"Насаф" Анталия йиғинини юқори нотада якунлади. Аммо Марушич қаерда?
Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги “Насаф” клуби янги мавсум анча барвақт тайёргарликни бошлаган. Селекцияда ҳам жамоа фаол бўлганини биласиз. “Аждарлар” чемпионатга тайёргарлик кўриш чоғида одатдагидек Туркиянинг Анталия шаҳрида ҳам йиғин ўтказишди.
“Насаф” матбуот хизматининг хабар беришича, жамоа аъзолари Туркиядаги йиғин доирасида иккита назорат учрашувида майдонга тушишди. Дастлаб эрталабки беллашувда “Насаф” яна бир Бразилия жамоаси билан беллашди. «Мауа» клубига қарши кечган беллашувда вакилларимиз 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Куннинг иккинчи ярмида эса Сербиянинг «Радник» жамоаси билан беллашди. Ушбу беллашувда ҳисоб очилмади.
Анталиядаги ўқув-машғулот йиғини доирасида “Насаф” 10 та назорат учрашувида майдонга тушди. Мазкур ўйинларнинг 7 тасида “Насаф” жамоасининг қўли баланд келди. 1 та дуранг ва 2 та мағлубият ҳам бор. Умумий маънода айтганда, Бердиев жамоаси ўртоқлик ўйинларини муваффақиятли тарзда ўтказа олди ва йиғинни ҳам юқори нотада якунлади.
Шу тариқа, юқоридаги беллашувлар билан Анталиядаги машғулотлар ўз якунига етди. “Насаф” бугун Анталия-Тошкент йўналиши бўйича Ўзбекистонга қайтади. Жамоа 4 февраль куни Қаршидаги қароргоҳида йиғилиб, мавсумга тайёргарликни давом эттиришади.
Эътиборимизни бир жиҳат ўзига тортди. Клуб Туркияга кетишидан аввал тажрибали ҳужумчи Зоран Марушич билан шартнома имзолаганидан хабардорсиз. “Насаф”нинг Туркияга жўнаб кетган таркибида ҳам Зоран рўйхатда бор эди. Аммо Анталиядаги ўртоқлик учрашувларида унинг номини бирор марта ҳам учратмадик. Маълум бўлишича, унда жароҳат бор ва шу боисдан йиғинида иштирок эта олмаган. Балки 4 февралдан Қаршида бошланадиган навбатдаги йиғинда кўриниш бериб қолар, кузатамиз.
Фикрлар