"Наманганда бир қарорга келгандик, ҳеч нарсага эришмоқчи эмасман, шунчаки..." - Григалашвили пешқадам сафидан аутсайдер жамоасига нега ўтди?

Грузиялик ҳужумкор футболчи Элгужа Григалашвили анча вақтдан бери чемпионатимизда тўп суриб келяпти ва шунинг эвазига бу ўйинчининг нималарга қодирлигини яхши тасаввур қила оламиз. Тажрибасига шубҳа йўқ, исталган жамоасининг ўйинини кучайтиришга қодир. Шу сабабли ҳам анчадан бери клубларимиз унга харидор бўлиб келишади.

Биласиз, жорий мавсум аввалида Гужа Наманганнинг “Навбаҳор” клубига кўчиб ўтганди. Уни Бабаян жамоасига мос тушиши табиий жараён сифатида баҳоланди. Бир қарашда барчаси яхши кетаётганди. Биринчи даврада Григалашвили наманганликлар сафида 12 та учрашувда майдонга тушди. 3 та гол урди ва 4 бор сариқ карточка билан сийланди. У гол урган учрашувларда “Навбаҳор” албатта ғалаба қозонган. Бироқ ёзги трансфер ойнаси ёпилаётган маҳалда кутилмаганда грузиялик легионернинг “Навбаҳор”дан “Динамо”га ўтгани ҳақида хабар чиқди.

гужа2

Бизнингча, буни ҳеч ким кутмаганди. Айниқса, биринчи ўриндаги жамоадан охирги поғонадаги клуб сафига қўшилиши балки ҳаёлимизга келмаган иш бўлгандир. Аммо лигада қолиш учун жиддий курашишга киришаётган “Динамо” шунга яраша таркибини кучайтиришга жиддий бел боғлади. Шунинг эвазига самарқандликлар Григалашвили билан келишувга эришишга муваффақ бўлдилар. Мақсад “Динамо”ни Суперлигада сақлаб қолиш. Аммо осон бўлмайди, бунинг устига иккинчи даврадаги тақвим ҳам ноқулай. Аввалига Тошкентда “Пахтакор” билан ўйнаганини кўргандирсиз, ҳужумкор баҳсда “Динамо” 2:3 ҳисобида мағлубиятга учради. Олдинда Самарқанд жамоасини ўз уйида “Насаф” билан ўтадиган яна бир жиддий ўйин кутмоқда. Фурсатдан фойдаланган ҳолда Григалашвилининг клубини ўзгартирганига нима сабаб бўлгани ҳақида қизиқиб кўрдик.

- Элгужа, сизни “Навбаҳор” билан хайрлашишингизни ўйламагандик. Сизни у ердан кетишингизга нима жиддий сабаб бўлди?

- Бу масалада ҳеч қандай сабаб йўқ. Шунчаки, кетдим.

- “Навбаҳор”га қўшилган илк пайтингизда мақсадингиз катталиги ва клуб билан чемпион бўлмоқчи эканингиз ҳақида айтгандингиз. Собиқ жамоангиз бўйича ҳозир ҳам шу фикрдамисиз?

- Ҳа, мақсадлар бор эди ва ҳозир ҳам шундай. “Навбаҳор” жамоасининг ўз олдига қўйган мақсадларига эришишига умид қилиб қоламан.

гужа1

- Энди “Динамо” билан нимага эришмоқчисиз?

- Ҳеч нимага эришмоқчи эмасман. Шунчаки, жамоанинг Суперлигада қолиши йўлида қўлимдан келганича ёрдам бермоқчиман.

- Сизни яхши биламиз. Бунга қадар кучли клубларда тўп суришингизга кўникиб қолгандик. Вазият бундай тус олишини сиз ҳам кутмаганмидингиз?

- Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин.

- Нима учун айнан трансфер ойнаси ёпилаётган маҳалда бу иш содир бўлди?

- Биз ўшанда бу ҳақида гаплашганмиз ва биргаликда Наманганда бир қарорга келгандик.

гужа3

- “Динамо” “Пахтакор”га қарши яхши таассурот қолдирди. Ўйин ҳам голларга бой ўтди. Бу борада нима дея оласиз?

- Нима дейишим мумкин? Албатта, яхши ўйин бўлди. Иккала жамоа ҳам хавфли ҳужумлар уюштирди. Томошабинлар учун қизиқарли кечди. Лекин натижа биз учун кўнгилдагидек бўлмади.

- “Динамо”ни олдинда “Насаф” билан ўйин кутяпти. Кучли рақибни қандай ютмоқчисизлар?

- Буни сирли жойи йўқ. Шунчаки, майдонга чиқиб, максимум даражада ўйнаш керак. Ҳаммани ҳам ютиш мумкин. Мен шундай ўйлайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!