади ва исталган жамоа ютиши мумкин. Айтмоқчиманки, ўша куни ОКМКга йирик ҳисобда ютқазган бўлсак-да, рақибдан кучсиз жойимиз йўқ эди. Фақат юқорида айтган сабабларга кўра биз йирик ҳисобда мағлуб бўлдик.

- Жамоадаги легионерлар ҳақида ҳам сўрамоқчи эдим. Улар «Қўқон-1912»га қанчалик киришиб кетяпти деб ўйлайсиз? Масалан, «Локомотив» билан Николични майдонга туширган бош мураббий бу қарори туфайли хато қилганини айтди. Ундан олдин эса дарвозабон ҳам захирада қолаётганди…

- Боя айтганимдек, захирамиз тор. Ҳар бир позициямизда иккитадан рақобат қиладиган футболчи йўқ. Николич ҳимоячи. «Локомотив» билан учрашувда эса уни мажбуран марказга қўйишди. Оқибатда Николичнинг бу позицияга қўйилиши ўзини оқламади. Шу боис мураббий уни дарҳол ўйиндан олиб тўғри қилди. Балки уни ҳимояга қўйса ўзини кўрсата олиши мумкин. Мураббийимиз тўп билан яхши муомала қиладиган футболчиларни яхши кўради.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!