Нагаев Осиё кубогини ўтказиб юборадими?
Ads

Кеча хабар бериб ўтганимиздек, Туркиядаги ўқув-машғулот йиғинида жароҳат олган Иван Нагаев бугун инструментал текширувдан ўтказилди. Бу текширувлар натижасида бирламчи ташхис ўз тасдиғини топди. Яъни, ҳужумчига чап сон олд мушагининг чўзилиши (мушак ички толаларининг кичик йиртилиши билан) ташхиси қўйилди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бундан маълум бўляптики, Нагаев учун йил охиригача давом этадиган ўқув-машғулот йиғини ўз якунини топди.

Шунга қарамасдан мураббийлар футболчини йиғин гуруҳида олиб қолишга қарор қилишган. Зарур бўлган даволаш муолажалари айнан шу ернинг ўзида тиббий штаб назорати остида амалга оширилажаклиги маъқул кўрилди.

Бу авваламбор руҳан қувватлов, чунки йил охиригача Иван Нагаев сафга қайтадиган бўлса, БААдаги Осиё кубогида муҳим фигуралардан бирига айланиши мумкин. Иккинчидан эса, Нагаев қитъа чемпионатидан қолиб кетган тақдирда ҳам хотиржам даволаниб олиши учун яхшигина замин яратилган бўлади.