"Навбаҳор"да янги мураббий иш бошлади, уч нафар легионерга эса жавоб берилди
Хабарингиз бор, “Навбаҳор” 2-давра баҳсларига жиддий тарзда тайёргарлик кўрмоқда. Жамоанинг мураббийлар штабидан янги мутахассис ўрин олди. Бу сербиялик мутахассис Александр Галич.
Галич 1976 йили туғилган. Футболчи сифатида бир қатор жамоаларда тўп тепган. Собиқ ҳужумчи.
Мураббийлик фаолияти давомида Сербиянинг ОФК (Белград), “Раднички” (Крагуевац), БААнинг “Эмирейтс” (Рас-эл-Хайма), Тошкентнинг “Локомотив” ва Хитойнинг “Чанчунь Ятай” (Чанчунь) клубларида ишлаган.
“Локомотив” ҳамда “Чанчунь Ятай” жамоаларида айни пайтда “Навбаҳор”да маслаҳатчи-мураббий сифатида ишлаётган Самвел Бабаян билан бирга фаолият юритган.
Александр Галич “Навбаҳор”да жисмоний тайёргарлик бўйича иш олиб боради.
Сербиялик мутахассис “лочинлар”нинг кеча кечки пайт “Марказий” ўйингоҳ захира майдонида бўлиб ўтган машғулотида Виктор Жалилов бошчилигидаги мураббийлар штабига ёрдам берди.
Шунингдек, “Навбаҳор”да бир қатор маҳаллий ва хорижлик футболчилар кўрикдан ўтишмоқда. Жамоага кўрикдан ўтиш учун келган 3 нафар легионер, яъни, бразилиялик ҳимоячи Портела Де Аквино Сауло, сербиялик ҳамда россиялик ҳужумчилар Желько Димитров ва Павел Игнатовичга жавоб берилди.
Айни пайтда “лочинлар” таркибида кўрикдан ўтаётган икки нафар хорижлик футболчи, яъни, сербиялик ҳимоячи Боян Цигер ҳамда бразилиялик ҳужумчи Коста Тенорио Гутинер қолишди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар