"Насаф" сардори: "Жамоамиз олдига ОФК Кубогида зафар қучиш вазифаси қўйилган, раҳбарларимиз бизга футболчи олишимизга ёрдам беришса яхши бўларди"
Яқинда “Пахтакор” билан АГМКнинг Осиё Чемпионлар лигасидаги иштирокига гувоҳ бўлгандик ва барчанинг эътибори ушбу клубларимизга қаратилганди. Олдинда яна бир халқаро мусобақа турибди. Нуфузи бўйича Осиё Чемпионлар лигасидан кейинги ўринда турувчи ОФК Кубогида бу йил Қаршининг “Насаф” жамоаси иштирок этади ва шу тариқа, “аждарлар” Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладилар.
Иқтидорли ёшлардан ташкил топган “Насаф”нинг ОФК Кубогида қандай иштирок этиши, натижалари қай кўринишда бўлиши ҳаммамиз учун қизиқ. “Пахтакор” билан АГМКнинг ОЧЛда гуруҳдан чиқа олмаганидан кейин "ОФК Кубогида “Насаф” муваффақиятли иштирок эта оладими?", деган саволлар янграяпти. Биз албатта Рўзиқул Бердиев жамоасидан ижобий натижаларни кутишимиз табиий.
“Насаф”нинг гуруҳини яна бир бор эслатиб ўтамиз. Вакилларимиз Қирғизистоннинг “Алай”, Тожикистоннинг “Хўжанд” ҳамда Туркманистоннинг “Олтин Аср” клубларига қарши майдонга тушади. Лекин “Олтин Аср”нинг ОФК Кубогида иштирок этиши сўроқ остида турганлиги маълум бўлди.
Айни пайтда “Насаф” клуби Тожикистонга жўнаб кетиш олдидан Тошкентда қизғин тарзда машғулотлар олиб бормоқда. Боя жамоа таркибида иқтидорли ёшлар жамланганига тўхталдик. Уларнинг орасида тажрибали ўйинчилар ҳам бор. Масалан, жамоа сардори Умар Эшмуродовнинг зиммасидаги масъулият ҳам катта. Футболчи sports.uz мухбирига гуруҳ баҳсларига кўрилаётган тайёргарлик борасида ўз фикрини билдирди.
- Бўлажак учрашувларга тайёргарлигимиз яхши кечяпти. Тожикистонга кетиш олдидан биз Тошкентда сунъий майдонда машғулот ўтказяпмиз ва тезда бундай майдонга мослашиб олишга ҳаракат қиламиз. Жамоадаги барча йигитларнинг кайфияти яхши, - дейди “Насаф” сардори.
Дарҳақиқат, гуруҳ учрашувлари Душанбеда сунъий қопламали майдонларда ўтказилади. “Насаф” футболчилари шунга мослашиш учун Тошкентда “Чиғатой”даги сунъий майдонда шуғулланмоқда. Лекин асосан табиий майдонда ўйнашга кўниккан “Насаф” жамоасига Тожикистондаги сунъий майдонлар қанчалик ноқулайлик туғдириши мумкин?
- Албатта, сунъий майдон билан табиий майдоннинг фарқи бор. Лекин дастлабки ўйингача бизда бир ҳафта вақт бор. Унгача сунъий майдонда шуғулланамиз. Ўзим эса икки ёки уч кун уйга дам олишга жавоб берилган пайтда ҳам сунъий майдончаларда шуғулланиб турдим, - дея жавоб берди Эшмуродов.
“Насаф” клуби шунингдек, гуруҳдаги рақиблар ҳақида ҳам маълумот тўплаб боряпти ва уларнинг ўйинлари таҳлил қилинмоқда. “Насаф”нинг асосий рақобатчиси ким, буни гўёки Марказий Осиё чемпионати, деб ҳам ҳисоблаш мумкинми? Умуман олганда, қаршиликларни кўпчилик бу гуруҳдан осонлик билан кейинги босқичига чиқиши борасида фикр билдиришяпти. Ўз навбатида, Эшмуродов бу борада тўхталар экан, жумладан шундай деди:
- Буни унчалик фарқи йўқ, деб ўйлайман. Гуруҳда ким рақиб бўлса ҳам ўйнайверамиз. Рақибларни ўрганиб боряпмиз. Улар яхши савиядаги жамоалар. Гуруҳда учта ўйин бор. Одатдагидек, 6 та эмас. Шунинг учун гуруҳдаги ҳар бир жамоага жиддий қараяпмиз. Албатта, осон бўлади деб ўйламаяпман. Лекин бу гуруҳдан чиқишга салоҳиятимиз етади. Шунга кўра, жиддий тайёргарлик кўряпмиз.
Шу ўринда кўпчилик “Насаф”нинг олдига ОФК Кубогида аслида қандай вазифа қўйилгани билан ҳам қизиқмоқда. Жамоа сардори шундай жавоб қайтарди:
- Жамоамиз олдига ОФК Кубогида зафар қучиш вазифаси қўйилган. Футболда олдиндан ҳеч нарса деб бўлмайди. Аммо менинг ўйлашимча, буни уддалай оламиз. Ёзги трансферда ҳам раҳбарларимиз бизга футболчи олишимизга ёрдам беришса яхши бўларди. Чунки ОФК Кубогидан ташқари Ўзбекистон чемпионати ва Кубогида ҳам яхши қатнашишимиз керак.
Маълумки, “Насаф” клуби 2011 йили ОФК Кубогини қўлга киритган. Шу боис ушбу мусобақа қаршиликлар учун жуда яхши таниш ва ёқимли таассуротлар қолдирган. Қолаверса, ўша пайтдаги таркиб билан ҳозиргиси ўртасида ҳам катта тафовут бор.
- Ўша йили ҳамма ўйинни стадионда кўрганман. Аммо финални телевизорда томоша қилгандим. Чиройли ғалаба бўлганди. Албатта, таркиб бўйича фарқ бор. У пайтларда жамоада иккита тенг кучли таркиб бор эди. Ҳозир вазият бошқача. Олдиндан гапириш нотўғри бўлади. Бизнинг дастлабки мақсадимиз гуруҳдан ўтиб олиш, қолганини кейин ўйлаймиз, - дейди Умар Эшмуродов.
Фикрлар