“Навбаҳор”га бу йил Суперлигада рақобатчи топилди

31 март – 3 апрель кунлари Суперлигада 4-тур баҳслари ўтказилди. Натижалар билан сайтимиз орқали хабар бериб бордик.

Ушбу турда бир қатор қизиқарли ўйинлар, ўзига хос қарама-қаршиликлар кузатилди. Ёшларга эътибор қаратган “Сурхон” Тошкентда “Бухоро”ни таслим этди. “Нефтчи” юқорига интилаётган ОКМК билан дуранг ўйнаб, 4-турга келиб очко йўқотди. “Навбаҳор” кутилганидек “Сўғдиёна”дан қийинчиликсиз устун келди.

photo_2023-04-02_00-17-47

“Қизилқум” бир маромда ўйнай олмаётган “Насаф” билан муроса кўчасини танлади. Тўғрироқ қилиб айтганди, “аждарлар” охирги дақиқаларда мағлубиятдан қутилиб қолишди. “Бунёдкор” жорий йил ҳисобидан ўз уйидаги илк учрашувни ғалаба билан бошлай олмади. “Пахтакор” Бекободдаги баҳсга 1 соат қолганда етиб бориб, 3 та гол уриб, ортга 3 очко билан қайтди. “Андижон” ўз услубида. “Бургутлар” Тошкентда “Олимпик”ни стандарт вазиятидан жазолай олди.

7

Энди эса турга оид қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз. Яъни анъанамизга содиқ қолган ҳолда тур мухлислари статистикаси билан таништирамиз.

4-турда стадионларимизга жами 32409 томошабин ташриф буюрди. Бу ҳар бир беллашувга ўртача 4630ни ташкил қилади.

Энг кўп мухлис Наманганда. “Навбаҳор” – “Сўғдиёна” баҳсини 13950 томошабин стадиондан кузатди. Мезбонлар раҳбарияти бу турга чипталарни бепул қилиб қўйгани эътиборга молик.

Турнинг марказий баҳси “Нефтчи” – ОКМК қарама-қаршилигини 7720 ишқибоз аренадан томоша қилди. Фарғоналикларнинг аввалги уй ўйинида стадион лиқ тўлганди. Афтидан энди “Нефтчи” мухлисларнинг стадионга ташрифи бўйича, “Навбаҳор”га рақобат туғдиради. Аввалги мавсум бу ишни қаршиликлар бажарганди.

photo_2023-04-01_10-46-47

Энг кам томошабин Тошкентда. “Олимпик”нинг ўз уйида “Андижон”дан енгилган ўйинига 410 киши келди.

Қуйида Суперлиганинг ушбу турига ташриф буюрган мухлислар статистикаси билан танишинг (мухлислар сони ПФЛ сайтидан олинди):

“Навбаҳор” – “Сўғдиёна” 3:0. 13950 томошабин

“Нефтчи” – ОКМК 2:2. 7720 томошабин

“Металлург” – “Пахтакор” 1:3. 5201 томошабин

“Қизилқум” – “Насаф” 1:1. 3471 томошабин

“Бунёдкор” – “Турон” 0:0. 999 томошабин

“Сурхон” – “Бухоро” 2:0. 658 томошабин

“Олимпик” – “Андижон” 0:1. 410 томошабин

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!