Муроджон Алиев: “Бунёдкор” академияси жисмонан, руҳан ва албатта ақлан салоҳиятли футболчиларни тарбиялашга тайёр!

“Бунёдкор” футбол клуби ташкил топганига кўп бўлгани йўқ. Халқ тили билан айтганда, биз эндигина илк мучал ёшимизни нишонладик. Ана шу қисқа вақт орасида катта ва буюк ишлар амалга оширилди: ҳукуматимиз томонидан Марказий Осиёда тенги йўқ “Бунёдкор” стадиони фойдаланишга топширилди, келажакка пойдевор сифатида болалар футбол академияси ишга туширилди. Жамоамиз олий лигадаги илк иштирокидаёқ Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритди ва 10 йил давомида ушбу нуфузли мусобақанинг мунтазам қатнашчисига айланди, унда икки бор ярим финалгача етиб борди. 5 марта Ўзбекистон чемпиони, 4 бор мамлакат кубоги соҳиби ва бир марта Ўзбекистон Суперкубоги эгаси бўлди. Клуб академиясининг тарбияланувчилари 5 бор Ёшлар лигаси ғолиблигини қўлга киритди.

Ёрқин тарих ва нурсиз яқин ўтмиш

Албатта, қисқа муддатда бундай ютуқларга эришиш шарафли ва бу билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бироқ, булар бари дастлабки 6 йилга тўғри келади, сўнгги 4 йил давомида асосий жамоамиз бирорта ҳам совринга эга чиқмагани эса ачинарли ва ташвишлидир. Бунинг ўзига хос объектив ва субъектив сабаблари бор. Объектив сабабларидан бири – “Бунёдкор” ташкил топган кундан ўз фаолиятини бошлаган ва жамоанинг барча ютуқларига бевосита сабабчи бўлган мутахассис – Миржалол Қосимов клубни тарк этиши бўлди. Ўзбекистон футбол федерацияси қарорига кўра, Қосимов барча эътиборини миллий терма жамоага қаратиши мақсадга мувофиқ деб топилди. Шу тариқа 2014 йилнинг 4 апрелидан Миржалол Қўшоқович “қалдирғочлар”ни тарк этди. Шундан сўнг, асосий жамоамиз бирорта совринга ҳам эгалик қила олмади. Субъектив сабаблар эса клубнинг ички иши бўлиб, ҳозирда улар бартараф этилди, шу боис уларга батафсил тўхталишга ҳожат йўқ деб ҳисоблаймиз...

Ўзгаришлар

Бутун жаҳонга довруғи таралган клубнинг бу ахволга тушиши, албатта мутасаддиларни қаноатлантирмасди. 2017 йилги мавсум ҳам салбий кўрсаткичлар билан бошлангач, “Бунёдкор” футбол клубида жиддий ўзгаришлар амалга оширилди. Май ойининг илк кунларида клуб Бош директори Бахтиёр Бобоев ўз ўрнини таниқли мутахассис Муроджон Алиевга бўшатиб берди. Муроджон Боқиевичнинг биринчи буйруғи эса ўзбек футболи афсонаси Миржалол Қосимовни бош мураббий этиб тайинлаши бўлди. Ўшанда вазият анча оғир эди. ОЧЛ бахсларида гуруҳни сўнгги ўрин билан якунлаган жамоамиз, Ўзбекистон чемпионатида 13-поғонани эгаллаб турганди. Ўша пайтда жамоага янги ўйинчиларни қабул қилишнинг имкони бўлмагани сабабли, асосий вазифа таркибда бўлган ёш футболчиларга руҳий ишончни қайтариб, уларда ғолиблик руҳини шакллантириш эди. Сабаби, Лушчан бошқарувида «қалдирғочлар» 8 та беллашувнинг бор-йўғи 2 тасида зафар қучган, яна шунча ўйинда имконият бой берилган бўлса, 4 тасида ғолибни аниқлаб бўлмаганди. Мазкур натижалар сабаб «Бунёдкор» пешқадамлардан ортда қола бошлаганди. Миржалол Қўшоқович эса қадамба-қадам бу натижани яхшилаб борди.

Мавсум аввалида Лушчан тўплаш мумкин бўлган максимал очколарнинг 33 фоизига эга чиққан бўлса, Қосимовда бу кўрсаткич 64 фоизни ташкил қилди. Бироқ йўқотилган қимматли очколарнинг ўрнини тўлдириш имконсиз эди ва «Бунёдкор» чемпионат якунида 4-ўриндан юқорига кўтарила олмади. Энг ачинарлиси эса, “қалдирғочлар” илк бор ОЧЛ йўлланмасидан қуруқ қолишди.

Биз клубдаги ўзгаришлар, қилинаётган ишлар ва келажак режалари ҳақида “Бунёдкор” ФК Бош директори Муроджон Алиев билан суҳбатлашдик.

