“Насаф”, “Пахтакор”, “Навбаҳор” – Бугун кимдир очко йўқотиши мумкинми ёки интрига давом этадими?
Бироз аввал Суперлига 25-тури доирасида бугун кураш олиб борадиган, тўғрироқ қилиб айтганда, турнир жадвалининг қуйи қисмидаги жамоаларнинг ўйинларида имкониятлар қайндайлиги борасида фикр юритгандик. Энди эса юқорига назар ташлаймиз.
“Пахтакор” – “Қизилқум”
“Шерлар” мавсум бошида бой берилган очколарни иккинчи даврада тўлдирди. Хатто Максим Шацких шогирдлари иккинчи ўринга кўтарилди. “Қизилқум”да эса акси. Жамоа яхши натижалар қайд этаётганда доимгидек иккинчи давранинг ўрталаридан кейин бўшашди. Навоийликлар 4-поғонага интилса бўлади. Аммо бу жуда мушкул вазифа. Бунинг учун АГМК икки ўйинда мағлубиятга учраши, ўзи эса 6 очко ишлаши лозим...
“Қизилқум” нимагадир даъво қилмайди. Шунинг учун бу “Пахтакор”га енгиллик бериши мумкин. “Шерлар”нинг мазкур баҳсдаги имкониятлари анча юқори.
Имкониятлар: 80% - 20%
“Металлург” – “Навбаҳор”
“Навбаҳор” кубок финалидан кейин анча тушкун кайфиятда эди. Лекин “Локомотив” билан беллашувдаги ғалабадан сўнг бироз ўзига келди. “Лочинлар” кўп гол урмайди. Кичик фарқ билан рақибдан устун келмоқда. Кам хатога йўл қўяди. Ярим ҳимояда яхши ижрочилар бор.
“Металлург” испаниялик мураббий қўл остида шу футболчилар билан шу ергача келди. Бу олқишга сазовор. Таркибда ёрқин номлар йўқ. Аммо жамоавий ўйин қурилмоқда. Жамоанинг битта камчилиги мавсумни барқарор ўтказа олмагани. Аслида буни жамоадан талаб қилиш ҳам қийин масала. Етакчилар ҳам бу борада оқсаяпти.
Ўйинга келсак, Самвел Бабаян жамоасини фақат ғалаба қаноатлантиради. Шунинг учун “Навбаҳор” қийинчилик билан бўлса-да, 3 очкони қўлга киритиш эҳтимоли бор.
Имкониятлар: 45% - 55%
Бугун Суперлигада битта жамоанинг тақдири ойдинлашиши мумкин
“Насаф” – “Нефтчи”
Рўзиқул Бердиев жамоаси ўз тарихида илк бор чемпионликка яқинлашяпти. Қаршиликлар кичик фарқ билан бўлса-да, зафар қучяпти. Тўғри, “аждарлар” очко йўқотган турлар бўлди. Бироқ уларнинг бахтига яқин таъқибчилари ҳам қоқилди. Энди ортга йўл йўқ. Хато қимматга тушадиган палла. Фарқ эса жуда кичкина. Хатто йўқ деса ҳам бўлади.
“Нефтчи” бир амаллаб юқорига интилди. Аммо жамоанинг лигада қолиши ҳали кафолатланмаган. Чунки охирги турларда турли натижалар қайд этилиб, ҳаммаси тезкари бўлиб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун фарғоналиклар “Насаф”га қаршилик кўрсатишга уринади.
Бироқ “Насаф”нинг устунлиги жамоанинг янгича услубида. 3 марказий ҳимояга қарши туриб берадиган жамоа Суперлигада ҳозирча топилмаяпти. “Нефтчи” эса бундай услубга қарши ўйнаб кўрмади. Ҳимояда камчиликлар бор. Шунинг учун ўйинда “Насаф” фаворит.
Имкониятлар: 60% - 40%
Бекзод ИСАЕВ
Фикрлар