"Насаф"да энг йирик ҳисоб, "Навбаҳор"да энг кўп мухлис - Суперлигамиздаги сиз эътибор бермаган статистикалар!
Ўзбекистон Суперлигаси янги мавсумига ҳозирлик кўрилмоқда. Кимдир юқори даражадаги футболчиларни ўз сафига қўшиб олиб, йиғин ўтказиш учун хорижга йўл олган бўлса, қолганлар камтаргина бюджет туфайли маҳаллий жамоаларга қарши ўртоқлик учрашувлари билан кифояланяпти. Дарвоқе, қишки йиғинни қаерда ўтказиш борасида бир қарорга келиб улгурмаган клублар ҳам йўқ эмас. Биз юзага келган танаффусдан унумли фойдаланиш мақсадида эътиборингизга Суперлига ўтган мавсумининг қизиқарли статистикаларини тақдим этамиз.
"Насаф" ва "Бунёдкор"нинг статистикаси бир хил
Ҳар икки жамоа мавсум давомида 13 тадан ғалаба қозониб, 6 бор дуранг ўйнаган. Қолган 7 баҳсда мағлубият қайд этилган. Фақатгина тўплар нисбати сабабли "аждарлар" жадвалда юқорироқ поғонани банд этди. Ўзаро ўйинларда ҳам тенгликка гувоҳ бўламиз. "Бунёдкор" стадионидаги беллашув мезбонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган. Қаршида "аждарлар" рақибни тор-мор келтирган, 5:0. Пойтахтнинг бошқа жамоаси "Локомотив"да ҳам "Насаф" ва "Бунёдкор" каби 6 дуранг бор. Аммо "темирйўлчилар" ғалаба қозониш борасида бироз камроқ натижа қайд этган.
Умуман олганда, "Насаф" ва "Бунёдкор" мавсум давомида икки хил таассурот қолдирди. Якунда улар намойиш этган натижа тенг бўлиб чиқмоқда. Йил бўйи иккинчи поғона учун талашган "аждарлар" мавсум сўнгида Суперлигада темпни тушуриб юборди. Бор эътиборни Ўзбекистон кубоги ва ОФК кубогига қаратган Бердиев жамоасининг якунда медаллардан қуруқ қолиши ҳам қайсидир томондан адолатли натижа, назаримизда. Тошкентликларда вазият бошқача. Мақсудов бир неча етакчилари ва Абрамовдан айрилган "қалдирғочлар"ни кучлилар сафида олиб қолиши лозим эди. Якунни барчамиз кўрдик.
Энг кам мағлубият ва ўтказилган энг кам гол "Сўғдиёна"да!
Бақоевни ўзбек Симеонеси, десак муболаға бўлмайди. Мустаҳкам мудофаа ва дарвоза чизиғи жиззахликлар ғалабаларининг асосий калити бўлиб хизмат қилмоқда. Жамоа 26 ўйинда атиги 15 бор дарвозасидан тўп олиб чиққан. Бор-йўғи 4 баҳсда 2 та гол ўтказиб юборган, 14 та "cleansheet". "Сўғдиёна"ни мағлуб этиш фақат "Насаф", "Локомотив" ва камтаргина "Турон"гагина насиб этган, холос. Рақибга ўйин бермаслик, прагматик футбол якунда "бўрилар"га кумуш медаль ва Осиё яшил майдонларига юртимиз шарафини ҳимоя қилиш имкониятини тақдим этди.
"Металлург" энг кўп мағлуб бўлган клуб
Бекободликлар доимгидек ички чемпионатимизнинг энг тушунарсиз жамоаларидан бири бўлиб қолмоқда. Бир қараса кетма-кет мағлубиятларни қабул қилиб оладиган клуб бошқа сафар совринли ўринлар учун кураш олиб бораётган рақиблари устидан ғалаба қозонади. Уларнинг "қурбон"лари орасида "Насаф", "Бунёдкор" каби номдор жамоалар ҳам бор. Қизиқарли томони, мавсум давомида "Металлург" атиги бир мартагина дуранг ўйнади. 11-турда Тошкент вилоятида меҳмон бўлган "Навбаҳор" ортга 1 очко билан қайтганди. Деярли бутун йилни Жасур Абдураимов қўл остида ўтказган клубни "муроса билмас", деб аташимиз мумкин.