Бир қадам орқага, икки қадам олдинга

- Зеро асосий жамоамиз 3 йил мобайнида бир эмас, 3 қадам орқага ташлаган бўлса-да, биз келажакка ишонч билан қараймиз ва олдинга шахдам қадамлар ташлай олишимизга ишонамиз. Сабаби, муассисларимиз – “Ўзбекнефтегаз” ва “Ўзтрангаз” ташкилотларининг доимий кўмаги бизга шижоат ва куч бағишлайди. Уларнинг қўллаб-қувватлаши билан ўтган 8 ой давомида клуб инфратузилмасини яхшилаш, малакали кадрларни жалб этиш орқали пойдеворни анча мустаҳкамлади. Янги таклиф этилган мураббий Шухрат Мақсудов қўл остида ёш “қалдирғочлар” Ёшлар лигаси ғолиблигини қўлга киритди. Тажрибали мураббий Мурод Отажонов бошқарувида 2000 йил тарбияланувчилари 2-лига Тошкент шаҳар биринчилигида зафар қучдилар. Денис Коростиченко мураббийлик қилган 2001 йил тарбияланувчилари Бухорода бўлиб ўтган олий ва биринчи лига тайёрлов гуруҳи мусобақасида бош совринни қўлга киритди. Яъни, яқин заҳира ўз салоҳиятига эга ва тўғри экилган ниҳоллар тез орада ўз ҳосилини бера бошлайди.

Академия (футбол мактаби)

- Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан бунёд этилган ҳамда амалдаги Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида фаолият юритаётган Болалар-ўсмирлар футбол мактаби, яъни, академиямиз энг катта бойлигимиз ҳисобланади. Бугунги кунда бу ерда мингга яқин ўсмир-ёшлар малакали мураббийлардан футбол сир-асрорларини ўрганишмоқда. Клуб раҳбарияти академияда фақат футбол машғулотлари билан чегараланиб қолмасдан, ёш футболчилар билимли ва зеҳнли бўлиб етишишлари учун махсус ўқув курслари ҳам ташкил этган. Буни амалга ошириш учун эса малакали кадрлар танлаб олинган. Жумладан, ҳозирги кунда академияга мамлакатимизда илмий-методик назария ва амалиётлар бўйича энг кучли мутахассислардан бири, ФИФА ва ОФКнинг “Про” дипломи соҳиби Вадим Шодиматов раҳбарлик қилмоқда. Ўзбек футболи профессори Рустам Акрамов эса техник директор лавозимида фаолият юритмоқда.

Академия тарбияланувчилари миллий, олимпия, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари сафида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишмоқда. 2015 йил Янги Зеландиядида бўлиб ўтган U-20 Жаҳон чемпионатида юртдошларимиз чорак финалгача етиб боришди. Ҳорижий мутахассислар бошқа футболчилар қаторида академиямиз тарбияланувчилари ўйинига ҳам юксак бахо беришди ва йил якунида ОФКнинг “Энг яхши ёш футболчиси” йўналишида танлаб олинган учала номзод ҳам “Бунёдкор” тарбияланувчилари бўлиб чиқди! (Достонбек Ҳамдамов, Элдор Шомуродов, Забиҳилло Ўринбоев). Бунақаси ҳали футболимиз тарихида бўлмаганди. Якунда бош соврин Достонбек Ҳамдамовга насиб этди. Бу эътироф бевосита академиямизга ҳам таалуқли эди ва тез орада бу ўз исботини топди. 2017 йилнинг ноябрь ойида Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида ОФК қитъадаги Элит клублар мураббийлари 1-Форумини ўтказди. Унда қитъанинг футбол академиялари ривожланган Австралия, Хитой, Эрон, Япония, Корея Республикаси, Қатар, Саудия Арабистони, БАА ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этди. Форумда “Бунёдкор” футбол мактаби қитъадаги энг яхши 10 та академия қаторига кириши расман эътироф этилди ва ушбу маскан раҳбари Вадим Шодиметовга махсус сертификат топширилди.

Яқинда 23 ёшли футболчилар ўртасида Осиё чемпионлигини қўлга киритган терма жамоамиз миллионлаб юртдошларимизга олам-олам қувонч адо этишди. Қувонарлиси, бу таркибдан 5 нафари — дарвозабон Дилшод Ҳамроев, ҳимоячилар Рустамжон Ашурматов, Акрамжон Комилов, Исломжон Қобилов, ярим ҳимоячи Достонбек Ҳамдамов бизнинг тарбияланувчиларимиздир. Мусобақа ниҳоясига етганидан сўнг, мамлакат Президентининг “Агар адолат бўлса, коррупция бўлмаса нима бўлиши мумкинлигини кеча футбол кўрсатди”, деган фикрларига барча юртдошларимиз қаторида биз ҳам тўлалигича қўшиламиз ва шундай бўлишига ишонамиз. Бу - академия тарбияланувчиларини етиштириш борасида олиб бораётган фаолиятимизнингнинг энг устивор йўналиши ҳисобланади.

