"Насаф"нинг рақиби "Трактор" ҳақида билишингиз керак бўлган фактлар
Бугун "Насаф" клуби ОФК Элит Чемпионлар лигасининг 5-тури доирасида Эроннинг "Трактор" жамоаси билан куч синашади. Келинг, рақиб ҳақида қисқача маълумотларга назар ташлаймиз.
"Трактор" клуби 55 йиллик тарихга эга бўлиб, 1970 йилда ташкил этилган. Жамоа мухлислари уни "Red Wolves" (Қизил бўрилар) лақаби билан атайдилар.
Клуб ўз уй учрашувларини Табриз шаҳридаги "Ядегар-е Эмам" стадионида ўтказади. Мазкур арена 80 мингдан ортиқ томошабинни сиғдира олиши билан Эроннинг энг сиғимли стадионларидан бири ҳисобланади.
"Трактор" икки бор Ҳазфий кубоги, бир марта Эрон Суперкубоги ғолиби бўлган. 2024/25-йилги мавсум якунида клуб ўз тарихида илк бор Эрон Про лигаси чемпиони бўлди.
Жамоа ОФК расмий мусобақаларида ҳозирга қадар 52 та ўйин ўтказган. Шулардан 15 тасида ғалаба, 17 тасида дуранг, 20 тасида мағлубият қайд этган.
"Трактор"ни ҳозирда 57 ёшли хорватиялик мутахассис Драган Скочич бошқармоқда. У аввал "Ан-Наср", "Ал-Араби", "Фулад" каби Осиёнинг машҳур клубларида ишлаган. 2020–2022 йиллар оралиғида эса Эрон миллий терма жамоасига устозлик қилган. Мураббий "Трактор"ни ўтган мавсум тарихидаги илк лига чемпионилигига ва Суперкубокдаги ғалабага етаклади.
Жамоа таркибида Даниал Исмаэлфар, Шожа Халилзода, Алишера Бейранванд, Амирҳусайн Ҳусайнзода каби Эрон терма жамоаси футболчилари тўп сурмоқда.
"Трактор" Ўзбекистон футболи учун ҳам таниш клуб. Айни пайтда жамоа сафида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Одил Ҳамробеков фаолият юритмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ОФК Элит Чемпионлар лигаси 5-туридан ўрин олган "Насаф" – "Трактор" учрашуви 24 ноябрь куни соат 18:45'да старт олади.



Фикрлар