"Насаф" бу трансферни амалга ошириши мумкин, Саитов "Пахтакор"га ўтишни жуда хоҳлади, унинг бу қарорини кутмагандик" - Рўзиқул Бердиев таркибдаги ўзгаришлар ҳақида
“Насаф” ва Рўзиқул Бердиев ҳамма вақт барчанинг эътиборида. Айниқса, мавсумлар оралиғида бу жамоадаги ўзгаришлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Клубда тарбияланиб, кашфиёт сифатида порлаётган маҳаллий тарбияланувчиларига доим етакчи клублар ва четдан қизиқарли таклифлар бўлади, бу сафар ҳам шу ҳолат такрорланяпти. Бердиев сайтимиз учун интервью берди.
- Рўзиқул Саъдуллаевич, “Насаф” учун 2022 йилги мавсум салмоқли бўлди. Кубокни ютди, бронзани қўлга киритди ва Осиё Чемпионлар лигасидаги юришини давом эттиряпти. Ҳаммаси режангиз бўйичами?
- Албатта, биз учун мавсум ёмон ўтмади. Ютуқларга бой бўлди. Лекин чемпионатдаги қатнашишимиз кўнгилни озгина хира қилди. Мураббийларни ҳам, футболчиларни ҳам мақсади жиддий эди. Чемпионлик учун курашни қўлдан чиқарганимиз биз учун аламли бўлди. Бироқ бемалол айтишимиз мумкинки, мавсум жамоамиз учун омадли кечди. Осиё Чемпионлар лигаси, Ўзбекистон Кубоги ва чемпионатда охиригача курашдик. Шу боис умумий қилиб айтганда, мавсум яхши бўлди. Ҳар йили чемпионлар лигасида қатнашишни олдимизга олий мақсад қилиб қўйгандик. Қувонарлиси, 2023 йилда ОЧЛда икки марта қатнашамиз. Бу жуда қувонарли нарса. Йигитлар билан ушбу мусобақада иштирок этганимизда ҳар сафар унда кўпроқ қатнашишни олдимизга мақсад қилиб қўйгандик. Худога шукр, бунга эришиб турибмиз.
- “Насаф”да чемпионлик учун жуда яхши имконият бор эди. Барчаси клубни ўз қўлида эди. Аммо ўз уйида кутилмаганда “Нефтчи”га ютқазиб, оғзидаги ошни олдириб қўйди. Ўшанда нима бўлганди? Ёки футболчиларда қандайдир босим бормиди?
- Ҳеч қанақа босим бўлгани йўқ. Фақат футболчиларда чарчоқ аломати борлигини Кубок ўйинидан кейин “Динамо”га қарши учрашувда ҳам сезгандик. Чунки “Динамо” билан ҳам жуда қийин ўйнагандик. Ёдингизда бўлса, рақибни аранг 1:0 ҳисобида ютиб олгандик. Кубокни ютганимиздан кейин йигитларда мотивация борасида озгина пасайиш бўлди. Бу масалага яна қайтишни хоҳламасдим. Сиз ҳам шу ҳақида сўраяпсиз. Ҳаммаси ўтди-кетди. Бундан буёғига олдинга қараш керак. Биз яна чемпионлик учун курашишда давом этишимиз керак. Агар доим ўша нарсага диққат-эътиборингизни қаратаверсангиз бундан яхшилик келмайди. Ҳа, имкониятни қўлимиздан чиқардик. Лекин орқага эмас, олдинга қарашимиз лозим.
- Осиё Чемпионлар лигасидаги ўйинлар санаси эълон қилинди. Бу сизнинг тайёргарлик режангизга таъсир кўрсатдими?
- Йўқ, режамизни ўзгартиришга мажбур бўлдик. Биринчи режамизда декабрь ойида ўзимизда шуғулланадиган бўлганмиз. 8 январдан Туркияга кетишимиз керак эди. Кейин ўша ердан Саудия Арабистонига ОЧЛ ўйинлари учун йўл олишимиз режалаштирилганди. Бунинг ҳаммаси 3 феврални кўзлаб ишлаб чиқилганди. Энди сизлар ҳам биласизлар, ўйинлар 19 ва 20 февралга кўчирилди ва Қатарда ўтказилади. Натижада январь ва февралдаги режаларимизни ўзгартиришимизга тўғри келди. Декабрдаги режамиз ўзгаришсиз қолди. 28 декабргача Қаршидаги қароргоҳимизда шуғулланамиз. Январь ойидан яна Қаршида машғулотларни давом эттирамиз. Бу 25 январгача давом этади. Кейин 27-санасидан Туркияга кетиб, тайёргарлигимизнинг асосий қисмини ўша ерда ўтказиб, у ердан Қатарга йўл олиш режалаштирилган.