"Мухлислар армияси" бўйича наманганликлар мутлақ пешқадам!
Ўтган мавсум Суперлигада 6 тур жамоалар бўш трибуналар қаршисида футбол ўйнади. Албатта, бу қувонарли ҳолат эмас. Мухлисларнинг стадионларга бевосита ташрифига тўхталсак, наманганлик томошабинлар юқори поғоналарни ҳеч кимга бермаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Тобора азалий рақибга айланиб бораётган "Пахтакор"нинг "Марказий"га меҳмон бўлган учрашувини 15992 томошабин ўйингоҳдан кузатиб борган. Совринли ўринлар учун кураш олиб борган бошқа бир клуб "Сўғдиёна"нинг "лочинлар"га қарши Намангандаги баҳсида бу кўрсаткич 17558 тани ташкил этади. Ва энг юқори натижа "Навбаҳор" - "Насаф" ўйинида қайд этилган. 3-турдан ўрин олган "лочинлар"нинг "аждарлар"га қарши беллашувини нақд 19358 мухлис "Марказий"да кузатган. Бу рақамлар ЎзПФЛ расмий сайти тақдим этган маълумотлар ҳисобланади.
Энг йирик ҳисоб
Дастлабки турларда "Насаф" ўз майдонида қўшнилари "Сурхон" вакилларини қабул қилганди. Мазкур баҳс қаршиликларнинг 6:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган. Иккинчи таймда "аждарлар" рақиб дарвозасини 5 бор ишғол этган Бердиев шогирдларининг бу натижасини бошқа ҳеч бир клуб такрорлай олмади. Аммо 6 та тўп киритилган бошқа учрашувлар ҳам йўқ эмас. Улардан бирида яна "Сурхон" жабрланувчи ролида кўриниш беради. Термизликларнинг 12-тур доирасидаги "Бунёдкор"га қарши ўйини анча оғриқли натижа билан ёдда қолган. Баҳс пойтахтликларнинг 5:1 ҳисобидаги ғалабаси билан тугаганди ўшанда.
Голлар бўйича фикр юритилганда амалдаги чемпион, рақиб дарвозаларини ишғол этиш бўйича ҳам энг яхши кўрсаткич қайд этган "Пахтакор" ҳақида гапирмасак, адолатдан бўлмайди. Бироқ дастлаб улар мағлуб бўлган Қўқондаги ўйинга тўхталамиз. Ўз тарихидаги 14-чемпионликни расмийлаштириши мумкин бўлган учрашувда "шерлар" босимни кўтара олмадими, ёки бошқа важ туфайлими, кутилмаганда, "Қўқон-1912"дан 4 та гол ўтказиб юборди. Рақиб дарвозасига киритилган 2 та тўп эса, якунда ҳеч нимани ҳал этмаганди. "Пахтакор" ўтган мавсум чемпионлигини расмийлаштирган учрашув ҳам голларга бой тарзда кечганди. Биринчи бўлим 2:2 ҳисобидаги жанговар дуранг билан якунланганидан сўнг навоийликлар бироз чарчаб қолганди, чоғи, Нестеров ўйин якунига қадар дарвозасидан яна 2 та тўп олиб чиқишга мажбур бўлганди. Ҳар икки баҳсда 6 тадан гол урилган, 4:2.
P/s: Бугун эътиборингизни Суперлигадаги баъзи статистикаларга қаратишга ҳаракат қилдик. Насиб қилса, келаси сафар ички чемпионатимиз ва ўзбек футболидаги бошқа эътиборга молик вазиятларни ёритишга ҳаракат қиламиз.
Жавоҳир Азимов
Фикрлар