МЮ Санчо билан келишувга эришди, аммо...
Жаҳон трансфер бозорида анчадан бери амалга ошиши кутилаётган трансфер можароси ўз якунига етгандек кўринмоқда. Гап шундаки, Жейдон Санчо фаолиятини "Манчестер Юнайтед"да давом эттириши мумкин.
Машҳур журналист Фабрицио Романонинг маълум қилишича, манкунияликлар раҳбарияти англиялик футболчи билан шахсий келишувга эришиб улгурган. Энди фақатгина "Боруссия" билан битим тузиш талаб этилади.
Хабарларга кўра, шартнома бўйича 21 ёшли футболчи 2026 йилга қадар "қизил иблислар" либосида ҳаракат қилади. "Bild" нашри тарқатган маълумотга асосан, бу томонлар ўртасидаги илк музокара бўлади. МЮ ва "Боруссия" Дортмунд ҳали Санчо трансферини муҳокама қилмаган.
Аввалроқ, "асаларилар" ўз футболчисини 95 млн еврога қўйиб юборишга тайёрлиги ҳақида айтилган эди. Жейдон жорий мавсум клуб сафида 38 ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 16 гол ва 20 ассистни ёздириб қўйишга муваффақ бўлган.
Фикрлар