"Насаф"да из қолдириб, Олимпиадага ошиқаётган истеъдод соҳиби

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳам навбатдаги йиғинини бошлаганидан хабарингиз бўлса керак. Любинко Друлович бошчилигидаги жамоамиз аъзолари кўзланган мақсад сари ишлашда давом этишяпти. Таркибга эътибор қаратсак, кўпчилиги «Насаф» жамоасининг тарбияланувчилари эканлигини кўриш мумкин. Чиндан ҳам қаршиликлар сафида иқтидорли йигитлар кўпчиликни ташкил қилмоқда. Шу сабабдан олимпия терма жамоасида ҳам «Насаф» вакиллари асосий фигуралар қаторида тилга олинмоқдалар. Масалан, қанот ярим ҳимоячиси Ислом Кенжабоев ҳақида доим илиқ фикрлар билдирилади. Табиийки, терма жамоа мураббийлари ҳам ушбу ўйинчига катта ишонч билан қарашмоқда. Маълум вақт жароҳат туфайли йиғинлардан четда қолгач футболчининг яна таркибга қайтгани олимпия жамоамизнинг ўйинини кучайтиришига шубҳа йўқ. Айтиш керакки, Ислом Кенжабоев билан мулоқот давомида бир қатор муҳим фикрларини ҳам билдириб ўтди. Аввало у олимпия терма жамоасининг йиғини ҳақида тўхталиб ўтди.

- Ҳозирда жамоавий ўйинни янада яхшироқ шакллантиришга ҳаракат қиляпмиз, - дея гап бошлади, Кенжабоев. - Боиси таркибимизга яна янги ўйинчилар қўшилган. Уларнинг жамоага мослашиши, ўйин муҳитига кўникиши борасида ишлар олиб бориляпти. Бизнинг асосий тайёргарлигимиз асосан Олимпиадага йўлланмани қўлга киритишга қаратилган. Ҳозирги йиғинимиз давомида Эронга қарши назорат учрашувини ўтказяпмиз. Сўнг январда Осиё чемпионати баҳсларида қатнашамиз. Боя айтганимдек, Олимпиадада иштирок этишимиз жуда муҳим. Жамоамиздаги муҳит эса ажойиб. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти билан ўтказилган учрашувда ҳам миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига ва олимпия терма жамоамизнинг Олимпиада мусобақасига йўл олиши қанчалик муҳим эканлигини ҳис қилиб турибмиз. Раҳбариятнинг бизга бўлган ишончи катта. Ўзимизга бўлган масъулият ва ишончни янада яхшироқ ҳис қила бошлаяпмиз.

Ислом Кенжабоев «Насаф»да Рўзиқул Бердиевнинг кашфиёт футболчиларидан бирига айланганди. Шу сабабли футболчининг ривожланишида ушбу мутахассиснинг ўрни катта. Айни пайтда эса Кенжабоев Ўзбекистон олимпия терма жамоасида Любинко Друлович билан бирга ишламоқда ва сербиялик мутахассис ҳам Кенжабоевнинг имкониятларини юқори баҳоламоқда. Иккала мураббий билан бирга ишлаган ҳолда уларнинг фарқли томонлари нимада эканлиги ҳақида сўрадик.

кенжабоев5

- Тўғриси, Бердиев ҳам, Друлович ҳам кучли мураббийлар. Уларни бир-биридан ажратиб кўрсата олмайман. Масалан, «Насаф»га борганимда бошқача талаблар бўлади, терма жамоада эса бошқа. Уларнинг устун томонлари кўп ва ишлаш услублари ҳам турлича.

Шунингдек, олимпия терма жамоасида шуғулланаётган футболчи сифатида бош мураббий жамоадан нимани талаб қилаётгани тўғрисида ҳам гапириб ўтди.

- Друлович майдонда катта иштиёқ билан ўйнашимизни истаяпти. Бунинг устига бош мақсадимиз бўлган – Олимпиадага чиқишимиз нақадар муҳимлигини бизга тинмасдан тушунтириб боряпти. Айнан шу йўлда биз бутун жамоамиз билан ягона кучга айлана оламиз. Қилаётган барча меҳнатларимиз асосий мақсадимизнинг амалга ошишига қаратилган.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ислом Кенжабоевнинг «Насаф»да порлаб чиққанидан кейин олимпия терма жамоасида ҳам етакчилардан бирига айланишини кутишмоқда. Шуни инобатга олганда, футболчи термада ўзини қанчалик етакчи дея ҳисоблайди?

