Музаффар Раҳматов: Фёдор Емельяненко ва Ҳабиб Нурмагомедовни олиб келишга ҳаракат қиламиз
Юртимизда расман ММА ассоциацияси ташкил этилганидан буён ушбу йўналишдаги турнирлар ҳам мунтазам ўтказиб келинмоқда. Асосан, профессионал йўналишдаги жанг кечалари ташкил қилиш анъанага айланиб улгурди. Аста-секин промоушенлар ҳам пайдо бўлмоқда.
Шунингдек, ММА бўйича юртимизда илк “Раҳмат” клуби томонидан “Сўнги қаҳрамон” дея номланган Гран-При ҳам старт олди. Мукофот жамғармаси 300 миллионни ташкил қилган мазкур мусобақанинг дастлабки тури ўтказилди. Албатта, иш бор жойда камчиликлар ҳам бўлади. Умумий олиб қараганда дастлабки тур ёмон таассурот қолдирмади. Навбатдаги босқичда янада яхши ташкилотчилик йўлга қўйилса, ажаб эмас.
Шубҳасиз, бундай катта масштабдаги турнирни ташкил қилиш осон эмас, бу жуда катта меҳнатни талаб қилади. Мана шундай улкан масъулиятни бўйнига олган “”Раҳмат” клуби асосчиси ва раҳбари Музаффар Раҳматов билан ушбу Гран-При ва клубнинг кейинги режалари ҳақида суҳбат қурдик.
- Музаффар ака аввало, Гран-Прини дастлабки турини ўтказиб олганинглар билан табриклаймиз.
- Раҳмат. Эътиборинглардан хурсанд бўлдим.
- Аввало, ушбу турнирни ташкил қилишдан асосий мақсадингиз нима эканлиги билан ўртоқлашсангиз?
- Албатта, юртимизга истеъдодли ММА йўналишидаги спортчиларини етказиб беришни ният қилганмиз. Бу борада Ўзбекистон ММА ассоциацияси билан ҳамкорликда, уларнинг кўрсатмалари асосида иш юритамиз ва ўйлайманки, бизнинг турнирларда тобланган ва клубимизда тарбия топган спортчилар юртимиз шарафини халқаро ареналарда ҳам муваффақиятли ҳимоя қилади.
- Ютуқ 300 миллионни ташкил қилмоқда. У қандай тақсимланади?
- 7 та вазн тоифасида жангларни ўтказаяпмиз ва бу Гран-При йил давомида ўтказилади. Ютуқ якунда вазн тоифасида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринлар ўртасида тақсимланади.
- Албатта, мухлислар сизнинг шахсингизга ҳам қизиқиш билдириши турган гап...?
- Нима демоқчи бўлганингизни тушундим. Мен Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида таваллуд топганман. Ўзим ҳам спортчи бўлганман. Россияда ва бошқа жойларда ўз жангларимни ўтказганман. Шунинг учун спортчининг ҳаёти қандай эканлигини яхши биламан ва имкон қадар уларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқдаман.
- Тўғрикуя, лекин клуб ва бу миқдордаги ютуқли турнир ташкил қилишни ўзи бўлмайди?
- Нимага шаъма қилганингизни англадим. Тадбиркорлик билан шуғулланаман ва маълум бир маблағимизни ушбу спортчилармиизни қўллаб-қувватлаш учун сарф қилмоқдамиз. Қолаверса, хомий ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик қиламиз.
- Гран-Прини дастлабки тури ёмон ўтмади. Бироқ, бироз кўнгилни хира қиладиган воқеа ҳам рўй берди. Яъни, ўша бироз келишмовчиликни назарда тутаяпман?
- Тўғри, ўша жангчимиз озгина ёшлик қилди. Уни тўла айблашни ҳам истамайман. Бундай қизишиб кетиш ҳолатлари учраб туради. Ўз вақтида ўзимиз ҳам қизиққонлик қилган вазиятлар ҳам бўлган.
- Яна ушбу иштирокчига имкон берасизларми?
- Мен унинг мураббийларини, мураббийларини отасини ҳам яхши танийман. Жуда самимий инсонлар. Кучли мутахассислар деб биламан. Имкон берамиз. Қачонки, ўзини айбини тушуниб, бу яхши эмаслигини англаган бўлса...
