"Навбаҳор" мухлислари нега норози бўлмоқда?!
Бугунги куннинг энг шов-шувли хабарларидан бири "Навбаҳор" устози Самвел Бабаянга берилган лицензия вақтинча қайтариб олингани бўлди.
Бу каби норозичиликлар SPORTS.uz сайтида Самвел Бабаянга шаҳар бедарвозами? номли мақола эълон қилингач, бошланди. Ушбу мақоладан сўнг, ЎзПФЛ суриштирув ишларини олиб борди ва якунда "Навбаҳор" устозига берилган лицензия вақтинча олиб қўйилди.
Табиийки, бу кўпчилик наманганлик мухлисларнинг кескин норозилигига сабаб бўлмоқда. Бироқ улар танганинг иккинчи томонини ўйлаб кўришмаяпти. Яъниким, Бабаян журналистга нисбатан қўпол муомалада бўлган. Бу - факт.
Мамлакатда спортга оид ахборотларнинг етарли даражада бўлмаслиги, суст ёритилиши одамлар орасида ҳар хил миш-миш, уйдирма ва бўҳтонларнинг тарқалишига олиб келади ва бу нарса умумижтимоий муҳитга салбий таъсир кўрсатади. Аксинча, оммавий ахборот воситалари футбол мухлисларини зарур ахборотлардан ўз вақтида хабардор қилиб турсалар, муҳим янгиликларни холис шарҳлаб борсалар, асоссиз, ғаразли миш-мишларга ўрин қолмайди. Шунга эришилса, бундан фақатгина футбол наф кўради.
Қолаверса, ЎзПФЛ мусобақаларини ёритиб борувчи журналистларнинг стадионлардаги фаолиятини “ЎзПФЛ томонидан ўтказиладиган тадбирлар ва мусобақаларда ишловчи ОАВ вакиллари учун йўриқнома” орқали тартибга солади, уларга шу асосда аккредитация тақдим этилади. Шундан келиб чиқиб, ЎзПФЛ ўз тадбирларида фаолият олиб бораётган ОАВ вакилларини ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қилиши айтилди. Агар журналист ўз иш фаолияти давомида қандайдир зўравонликка дуч келса, бу ҳолатни Профессионал футбол лигаси назоратга олади ва керакли тартибда айбдор жазоланади.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, агар "Навбаҳор" ўз олдига чемпионликни мақсад қилиб қўйган бўлса, у ҳолда ҳеч нарсадан чўчимаслиги керак. Аксинча, футболчилар қўшимча мотивация олиб, кейинги учрашувларда ҳозиргиданда кучлироқ ҳаракат қилиши керак. Наманганлик мухлисларни яхши биламиз. Улар ўз севимлиларининг ҳар бир ўйинида 12-футболчиси сифатида стадионга келишади. Ишонамизки, улар "лочинлар"нинг кейинги беллашувларида ҳам олдингиданда кучлироқ қўллаб-қувватлаб, чемпионлик йўлидаги курашда ўз ҳиссаларини қўшади.
Жамшидбек Маҳмудов
Фикрлар
Ҳаммасини Судга бериш керак.