- Ўзимни асло ажратиб кўрсатишни хоҳламайман, - дейди Кенжабоев. – Аслини олганда эса терма жамоамизда ажралиб турадиган ўйинчилар кўп. Лекин ҳамма ўзидаги масъулиятни яхши тушуниб туришади ва барчанинг ўзига яраша ўрни ҳамда етакчилик хусусиятлари бор. Айтмоқчиманки, терма жамоамизда ҳар бир футболчи ўз чизиғи бўйича муҳим аҳамиятга эга, дарвозабондан тортиб ҳужум чизиғигача. Жамоада ҳамманинг ўрни бор.

кенжабоев2

Кенжабоев олимпия терма жамоамизни ҳам яхши билган ҳолда асосий устунлигимиз нимада эканлигига ҳам тўхталиб ўтди.

- Бизда жамоавий ўйин яхши. Боя айтганимдек, ҳамма ўзининг позициясида устунликка эга. Ким нима қилишни ва қандай вазифаси борлигини яхши билади. Аслида бизнинг ҳамма томонларимиз кучли, фақат ўйнаш керак. Барчаси ўзимизга боғлиқ. Таркибга қаранг, Бобур Абдуҳолиқов, Жасур Яхшибоев, Азиз Ғаниев, Остон Ўрунов, Ислом Қобилов ва яна бу рўйхатни давом эттиришим мумкин. Бари яхши ўйинчилар шу ерда. Шундай экан, биз ҳеч кимдан кам эмасмиз. Рақобат ҳам кучли. Мен чап қанот ярим ҳимоясида ўйнайман. Бу чизиққа эса учта даъвогар футболчи бор. Ҳар бир чизиқда 2-3 тадан рақобатчилар бор. Масалан, мураббийлар мени ҳужумда ҳам синаб кўришяпти. «Насаф»да ҳам баъзида ҳужум чизиғида ўйнаб тураман. Шунинг учун бу менга бегона эмас.

Шу билан бирга ушбу ўйинчининг «Насаф»да ҳам асосий фигуралардан бирига айланиши кутилаётганди. Ҳар ҳолда ўтган йили у кашфиёт футболчилардан бирига айланганди. Лекин бу мавсумда у кўпроқ захирадан ўйинга қўшилаётгани ёки захирада қолаётган ҳолатлари ҳам учраб турибди.

- Кўрдингиз-ку, мавсум бошида жароҳат олгандим. Кейин даволандим ва жароҳатимни битиргач яна майдонга қайтгандим. Афсуки, яна жароҳат олдим, бу сафар тиззамдан. Шундан сўнг уч ой машғулот қилганим йўқ. Мана, энди тикландим ва мени олимпия терма жамоасига чақиришди. Ҳозир анча яхшиман. Фақат бошида жароҳатлар таъсир кўрсатганди.

«Насаф» доимгидек ҳамма учун ёқимли жамоа бўлиб қолмоқда. Айниқса, маҳаллий тарбияланувчилари билан чемпионатда ҳамон совринли ўринлар учун курашиб келаётгани катта гап. Кенжабоев эса бу ҳақида ўз фикрини қуйидагича билдирди.

- Ҳаммаси Рўзиқул ака Бердиев билан боғлиқ. Мураббийимиз доим ёшларга ишонч билдиради ва уларни ўйнатишдан сира қўрқмайди. Доим академиядан биз каби футболчиларни асосий жамоа учун тайёрлаб борадилар. Академияда ўқиб юрган пайтимизда бизни катта футболга тайёрлаб боришади. Ёшлар таркибига ўтганимизда бу йўналиш худди шу тартибда давом этаверади. Ҳаммаси босқичма-босқич бажарилади. Яна бир нарса: «Насаф»да ўйнаётган ёшларда иштиёқ кучли. Бизни бундан бошқа нарса қизиқтирмайди, фақат футбол. Жамоа учун ўйнаш, жамоага ёрдам бериш асосий ўринда туради.

