"Музокаралар кетяпти, таклифлар бор" - Шерзод Темировнинг Гонконгдаги фаолияти якунланяптими ёки...
Гонконг чемпионатидаги ягона легионеримиз Шерзод Темиров якунига етган мавсумда жамоаси – “Китчи” билан 4-ўринни банд қилди. Лекин иккита Кубокни ютишга муваффақ бўлди.
Ҳамюртимиз учун яхши мавсум ўтди, десак бўлади. Голлар ҳам урди ва жамоасига фойда келтирди.
Куни кеча Sports.uz журналисти Темиров билан суҳбатлашди.
- Шерзодбек, Гонконг чемпионатида ўтказган дебют мавсумингиз ҳақида сўрамоқчиман. Нималарга эришдингиз ва нималар қўлдан чиқарилди? Умуман, сизда қандай таассурот қолдирди?
- Аввало, барча футбол мухлисларини яқинлашиб келаётган Хайит байрами билан табриклайман. Мавсумга келадиган бўлсак, жамоамиз билан жуда яхши ўтказдик. Клубга кечроқ қўшилганим учун бошида озроқ қийин бўлди. Мураббий ҳамда жамоадошларимнинг ёрдами билан ҳаммаси изига тушиб кетди. Бу мавсумда жамоамиз билан иккита Кубокни ютдик. Қўлдан кетган Кубок эса бу чемпионлик соврини эди. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Биз кутган нарсалар биз ўйлагандек бўлиб чиқавермас экан. Асосийси, ҳар бир футболчи кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишдир. Мен ўзимга керакли ўйин амалиётига эга бўлдим.
- Гонконгда сиз учун унутилмас кун қайси бўлди?
- Жуда қизиқ савол бердингиз. Албатта, бу жамоам билан биринчи Кубокни қўлга киритганимда юз берган ва унутилмас кун бўлиб қолган.
- Янги режаларингиз биз учун қизиқ. Клубингизда қоласизми?
- Ҳозирда музокаралар кетяпти. Таклифлар ҳам бор. Ҳаммасини кўриб чиқиб, тўғри қарор қабул қиламиз. Олдиндан нимадир деб айта олмайман.
- Демак, олдингизда янги чақирувлар бор экан-да?
- Ҳа, вариантлар бор, ҳаммасини вақт кўрсатади.
- Гонконг футболида сизни нима ҳайрон қолдирди?
- Хайрон қолдирган нарса - тизим жуда яхши йўлга қўйилган. Ҳар бир соҳада жуда кучли мутахассислар ишлайди.
- Адашмасам, чемпионатда 5 та, кубокларда 3 та гол урдингиз. Ҳужумчи сифатида бу сизни қониқтирадими?
- Ҳужумчининг асосий вазифаси гол уриш. Бунинг учун кўпроқ меҳнат қилиш керак. Жамоангизда яхши ва ажойиб ижрочилари бўлса, ҳар бир ўйинда гол уриш имконияти юқори бўлади. 3 та гол - мен учун кам деб ҳисоблайман.
- Терма жамоадан сиз учун чақирув бўлмаяпти. Бу сизнингча нима билан боғлиқ?
- Ҳар бир футболчи терма жамоада тўп суришни хоҳлайди. Рақобат бор жойда ўсиш бўлади. Ҳаммаси олдинда. Барчасини вақт кўрсатади. Чақирув бўлмаётганини нимагадир боғлай олмайман. Яхшиси сабр ва меҳнат қилишда давом этаман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар