Мхитарян: А Серия кўпчилик ўйлаганчалик кучсиз эмас

"Рома" ярим ҳимоячиси Генрих Мхитарян Италия чемпионати ҳозир етарли даражада кучли эмас, деган фикрга қўшилмаслигини айтди.

“Менимча, Италия футболига етарлича баҳо берилмаган. Боиси у одамлар айтган ва ўйлаган даражада эмас. Аввал, кўпинча Италия чемпионати у қадар кучли эмаслиги ҳақида эшитардим. Аммо ҳозир булар ҳақиқат эмаслигини тасдиқлай оламан. "Сассуоло"га қарши бўлиб ўтган биринчи ўйинданоқ, Италия футболи кўпчилик айтганидан яхшироқ эканлигини англадим. Мен чиндан ҳам ўйинчиларнинг савиясидан ҳайратландим, ҳатто жадвалнинг пастки қисмидаги жамоаларда ҳам ажойиб ўйинчилар бор.

Барча жамоалар тўпга эгалик қилишни, ҳужумга ўтишни хоҳлайди, улар нафақат яхши ҳимояланади, балки рақиб хатоларини ҳам кутади. Бу нарсалар мени ҳайрон қолдирди. Чунки, мен А Серия жамоаларидан бундай юқори даражадаги ўйин кутмаган эдим”, - дейди арманистонлик футболчи.

31 ёшли Мхитарян ўтган мавсум А Серияда 27 та ўйинда майдонга тушди ва 9 та гол ҳамда 6 та голли узатма ёздириб қўйишга эришди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!