"Навбаҳор" бу йил чемпионлик учун курашиши қийин", "4 ойлик фарзандим билан футбол ўйнардим" ва янги мавсум ҳақида Зарина Ходжаева билан интервью
SPORTS.uz эксклюзив интервьюларни давом эттиради. Бизнинг навбатдаги суҳбатдошимиз "Навбаҳор-W" клуби вакиласи Зарина Ходжаева. Футболчимиз футболга кириб келиши, жамоасининг янги мавсумга тайёргарлиги ва бошқа мавзулардаги саволларга жавоб берди.
Ассалому алайкум, Зарина. Янги футбол мавсуми бошланишга яқин. "Навбаҳор-W" клуби унга қандай тайёргарлик олиб бормоқда.
— Биз машғулотларни 5 февраль куни Уйчи туманидаги базада бошладик. Бу йил жамоамизнинг асосий таркибини ёшлар билан тўлдирдик.
Ўтган йили машғулотлар ўтказилмагани ҳақида гап-сўзлар тарқаган эди. Шу ростми?
— Йўқ. Аксинча, ўтган йили машғулотлар жуда зўр бўлганди. Ҳамма футболчилар бир-биримизни тушуниб, битта оила бўлиб ўйнардик. Афсуски, бу сафар жамоамиз ёшларга эътибор қаратгани учун ўтган йилгига қараганда бироз қийинроқ бўлади. Клуб таркибида эски қизлардан 6 та қолган. Бу йилдан бошлаб ўзимизни наманганлик қизларни майдонда синаб кўрамиз.
Демак, жамоада ёшартириш ишлари олиб борилмоқда. Шундайми?
— Ҳа, шунақа бўлди, афсуски. Тўғриси, ҳамма қизларни ушлаб қололмадик. Сарвиноз Камилжанова ва Муқаддам Абдуллаева каби яхши футболчилар бошқа клублардан таклиф келгани туфайли жамоани тарк этди.
Футболдаги фаолиятингиз ва қандай қилиб "Навбаҳор"га келганингизни айтиб берсангиз.
— Ёшлигимдан футболни яхши кўрганман ва мактабда болалар билан тўп тепиб юрардим. 11 ёшларда эдим, кўчада футбол ўйнаб юрганимда футболчи қизлар ўтиб кетаётган бўлган. Мураббий Эдита Мирабидова кўриб қолган ва қизиқиб, жамоага чақирган. У пайти клубнинг номи "Гулбаҳор" эди. Уйдагиларим билан гаплашдим, онам аввал қаршилик қилди, лекин қизиқишимни кўриб рухсат берди. 2000 йилдан бошлаб футбол билан профессионал тарзда шуғуллана бошладим.
Қачондан учрашувларда майдонга туша бошладингиз?
— 2000 йилдан жамоа билан машғулотга киришган бўлсам, 5 ёки 6 ой ўтар-ўтмас ўйинда майдонга туша бошладим. Шу йили бронза медалини қўлга киритдик. 2001 йил мини-футболдан кумуш медалга лойиқ, деб топилдик. Бир-икки йил яхши натижалар кўрсатдик, лекин "Гулбаҳор" тарқатиб юборилди.
Кейинги фаолиятингиз нима бўлди?
— Кейинги фаолиятимни "Андижанка" билан боғладим. Ундан сўнг "Бухоро", "Семурғ" ва "Навоий" клубларида тўп тепдим.
Билишимизча, турмуш қургансиз?
— Ҳа, турмуш қурдим, ҳозир битта ўғлим бор. Турмушга чиқаним сабабли, "Навбаҳор-W" клубига қайтиб келдим ва бугун ҳам шу жамоада футбол ўйнаяпман. 2019 йилда фарзандли бўлганим учун 1 йил майдонга тушмадим. Тўғрироғи, 4 ойдан кейин машғулотларга киришганман ва 2020 йилда клуб билан яна шартнома имзолаганман.
Тўғриси, "шок" ҳолатидаман. Шунчалик тез футболга қайтдингизми?
— Ҳа, футбол ҳаётимнинг мазмунига айланиб улгурган ва шу сабабли, сабр қила олмадим. Аслида, 3 ойда югуришни бошлаган эдим, 5-ойга бориб ўйнаб кетдим. Осон бўлмади, лекин ҳаракат қилдим, ўз устимда ишладим. Аввал мураббийимиз таркибга қўшмади, машғулотларда ўзимни кўрсатдим. Кейин мураббий ўйнаб кета олишимга ишонди ва асосий таркибда майдонга тушира бошлади. Захирада ўтириш жуда қийин бўлар эди, чунки олдин ҳеч ҳам бундай ҳолат бўлмаган.
Одатда, қизлар турмушдан сўнг футболни тарк этади. Кимгадир турмуш ўртоғи рухсат бермайди, кимнингдир оилавий шароити тўғри келмайди. Лекин сиз фарзандингиз билан ҳам футбол ўйнаяпсиз...
— Албатта, бу жуда қийин. Чунки уй ишлари, фарзандим билан вақт ўтказишим керак. Лекин тушунадиган оила бўлса, ҳамма тарафлама ёрдам беради. Мен учун футбол бутун ҳаётимга айланиб қолган. Шунинг учун турмуш ўртоғим тушуниб, менга ёрдам беришга ҳаракат қиладилар. Бизни клубимизда Марҳабо Жўраева, Матлуба Мунавварова ва мен оила қурганмиз. Ҳозир учаламизни ҳам биттадан ширин фарзандимиз бор.
Турмуш ўртоғингиз ҳам футболчими ёки қайси касб эгаси?
— Турмуш ўртоғимнинг спортга умуман алоқаси йўқ. Лекин ўйинларимга келиб, қўллаб-қувватлаб турадилар. Нима иш қилишлари эса сир бўла қолсин.
Бугун Зарина футболга ва фарзандига қандай қилиб вақт ажратмоқда? Бунинг сири билан бўлишсангиз?
— Оила қурганимга 9 йил бўлди. Фарзандим туғилмасидан олдин барча ишларга улгурар эдим. Лекин ҳозир сал қийинроқ бўляпти. Машғулот вақтида опам ўғлимга қараб турадилар.
Футболчилик фаолиятингизни якунлаганингиздан сўнг, футболга оид соҳада ишлаш ниятингиз борми?
— Албатта, шундай ниятим бор. Яъни мураббий сифатида фаолият олиб бормоқчиман. Лекин бу ҳақида ўйлашга бироз эрта, бироз вақт футбол ўйнаш ниятидаман.
"Навбаҳор-W" янги мавсумда чемпионлик учун курашадими?
—Худо хоҳласа, шунга ҳаракат қиламиз. Лекин бу йилги таркибимиз аввал айтганимдек, жуда ёш. Янги жамоадошлар билан ҳали майдонда бирга ўйнамадик. Олдиндан бирор гап айта олмайман.
Зарина, самимий суҳбатингиз учун ташаккур. Сиз ва жамоангизга омад тилайман.
—Раҳмат.
Дилноза Мустафоқулова суҳбатлашди
Фикрлар