- Таркиб масаласи ҳаммани қизиқтирмоқда. Айни пайтда бу борада қандай ўзгаришлар бор?
- Ўзгариш бўлади ва кутиляпти ҳам. Ўзларинг ҳам эшитяпсизлар, асосий футболчиларимиздан бири Дилшод Саитов “Пахтакор”га ўтишни жуда хоҳлади. Бу биз учун кутилмаган ҳолат бўлди. Клубимиз ҳам, мен ҳам ундан бундай қарорни кутмагандик, аммо қарорини ҳурмат қиламиз. Шу боис Саитовга рухсат бердик, омад тилаймиз. Бу биринчиси эди. Иккинчиси шундаки, таркибимиздаги баъзи-бир футболчиларга яхши таклифлар бўляпти. Агар Европа томонлардан жиддий қизиқишлар бўлса, клубимиз кўриб чиқади. Шунинг учун балки кимдир трансфер қилиниши мумкин. Ҳозирча таркибимизга ижарадагилар қайтган. Ўйинчиларимизни йўқотишимизга қараб, уларнинг ўрнини муносиблари билан тўлдиришга ҳаракат қиламиз.
- Иван Соловьёв ҳам “Насаф”ни тарк этиб, “Локомотив”га ўтяпти экан...
- Бу рост. Иванга миннатдорчилик билдирамиз. Жамоамизнинг ютуқларига ўз ҳиссасини қўшди. У келиб хайрлашиб кетди. Ҳали “Локомотив”га расман ўтмади, лекин биз ҳам шу жамоага ўтаётганини эшитдик. Бундан ташқари, яна бир легионеримиз Машович билан шартномани тўхтатганмиз у билан хайрлашдик. Ҳозирча ўзгаришлар шулардан иборат.
- Лима Круз билан Марко Станоевич жамоада қоладими?
- Круз қолади. Марко операция столига ётган. Унда тикланиш жараёни бўлади. Имкон қадар клубимиз у ҳақида қайғуряпти. Барибир уни жароҳатдан кейин тикланиши беш ойга чўзилади. Шу сабабдан футболчи билан қандай шартнома тузилиши бу жамоага боғлиқ.
- Демак, чемпионатнинг дастлабки қисмида ёрдам бера олмас экан-да?!
- Ҳозир бир ой ўтди, чемпионлар лигасида ёрдам бера олмайди. Яна тўрт ойи бор. Балки март ойиларигача тикланиб қолар. Бу ҳам йўқотиш. Аммо Маркога тезроқ соғайиб футболга қайтишини истаймиз. Боя айтганимдек, йўқотилган ўйинчиларнинг ўрнини тўлдиришимиз керак.
- Хусниддин Алиқуловга Грециянинг АЕК клуби жиддий қизиқиб қолибди. У ҳам кетадими?
- Мен ҳам эшитяпман. Грециянинг АЕК жамоасидан қизиқиш борлигини билдиришяпти. Бу жараён давом этса керак. Ўйлайманки, агар шундай клуб таклиф билдирса, “Насаф” бу трансферни амалга ошириши мумкин. Чунки бу клубимизнинг нуфузи учун ҳам катта ютуқ бўлади. Бундай жамоалардан таклиф бўладиган бўлса, клубимиз қаршилик кўрсатмайди. Футболчи, футболимиз ва клубимиз учун ҳам жуда яхши бўлади. Биласиз, АЕК ҳар доим мамлакатининг етакчи жамоаси ҳисобланади. Еврокубокларда ҳам қатнашиб келади. Албатта, мураббий сифатида унинг кетиши бизга қанчалик оғир бўлмасин, аммо футболимиз учун керакли нарса.
- Йўқотишлар ўрнини тўлдириш ҳақида айтяпсиз. Бу асосан маҳаллий футболчилар ҳисобигами ёки легионерлар ҳам келадими?
- Бу легионер бўладими ёки маҳаллийми, муносибларини кўриб чиқамиз. Албатта, ўз имкониятимизга ҳам қараймиз. Балки ўша нуқталарни ёшларимиз билан тўлдирармиз. Бу масалада ҳар томонлама ишларни олиб борамиз. “Насаф” ҳар доим қандай таркиб бўлишидан қатъий назар чемпионатни қиздириб беради.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар