"Навбаҳор"да қолмоқчи эдим" - Мирзоҳид Ғофуров нега "Нефтчи"ни танлагани, Намангандан кетиши ва мухлислар билан муносабати ҳақида гапирди
Беш йил мобайнида “Навбаҳор” шаънини муносиб ҳимоя қилган наманганлик Мирзоҳид Ғофуров янги мавсумни “Нефтчи” клубида ўтказадиган бўлди.
Аслида унинг фарғоналиклар сафига қўшилиши кутилаётган жараён эди ва бу ўз тасдиғини топди. Футболчи “Нефтчи” билан шартнома имзолаганидан кейин Sports.uz учун бу борадаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- “Навбаҳор”дан “Нефтчи”га ўтишингиз қандай юз берди? Таклиф қачон бўлганди? Хуллас, бунинг воқеалар ривожи қандай кечгани ҳақида тўхталсангиз?
- Таклиф олдиндан бўлиб турганди. “Навбаҳор”да беш йил ўйнаганим учун яна у ерда қолиб фаолиятимни давом эттириш ниятим бор эди. Маълум бир сабабларга кўра, “Нефтчи”га ўтишимга тўғри келди. Бунинг сабабини айтишни хоҳламайман. Менга фарғоналиклардан чорлов бўлиб турганди ва буни кўриб чиқиб, таклифни қабул қилдим.
- “Навбаҳор” сизга янги шартнома таклиф қилганмиди? У ердан хафа бўлиб кетмадингизми?
- Шартномани оғзаки таклиф қилишди. Орада Канчельскис билан боғлиқ муаммо бўлди, кейин шунинг учун сурилди, дейишди. Умуман олганда, хафа эмасман. Фақат таклиф қоғозда бўлмади. Бироз кутиб туришимни айтишди ва шунга яраша кутиб турдим. Якунда эса “Нефтчи” билан шартнома тузишга қарор қилдим.
- Самвел Бабаян билан гаплашганмидингиз?
- Гаплашгандик. Қоласан, деган гаплар бўлиб турганди.
- Бабаян билан “Навбаҳор”нинг лойиҳасига қандай қараётгандингиз? Сизда ишонч бормиди?
- Ишлаб юрган мураббий, чемпионликка эришган. Лойиҳасига жиддий қараётгандим ва ишонаётгандим. Айтдим-ку, маълум бир сабаб туфайли кетдим. Аввало, бу насиб.
- Беш йил “Навбаҳор”да ўйнадингиз. Унгача “Машъал”, “УзДонгЖу”, “Бунёдкор” клубларида ҳам тўп сургансиз. “Нефтчи”да эса ўзингизни қандай ролда кўряпсиз?
- Янги жамоадаги мақсад-вазифаларга келсак, клуб яна Суперлигага чиқди ва режалар жиддий. Биласиз, жамоа бой тарихига эга. “Нефтчи”ни олдинги мавқеига қайтаришни мақсад қилишган. Мана шу мақсади йўлида мен ҳам ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан.
- Азалдан “Навбаҳор” билан “Нефтчи” бир-бирига қарама-қарши бўлиб келган. Буни водий дербиларида ҳам кўп кўрганмиз. Янги мавсумда собиқ клубингизга қарши майдонга тушишингизга тўғри келади. Бундай паллада наманганлик мухлислар сизга қандайдир муносабат билдиришлари ҳам мумкин...
- Бу ҳолатда мухлисларнинг менга бўлган эътибори жиддий бўлмайди, деб ўйлайман. Чунки ҳамма ишқибозлар ҳурмат қилишган ва мен ҳам ҳурмат қиламан. Бу футболнинг бир қисми, буни тўғри қабул қилиш керак. Футболчимизми, профессионал бўлишимиз лозим. Қайси жамоада бўлса ҳам ўша клубнинг шаънини ҳимоя қилишимиз керак. Мухлислар тўғри тушунишади. Ҳозирда наманганлик ишқибозлар ҳаммаси учун раҳмат, омад тилаймиз, деб ёзишяпти. Ёруғ юз билан кузатишяпти. Шунинг учун ўзаро ўйинларда ҳаммаси жойида бўлади.
- “Нефтчи” билан шартнома қанча муддатга тузилди?
- Бир йилга. 6 январдан янги жамоамга қўшиламан.
- Олдингизда бошқа таклифлар ҳам бор эди...
- Ҳа, таклифлар бўлганди. Айтганимдек, биринчи навбатда Наманганда қолмоқчи эдим. “Нефтчи” азалий рақибми, нима бўлса ҳам бу водий жамоаси. Қолаверса, уйимга ҳам яқинроқ. Шу боис водийда қолдим, узоқлашмадим.
- Фарғоналик мухлислар сизнинг трансферингиздан хурсанд. Уларга айтадиган гапингиз борми?
- Янги мавсумда жамоамизни қўллаб-қувватлаб туришсин. Қўлимиздан келганича “Нефтчи”нинг шонли даврини қайтаришга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун белни боғлаб ишга киришамиз. Улар учун ғалабали ўйинларга тайёрмиз. Фурсатдан фойдаланган ҳолда янги мавсумда “Навбаҳор” жамоасига омад тилайман. Озми-кўпми, “Навбаҳор”да беш йил ўйнадим. Вилоят ҳокими Шавкат Шакиржанович Абдураззоқовга, ака-ука Саматовларга, жамоадошларимга, клубдаги барча ишчи-ходимларга бирга ишлаганимиз учун миннатдорчилигимни билдираман. Бизни шунча йил олқишлаб турган ишқибозларга эса алоҳида раҳмат айтаман. Уларни ҳеч қачон унутмайман!
Фикрлар