"Насаф" легионери: "Клубни тарк этяпман, четдаги фаолиятимни якунлайман"
“Насаф” клуби чемпионатда медалсиз қолганини яхши биласиз, клуб 4-ўрин билан кифояланди. Аммо “аждарлар” кубокни қўлга киритиш орқали мавсумни юқори нотада якунлай олдилар. “Насаф” ҳам аста-секин янги мавсум учун режаларни тузиб чиқади. Шунга яраша таркиб ҳам кучайтирилиши мўлжалланган.
Хабарингиз бор, жамоа сафига биринчи даврадан сўнг сербиялик ҳужумчи Андрия Калудерович таклиф қилинганди. 34 ёшли легионердан кўп нарса кутилганди, шундай эмасми? Лекин клуб тарбияланувчиси Ҳусайн Норчаев кетма-кет голлар урган ҳолда “Насаф”нинг асосий ҳужумчиси эканлигини кўрсатиб қўйди.
Лекин Калудерович ҳам ёмон таассурот қолдирмади. Тўғри, у Суперлигада 14 та учрашувда 2 та гол урди. Аммо Ўзбекистон кубоги ва ОФК кубогида голлари билан жамоасига ёрдам берди. Айниқса, ОФК кубоги ярим финалида Гонконгнинг “Ли Ман” жамоасига қарши кечган драматик ўйиннинг қўшимча бўлимида ўта муҳим голни уриб, “Насаф”нинг финалга чиқишига катта ҳисса қўшгани эсимизда.
У билан “Насаф”га янги қўшилган пайтда суҳбатлашгандик. Энди эса режамизга биноан чемпионат тугагач, Калудерович билан яна бир суҳбат ташкил этдик.
- Андрия, Суперлигамизда ярим мавсумни ўтказдингиз. Энди айтинг-чи, “Насаф” сизга ҳар томонлама мос тушдими?
- “Насаф” – топ жамоа эди. Тўғрисини айтаман, мен бу клуб сафида ўтказган вақтимдан жуда ҳам роҳатландим.
- Жамоангиз Ўзбекистон кубогини қўлга киритди. Бироқ мана шунда ҳал қилувчи учрашувда захирада қолдингиз. Бу кайфиятингизга таъсир кўрсатмадими?
- Биласизми, мен учун энг муҳими жамоам билан совринларни қўлга киритиш. Майдонда ўйнайманми-йўқми, бу менинг муаммом эмас. Кубок баҳсларида мен учта ўйинда иштирок этдим ва учта гол уришга муваффақ бўлдим. Ўйлайманки, кубокдаги муваффақиятимизда ўз номимни тарихга ёзиб қўя олдим.
- Сиз асосан инглиз тилида гаплашасиз. “Насаф”да аксарияти ўзбек ва рус тилида сўзлашишади. Шундай экан, сизда у ерда тил борасида қўшимча муаммолар туғилмадими?
- Сизга тўғрисини айтадиган бўлсам, ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ. Футбол ўйнар экансиз, унда барчасини тушуниб олиш жуда ҳам оддий ва бу у қадар қийин ҳам эмас. Шунингдек, бу борада менга дўстим Марко ҳам катта ёрдам берганини айтмоқчиман.
- “Насаф” жамоаси билан ярим мавсумга мўлжалланган шартномангиз бор эди. Ўша муддат тугади ва энди нима қилмоқчисиз? Чунки бу биз учун қизиқ. Клуб сизга янги шартнома таклиф қилдими ёки “Насаф” билан хайрлашмоқчимисиз?
- Мен клубни тарк этяпман. Ростини айтаман: ўзимнинг легионер сифатидаги фаолиятимни якунламоқчиман. Энди бундан кейин фақат Сербия чемпионатида тўп суришим мумкин. Бу эса оилавий сабаблар билан боғлиқ масала.
- Айтинг-чи, клубни сиздан қарзи қолмаганми?
- Менга ойлик маошимнинг ва бонусларнинг маълум бир қисмини тўлашди. Лекин барча билиб турибдики, “Насаф”да молиявий томондан бироз муаммолар мавжуд. Лекин ишонаманки, бу борада клуб билан ҳеч қандай можарогача етиб бормаймиз. “Насаф” менинг қолган пулларимни ҳам муаммосиз тўлаб беришади.
- Суперлиганинг бошқа жамоаларидан аниқ таклифлар олдингизми?
- Йўқ.
- Ҳусайн Норчаев клуб тўпурарига айланди. Сизнингча, рақобатда унга ютқаздингизми ёки мураббий сизга унчалик ишонч билдирмадими?
- Менинг фикримча, Норчаев юқори даражадаги ҳужумчи. У ёш ва иқтидорли йигит. “Насаф” ўрнимга нима учун уни асосий таркиб футболчиси сифатида кўрганини мен тушунаман. Чунки у шунга яраша салоҳиятга эга. Мен шунчаки, захирадаги ўрнимни қабул қилгандим.
Фикрлар