"Насаф", "Насаф", "Насаф". Диёр Имомхўжаев "аждарлар"нинг ютуқлари ва нега ОФК талабини бажара олмаганига эътибор қаратди
"Насаф" клуби яхши инфраструктура ва барча жамоаларига эга. Унинг салоҳияти ОФК мусобақаларида иштирок этишга етади, фақат жамоадагилар бироз эътиборлироқ бўлиши кераклигини таъкидлади ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев.
- "Насаф" футболимизнинг энг яхши лойиҳаларидан бири.
"Насаф" аёллар футболига "Севинч" кўзи билан қарайди, футзал жамоаси бор.
"Насаф" Суперлигада иккинчи, U-21 да учинчи, U-18 да биринчи. "Насаф" U-15 ва U-13 да ҳам ўз ўрнига эга.
"Насаф" ўз стадиони ва ўз академиясига эга бўлган Ўзбекистоннинг бир қўл бармоқлари билан саналадиган клубларидан бири.
"Насаф" бухгалтерия ҳисоботларини вақтида юритса, "Насаф"да қарздорликлар бўлмаса, "Насаф" мутахассислари ОФК талаб қилган сертификатларга эга бўлса ва шу шуларнинг ҳаммаси июль ойига қадар ОФК тизимига бирма-бир, қунт билан жойлаштирилса, ОФК лицензиясини олишда ҳеч қандай муаммо бўлмайди.
"Насаф" мисолида ёзилган жиҳатлар қолган клубларга ҳам тегишли. Биз шундай лойиҳаларни кўпайтириш орқалигина сезиларли ўсишга эришамиз. ОФК талаб қиладиган лицензиялаш талабларининг асл мақсади — барча клубларни камида шундай лойиҳага айлантиришдан иборат.
Кўряпсиз-а, ОФК кимнинг мухлислари энг зўр, кимнинг танкаси кучлироқ, деб сўрамаяпти. Қайсидир мураббий қайсидир жамоани кучайтирдими, натижалари яхшиланиб қолибди-а, демаяпти. ОФК инфратузилмангни, мутахассисларинг даражасини кўрсат, сенинг кимлигингни айтаман, деяпти. Биз буни ҳурмат қилишимиз керак.
Биз бир марта чемпион бўлиб, кейин йўқолиб кетадиган ёки бир порлаб совриндор бўладиганлар билан ҳеч нарсага эришмаймиз. "Бухоро" бир марта тўртликка кирди, аммо бу билан нимадир ўзгармади, бугун қуйи лигада ва ҳоказо. "Дўстлик" ёки МХСК бугун йўқ. Қўқон ёки Жиззах клуби савиясини оширяпти. Аммо унутмайлик, асосий натижа билангина ОФК ҳеч қачон клубни тан олмайди, унга тизимли ривожланиш керак. Шунинг учун ҳам "Насаф", "Машъал", "Пахтакор", "Бунёдкор" каби лойиҳалар кўпайиши ва кейинчалик улар бўрилар томонидан таланиши эмас, ўз ишининг усталари томонидан ривожланишда давом этиши муҳим, - деди Диёр Имомхўжаев.
Фикрлар