"Навбаҳор" дарвозасига "даҳшатли" гол урган футболчини яхшилаб таниб олдингизми? У буни қандай амалга оширганини айтди

Куни кеча Суперлиганинг 5-тур доирасида Наманганда “Навбаҳор” ҳамда “Сўғдиёна” жамоалари ўртасидаги учрашув ўтказилди. Ушбу баҳсга эътибор ва қизиқиш анча юқори эди. Ҳар доим бу жамоалар ўртасидаги ўйин жуда шиддатли ўтади. Бу сафаргиси ҳам бундан мустасно бўлгани йўқ. Чемпионатда ҳали мағлубият нималигини билмай келаётган Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубини “Навбаҳор” ўз майдонида тўхтатиши кутилганди. Лекин якун бундай бўлиб чиқмади.

“Сўғдиёна” қайсар жамоа бўлгани учун наманганликлар анча қийинчиликларга дуч келди. Шохруз Норхоновнинг голига мезбонлар Зоран Марушичнинг голи билан жавоб қайтарди. Аслида учрашув 1:1 ҳисобидаги дурангга қараб кетаётганди. Бироқ ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Дониёр Абдуманноповнинг голи ҳаммасини остин-устун қилиб юборди. У шундай гол урдики, бунақаси камдан-кам такрорланиши мумкин ёки йўқ! Натижада Дониёрнинг суперголи туфайли “Сўғдиёна” деярли кутилмаган ғалабани илиб кетди. Тан олиб айтганда, учрашув дурангга мос эди. Буни учрашувдан сўнг, “Сўғдиёна” бош мураббийи Улуғбек Бақоев матбуот анжуманида ҳам айтиб ўтди. Бироқ Абдуманноповнинг голига ҳар қанча таъриф берсак арзийди. Ҳатто, Самвел Бабаян ушбу голни фантастик деб атади.

Футболчи қанотдан зарбани тўғри дарвоза томон йўллаганмиди ёки шерикларига узатмани амалга оширганмиди? Шунингдек, унинг фаолиятидаги энг чиройли голми? Андижонлик ярим ҳимоячи шундай деди:

- Ўша вазиятда шунчаки, дарвозага зарба бердим. Балки голларим орасида энг чиройлисидир. “Металлург” дарвозасига урган голим ҳам чиройли чиққанди. Мен учун киритган барча голларим муҳим. Чиройли голларни эса мухлислар аниқлайди.

абдуманнопов1_2

“Навбаҳор”нинг ўз майдонида “Сўғдиёна”га ютқазиб қўйгани маҳаллий мухлисларни ранжитгани бор гап. Лекин ўша гап: учрашув аслида дурангга қараб кетаётганди, бироқ Абдуманноповнинг суперголи  эвазига меҳмонлар ўта қимматли ғалабани илиб кетдилар. Захирадан майдонга тушиб ўйиннинг қаҳрамонига айланган футболчи “Навбаҳор”га қарши учрашув юзасидан ҳам ўз фикрини айтди.

- Наманганда қўлга киритилган ажойиб ғалаба билан “Сўғдиёна” мухлисларини ва жамоадошларимни қизғин табриклаб қоламан. Биз ғалаба учун охиригача курашдик. Мураббийимизнинг кўрсатмаларини майдонда бажаришга ҳаракат қилдик ва шунинг эвазига уч очкони қўлга киритдик. Захирадан майдонга тушаётганимда ҳам бош мураббий мендан фақат ўз ўйинимни кўрсатишни таъкидлаган.

абдуманнопов6

Дониёрнинг голи ижтимоий тармоқларда ҳам роса “айланяпти”. Қизиқ, унинг ушбу голини яна ким такрорлай олиши мумкин? “Сўғдиёна” ўйинчисининг бу борадаги қисқача жавоби қуйидагича бўлди:

- Урган голимга таърифни мухлислар беришсин. Мен эса Аллоҳдан мана шундай голлар кўпроқ насиб қилишини сўрайман.

абдуманнопов5

Шунингдек, Дониёр Абдуманнопов кучли рақиб саналган “Навбаҳор”нинг “Сўғдиёна”га қарши намойиш этган ўйини бўйича ҳам тўхталиб ўтди.

- “Навбаҳор”да жуда яхши жамоа йиғилган. Уларнинг таркибида кучли ва номдор футболчилари бор. Албатта, бизга қарши учрашувда ҳам улар жуда яхши ўйин намойиш этишди. Назаримда, иккала жамоа тенгма-тенг кураш олиб борди.

абдуманнопов_2

Лекин яна бир жиҳатни ҳам унутмаслик керакки, “Сўғдиёна” “Навбаҳор” учун охирги пайтларда ноқулай рақибга айланиб қолди. Наманганликлар охирги бор икки йил олдин жиззахликлар устидан 2:0 ҳисобида устун келганди. Шундан сўнг, чемпионат доирасидаги охирги тўртта учрашувда “Сўғдиёна”нинг қўли баланд келяпти.

- Балки ўйин услуби бўйича жамоамиз “Навбаҳор”га ноқулайлик туғдирса керак. Мен бу борада шуни айтмоқчиманки, нафақат “Навбаҳор”га, балки бошқа жамоалар учун ҳам ноқулайлик туғдира оламиз, - деди Абдуманнопов.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
998913132246
27/04/2022 23:06
Gazini bos
&
Bek 56
27/04/2022 22:44
Яша Дониёр!