Академия тарбияланувчилари ҳозирда нафақат мамлакатимиз, балки ҳорижда ҳам ўз иқтидорларини намойиш этмоқдалар. Сардор Рашидов Қатарнинг “Ал-Жаиш”, БААнинг “Ал-Жазира” клубларида ўйнаб қайтди, Отабек Шукуров шу мамлакатнинг “Ал-Шаржа”, Элдор Шомуродов Россиянинг “Ростов” клубида фаолият юритмоқда. Тарбияланувчиларимиздан Рустамжон Ашурматов, Акрамжон Комилов, Исломжон Қобилов, Достонбек Ҳамдамов, Миржамол Қосимов, Хуршид Ғиёсов, Нурилло Тўхтасиновлар асосий таркиб ўйинчисига айланган бўлса, ўтган мавсумда Дилшод Ҳамроев ва Сардор Азимов “Навбаҳор”, Жавохир Қахрамонов ва Эргаш Исмоилов “Бухоро”, Санжар Қодирқулов ва Жавохир Эсонқулов “Металлург” жамоалари таркибида ижара асосида тўп суришди. Забиҳилла Ўринбоев эса “Пахтакор” жамоасига трансфер қилинди. Ундан ташқари, яна бир қанча футболчилар эндиликда Про-Лига деб юритилаётган биринчи лига клубларига ижарага берилди ва ўз маҳоратларини ошириб қайтишди. Ҳар йили акдемиямизни ўнлаб иқтидорлар битиради ва улар мамлакатимиздаги бошқа жамоалар сафини ҳам тўлдиришади.

Янги ибора – маънавиятли футболчи!

Юқорида таъкидлаганимиздек, академия тарбияланувчилари футбол билан биргаликда ўз билимини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёш футболчилар маънавият ва маърифат, рус тили, инглиз тили, психология фанларидан сабоқ олиш билан бирга, акробатика ва сузиш бўйича ҳам махсус дастурларни ўзлаштирмоқдалар. Бизнинг қатъий талабимиз шундай: фақат иқтидорли бўлишнинг ўзи кам, тарбияланувчиларимиз ҳар томонлама билимли, зукко, тарбияли, умумий қилиб айтганда маънавиятли ва маърифатли бўлиб етишиши шарт!

Биз нега маънавият ва маърифатга урғу бермоқдамиз? Сабаби, маънавият - ўз-ўзингни англаш. Маънавият - бу сенинг яшашдан мақсадинг, дунёқарашинг, ҳаётга, атрофингдаги инсонларга виждонан, борингча муносабатда бўлишингдир. Зиммангдаги вазифангни, оиладаги, жамиятдаги ўрнингни, аввало ўзинг кўрсата олишинг, касбингга меҳр, яхшилик қила олмасанг ёмонликни ҳам бировга раво кўрмаслигингдир. Инсон яшагани сайин, ўқиб ўргангани сайин, одамларни билгани сайин маънавий олами кенгайиб бораверади. Бизнинг миллатимизга хос бир хусусият бор, ўзбек мен деб гапирмайди. Ўзбек биз деб гапиради. Биз, деганда бутун бир миллат жамланган. Демак, маънавиятли инсон миллий ғурур ва ифтихорни ҳам ўзида мужассам этиши шарт. Бу ўз навбатида катта масъулият ҳамдир. Эсингизда бўлса, ҳорижда ўтказилган ёшлар ўртасидаги халқаро турнирда футболчиларимиздан бири кореялик рақибини кунг-фу усулида тепди. Ҳакам дарҳол унга қизил карточка кўрсатиб майдондан четлатди. Бироқ унинг бу қилиғидан бутун ўзбек футболи азият чекди. Корея матбуоти “ўзбеклар билан энди ҳеч қачон ўйнамаслик керак!” дейишгача борди. Биз маънавият дарсларида мана шундай салбий воқеалар ҳақида гапириб, бундан тўғри хулоса чиқаришни, тарбияланувчиларимиз ўзини тутиши ва ижобий хулқ-атвори билан ажралиб туришини истаймиз.

Бу борада етарлича ташкилий ишлар олиб борилди. Малакали ўқитувчилар жалб қилинди. Яна бир муҳим жиҳат, авваллари ҳар бир йил учун 25 тадан ортиқ футболчи олинмагани сабабли, академияга кириш анча машаққатли ҳисобланарди. Ҳозир эса ҳар бир йилда 75—80 нафардан бола шуғулланмоқда. Яъни, асосий таркиб “А” гуруҳида жамланган бўлса, қолган тенгдошларига ҳам имкон бериш мақсадида “Б” ва “С” тижорат гуруҳлари ташкил этилган. Уларнинг ҳар бирига алоҳида мураббийлар бириктирилган. Ота-оналар уларга ўз фарзандини жойлаштириши мумкин. Энг муҳими, юқоридаги каби ўқув дарслари барчага баробар ўтказилади, бу борада ҳеч қандай чеклов йўқ.

Куни кеча давлатимиз раҳбари билан учрашувда янгийўллик болакай орзуси “Бунёдкор” академиясида таҳсил олиш эканини билдиргани, кўпчиликка маълум бўлиб улгурди. Бу бизга ўзига хос шараф билан бирга, масъулият ҳам юклайди. Юртимизнинг қайси гўшасидан бўлмасин, футбол мактабимизда шуғулланишни истовчи ҳар бир болакай учун эшикларимиз очиқ. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас — “Бунёдкор” замон билан ҳамнафас бўлишда давом этади!

"Бунёдкор" расмий сайти

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!