"Навбаҳор"дан тушган таклиф, Мўминжоновнинг ишончи ва рақобат ҳақида янги мавсумда порлаши кутилаётган ҳужумчи билан суҳбат
Хабарингиз бор, Суперлиганинг бир нечта клублари айни кунларда Туркияда йиғин ўтказмоқда. Жумладан, ўтган мавсум Про-Лига чемпионига айланган "Нефтчи" ҳам Антальяда бўлиб турибди. Фарғона клуби бугун Россиянинг "Шинник" жамоасига қарши майдонга тушиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ўйиндан кейин Sports.uz сайти журналисти Жалолиддин Қобилжонов "йўлбарслар" ҳужумчиси Улуғбек Ҳошимов билан суҳбатлашди.
– Ғалаба билан табриклайман. Туркия йиғини қандай ўтмоқда? Деярли ҳар бир учрашувда гол уриб келмоқдасиз.
– Раҳмат. Яхши ўйин бўлди. Ҳозирда биз камчиликларимизни тўғирлаш устида иш олиб боряпмиз. Бу ерда шарт-шароитлар етарли даражада ва улардан максимал тарзда фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Ушбу йиғин давомида кўп назорат ўйини ўтказдик, бу бизга камчиликларимизни кўрсатиб берди.
– Таркибга бир қатор яхши савиядаги футболчилар келиб қўшилди. Рақобатдан қўрқмайсизми?
– Тўғри, жамоамиз яхши футболчилар билан келишувга эришди. Бундан хурсандман. Улар жамоага бекорга таклиф қилинмаган. Олдимизда улкан мақсад турибди. Рақобатга келадиган бўлсак, бу футбол, футболда эса доим кучлилар ғалаба қозонади. Рақобат бўлгани яхши. Бу сенинг ривожланишингга олиб келади.
– Янги мавсум олдидан сизга таклифлар йўқ эмасди. Агар сир бўлмаса, қайси жамоалар сизни ўз сафига қўшиб олишни хоҳлади?
– "Олимпик" ва "Навбаҳор" қизиқиш билдирди. Наманган клуби бош мураббийининг шахсан ўзи менинг ўйинларимни кўриб, таклиф қилмоқчи бўлган экан. Бу гапларни менга агентим айтди.
– Нима учун "Навбаҳор" таклифини қабул қилмадингиз?
– Сабаби, "Нефтчи" билан яна бир йиллик шартномам бор. Мураббийимиз менга ишонч билдириб, ўйин амалиёти беряпти. Мен бундан мамнунман ва Илҳом Мўминжоновга раҳмат айтаман.
– Янги мавсумда "Нефтчи"нинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?
– Албатта юқори баҳолайман. Жамоамиз 3 йил деганда Суперлигага чиқди. Биз клубимиз билан бирга катта мақсадларни ният қилганмиз ва бунга эришамиз.
Фикрлар