"Навбаҳор"ни яна водий дербисида ўйин кутяпти ёхуд Бабаян жамоаси учун ОЧЛ олдидан репетициями?
Бугун Суперлигада 20-тур ўйинлари давом эттирилади. “Навбаҳор” бу сафар ