МЮда нималар бўлмоқда ёхуд Тен Хаг ва футболчилар орасида пайдо бўлган низо ҳақида
Мавсумни ёмон кайфиятда ўтказаётган "Манчестер Юнайтед"нинг бош мураббийи Эрик Тен Хаг айрим футболчиларнинг ишончини йўқотмоқда.
Инсайдер Самуэль Лакхуерстнинг сўзларига кўра, ичкарида аҳвол жуда ёмон. Айрим ходимлар янги футболчиларнинг ташрифидан бироз ташвишда. Хуллас, мавсумни қутқариб қолиш учун ҳаракат кетмоқда, лекин ундан олдин бир нарса ҳал қилиниши керак бўлади.
Эрик Тен Хаг энди клубни қабул қилиб олганида раҳбарият томонидан унга Ральф Рангник билан бирга ишлашни, германиялик мутахассис унга трансфер ишларида ёрдам бериш мумкинлиги айтилади. Лекин бош мураббий буни рад қилиб, жамоага ким келиб, ким кетишини ўзи ҳал қилишини айтган. Аммо бугунги кунга келиб, унинг ихтиёри билан олиб келинган футболчилар ҳақида саволлар кўпаймоқда. Айниқса, Расмус Хойлунднинг 72 миллион фунт стерлингга сотиб олиниши клуб ичкаридагиларни ҳам ташвишга солди. Бу мураббийнинг ишончни йўқотишига илк сабабдир. Фақатгина Хойлунд эмас, балки Мэйсон Маунт, Ваут Вегхорстларнинг трансферлари ҳам ҳайратланарли бўлгани айтилмоқда.
Унга бўлган ишончнинг йўқолиши фақатгина трансферлар билан боғлиқ эмас. Тен Хагнинг "Аякс" билан эришган ютуқлари, унинг жамоаси кўрсатган ўйинию, тактикаси ҳақида кўп гапиришади. Унинг тактикаси орқали "Манчестер Юнайтед" зафарлар қучишига ишонилганди. АПЛ доирасида бўлиб ўтган "Брайтон"га мағлуб бўлган учрашувда нидерландиялик мутахассис тўсатдан тактикани ўзгартиради ва бундан футболчилар ҳайратга тушади.
Биламизки, Тен Хаг қаттиққўл мураббийлардан бири. У Криштиану Роналду, Жейдон Санчо каби футболчиларни клубдан кетишига қайсидир маънода сабабчи бўлди. Бундай ишлар "Аякс"да ҳам бўлган. Оддий мисол, бир марта Дэвид Нерес мураббийга унинг сочлари ҳақида айтган гаплари учун вингерни машғулотлардан вақтинча четлаштирган. Сўнгги пайтларда унинг бир хил танқидларидан футболчилар чарчаган. Маълум бўлишича, мутахассисдан норози ўйинчилар Тен Хагнинг ўз "ёқимтойлари" бор, деб ҳисоблашади. Ўзларини эса ҳар доим танқид қилинишларидан ҳафсаласи пир бўлмоқда.
"Манчестер Юнайтед"ни олдинда "Челси" ва "Бавария" каби клубларга қарши ўйинлар кутиб турибди. Раҳбарият мураббийга ишонишда давом этиши мумкин, лекин ҳамма нарсанинг ҳам интиҳоси бўлади. Эътибор берадиган бўлсак, сўнгги пайтларда мураббийлар кийиниш хонасидаги тартибнинг йўқолишидан истеъфога чиқарилганди. Луи Ван Гал, Жозе Моуриньо, Ральф Рангник, Оле-Гуннар Сульшер шулар жумласидандир.
Фикрлар