Музаффар Раджабов: "Мен 20 йилдан буён юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдим. Энди бу йўлни фарзандларим давом эттиради"

  • 27 февраль, 2021, 16:30
  • 0
  • MMA

Ўзбекистон яккакураш оламида бухоролик Музаффар Раджабовнинг ўз ўрни бор. Ушбу спортчимиз қарийб 20 йилдан буён юртимиз шарафини кикбоксинг, қўл жанги, ММА каби яккакураш турларидан муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Шунингдек, у Бухоро қўл жанги федерацияси раҳбари, Ўзбекистон ММА ассоциацияси Бухоро бўлими раиси ва Ўзбекистон кикбоксинг ассоциацияси вице-президенти лавозимларида фаолият юритиб келмоқда. Қолаверса, Бухорода ўзининг “Амир Темур” клубига асос солган ва ёш истеъдодларни тарбиялаш каби масъулиятли вазифани ҳам муносиб уддаламоқда.
Биз ушбу ҳамюртимизни суҳбатга тортдик...

- Ассалому алайкум. Биламизки, вақтингиз жуда тиғиз, шундай бўлса-да, суҳбат учун вақт топа олганлигингиздан ҳурсандмиз.

- Ассалому алайкум. Ваалайкум ассалом. Эътибор учун миннатдорман.

- Аввало, янги лавозим яъни, Ўзбекистон кикбоксинг ассоциацияси вице-президенти лавозимига тайинланганлигингиз билан муборакбод этамиз!

- Катта раҳмат. Албатта, бизга ишонч билдирганларни уялтириб қўймасликка ва қўлдан келганча, Ўзбекистон кикбоксингини ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшамиз, деган умиддаман!

- Сиз шунингдек, Бухоро қўл жанги федерацияси раҳбари ва Ўзбекистон ММА ассоциацияси Бухоро бўлими раиси сифатида ҳам фаолият юритасиз. Қолаверса, спортчилик фаолияти ва мураббийлик ҳам бор, буни ўзига яраша масъулияти ва қийинчиликлари бўлса керак?

- Биласизми, инсон ўз ишини севиб бажарса, қилаётган ишларидан завқланса ва амалга ошираётганларингиз юртингиз спортига қисман фойда келтираётган бўлса, қийинчиликларни ўйламайсиз. Аксинча, янада мотивация оласиз.

муза ака3

- Барчани ҳозир Музаффар Раджабовга ушбу масъулиятли лавозимлар топширилганидан сўнг, яна жанглар ўтказа олармикан, деган савол қизиқтираётганлиги турган гап?

- 20 йилдан буён халқаро ареналарда юртимизнинг байроғини кўтариб юрибмиз. Жаҳон чемпиони бўлдик. Турли халқаро турнирларни ютдик. Ўйлайманки, ёмон фаолият юритмадик. Албатта, фаолиятимиз ҳам якунланиб бормоқда. Бу йил сўнгги жангларимни ўтказишни режалаштириб турибман.

- Деярли 40 ёшдасиз ва бу омил жангларингизда жисмоний жиҳатдан таъсир кўрсатмайдими?

- Биз доимо, ўзимизнинг жисмоний ҳолатимизни ушлаб турамиз. Бу борада муаммо кўраётганим йўқ. Бу йилда 4 та жанг ўтказишни режалаштириб турибман. Иккитаси ММА йўналишида бўлса, қолгани WTKF бўйича бўлади.

- 93 кг вазн тоифасида WTKF йўналишида амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланасиз, демак, ушбу титулингизни ҳимоя қилар экансизда?

- Албатта, декабрь ойида Тошкент шаҳрида бу борада катта турнир бўлади. Ўшанда ҳимоя жангимни ўтказаман. Катта эҳтимол билан, бу хайрлашув жангим бўлади.

- Бухорода “Амир Темур” клубига асос солгансиз ва кўплаб шогирдларни тарбиялаб бормоқдасиз. Ушбу клубда шуғулланиш бепулми?

- Мен шу вақтга қадар, шогирдларимдан бир сўм олган эмасман. Барчасини бепул шуғуллантираман. Мураббийликдан пул топиш эмас, янгидан–янги, кўплаб жаҳон чемпионлари чиқаришни мақсад қилганман. Баландпарвоз гаплармас, юракдан чиқаётган самимий ниятларимни айтдим холос.

- Эшитишимизга қараганда клубингизда нафақат Бухоро балки, юртимизнинг бошқа вилоятларидан ҳам спортчилар келиб, машғулотлар олиб борар экан?

- Албатта, бизда ажратиш йўқ. Биз барчамиз Ўзбекистон учун турнирларда иштирок этамиз. Шундай экан, эшигимиз барча учун очиқ. Қўлдан келганича мураббий сифатида ёрдам берамиз.

- Фарзандларингиз ҳам сизнинг йўлингиздан бормоқдами?

- Ҳа, уч нафар фарзандим ҳам яккакураш турлари билан жиддий равишда машғулотлар олиб боради. Насиб қилса, улар ҳам мен каби 20 йиллар юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, жаҳон чемпионлари бўлади, деган умиддаман!

- Суҳбат учун ташаккур ва ўз ўрнида барча ниятларингиз амалга ошишига тилакдошмиз!

- Катта раҳмат!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!