кенжабоев3

Шу ўринда Ислом Кенжабоевнинг «Насаф»га қандай келиб қолгани ҳам қизиқ. Шу боисдан унинг клубга қай тариқа қўшилишининг тарихи билан ҳам қизиқиб кўрдик.

- «Насаф» академиясига 2012 йили келганман. Биринчи бор Нурали Султонов билан ишлаганман. 1999 йилда туғилганларга мураббийлик қилган. Ўзим навоийликман ва у ердаги менинг биринчи мураббийим Асрор ака Пирназаров бўлганди. Биз Қаршига мусобақа учун келгандик. Очиғи, футбол ўйнаб кетишимга шу инсон ҳам сабабчи бўлган. «Насаф»дагилар ўйинимни кўрибоқ дарҳол мени олиб қолишганди. Аниқроғи Нурали ака Султонов мени олиб қолган. Бундан ташқари, Павел Фёдорович деган мураббий билан ҳам ишлаганмиз. «Насаф»га келиб катта футболда ўйнаб кетишимга шу иккала мураббийларнинг ҳиссалари  катта эканлигини айта оламан.

Шунингдек, «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев билан илк бор қандай танишгани ва бирга ишлагани қандай юз бергани ҳақида тўхталиб ўтди.

- Аслида Рўзиқул ака бизнинг ўйинларимизни доимий равишда кузатиб юрарди. У киши ҳар куни академияга келиб, болаларнинг ёшига қарамасдан нечанчи йилдаги жамоалар ўйнаётган бўлса ҳам ҳаммасининг ўйинларини кўради. Кейин бизни аста-секин ёшлар жамоасига ўтказишганида ҳам ўйинларимизни диққат билан кузатиб келарди. Мен эса ўринбосарлар жамоасида голлар уриб юрардим. Сўнгра мени ҳам асосий жамоага қўшишни бошлади. 2017 йили мени ҳам Туркидаги йиғинга олиб кетди. Ўша ерда ҳам менга ишонч билдириб, асосий жамоанинг ўйинларида майдонга туширарди. Ўша йилнинг бошида «Бунёдкор» стадионида Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф баҳсида ўйнагандик. Менинг дебют ўйиним ўша ўйинда юз берган. Шундан кейин менинг чинакамига катта футболдаги фаолиятим бошланди. Менинг ҳозирча энг катта орзуим Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан Олимпиадага чиқиш ҳисобланади, буни жуда ҳам хоҳлайман. Аслида эса менинг футболчи сифатида эришишим мумкин бўлган хоҳиш ва истакларим кўп. Миллий терма жамоада тўп суриш ва Европанинг кучли чемпионатларида ҳам ўйнашни жуда-жуда истайман. Аввало «Насаф» клубида ўз тарихимни қолдирмоқчиман.

Бундай ўйинчиларнинг ёшида футболчи кўтарилишга эришаётган маҳалда юлдузлик касалига дучор бўлиши табиий ҳол. Айниқса, халқаро майдонларда ўзини кўрсатадиган бўлса, кейин ўзгариб қолишади. Бундай ҳолат эса Ислом Кенжабоев ёки бошқаларда ҳам юз бериши мумкин. Ушбу вазиятга «Насаф» вакили қуйидагича изоҳ билдирди.

кенжабоев4

- Ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, дарҳақиқат ёшлар бирор нимага эришса ёки ўзини кўрсатадиган бўлса, кейин машғулотларда жиддий ишламай қўяди. Агар чемпион бўлса ёки бошқа ютуққа эришса ўсишдан тўхтаб қолишимиз ҳеч гап эмас. Натижада бир-иккита ўйинда кутилганидек ўйнай олмаймиз. Шунда яна кўпроқ ишлашимиз кераклигини тушуниб етамиз. Тан оламан, ўзимда ҳам бундай ҳолатлар бўлиб туради. Масалан, асосий жамоага ўтгач, у ерда ўйнаш янада бошқача бўлади. Агар бир-иккита учрашувларда яхши ўйин кўрсатсам, кейин бироз бўшашиб қоламан, буни яширмайман. Шу пайтда ўзимга-ўзим: агар бўшашсанг, ўйнай олмайсан дейман ва яна устимда кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламан.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!