- Келинг сиз асос солган клуб ҳақида сўз юритсак, нега айнан номини “Раҳмат” деб қўйгансиз?
- Бобомни номига қўйганман. Мен бобомни қўлида ўсганман ва ҳаётдаги барча ютуқларим ушбу инсонни панд-насиҳатлари орқали деб биламан. Манинг ҳаётда ўз ўрнимни топишимга бобом сабабчи бўлганлар.
- Бу клубга қабул қилиш қандай амалга ошади?
- Бизнинг клубимиз барчага очиқ. Ўзбекистоннинг турли бурчакларидан болалар клубимизда машғулотлар олиб бормоқда.
- Келиб кўрдикки, баъзиларини ётоқ ва ойлик маош билан ҳам таъминлаган экансиз?
- Имкон қадар, барча қулайликларни яратиб беришга ҳаракат қилаяпмиз.
- Клубингиз вакиллари қаттиқ назорат остида ҳам бўлса керак?
- Шубҳасиз! Уларни кўчада безорилик қилиши ва ҳар-хил ишларга аралашиши қаътиян ман қилинган. Мабодо озгина бўлса ҳам ноўрин ишлар билан шуғулланса, хеч қандай огоҳлантиришсиз клубдан ҳайдалади.
- Клуб бор, маблағ ва етарли даражада кадрлар ҳам мавжуд. Балки, промоушен ҳам ташкил қилиш керакдир?
- Бундай ниятимиз ҳам бор. Ўзбекистон ММА ассоциацияси билан бу борада маслаҳатлашамиз. Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, бу Гран-При орқали юртимиздаги энг кучлиларни танлаб оламиз ва промоушен ташкил қилишимизга ҳам бу ўзига хос туртки бўлади,деб ўйлайман.
- Энг кучлиларни саралаб оламиз деяпсиз, балки юртимизнинг кўзга кўринган ММА вакилларини ҳам ушбу турнирга жалб қилиш керакдир. Мисол учун, Амин Эргашев, Нурсултон Рўзибоев, Азамат Нуфтиллаев, Шоҳасан Мирзаматов, Азамат Баҳодурзода, Александр Столяров, Авлиёҳон Ҳамидов каби жангчилар янада ушбу Гран-Прига бўлган қизиқишни ортирган бўларди. Бу Гран-При, маълум бир промоушен турнири эмас, шундай экан уларни ҳам таклиф қилишни имкони бўлса креак. Бунинг учун эса ютуқ фондини янада ошириш керак назаримда...?
- Биласизми, мен Музаффар Раджабов, Мурод Хонтўраев, Амин Эргашев, Нурсултон Рўзибоев ва барча санаб ўтилган йигитларни ғолиб сифатида кўраман. Уларда улкан тажриба бор ва салоҳияти жуда юқори. Агар, улар ушбу Гран-Прида қатнашиш истагини билдирса, ютуқ фондини янада оширган бўлар эдик. Чунки, шунга яраша хомий ташкилотлар ҳам ҳамкорлик қилишни истамоқда.
- Хорижий промоушен ва клублар билан ҳам алоқа йўлга қўйилмоқдами?
- Албатта, Жанубий Корея клуби билан ҳамкорликни бошлаш арафасидамиз. Ирландиядан ҳам таклиф бор. Ҳозир тўлиқ номлари ёдимда йўқ. Яна Буюк Британия билан ҳам ишлаймиз. Бу борада клубимиз мураббийи ва ижрочи директори Нурали Бакирдинов иш олиб бормоқда.
- Гран-Прининг финал жангларига ўзига хос машҳурлар ҳам таклиф қилинса керак?
- Албатта. Биринчи навбатда ММА афсонаси “Сўнги император” номи билан машҳур Фёдор Емельяненкони олиб келамиз, деган ниятдамиз. Шунингдек, Ҳабиб Нурмагомедовни таклиф қилишни ҳам режалаштириб турибмиз. Биласизлар у Ўзбекистонни яхши кўради. Қолаверса, машҳур хорижий эстрада гуруҳларини ҳам мухлислар маданий ҳордиқ олиши учун таклиф қиламиз.
- Музаффар ака мазмунли суҳбат учун ташаккур ва ўз олдингизга қўйган мақсадларингизга эришишингизга тилакдошмиз!
- Катта раҳмат!
Фикрлар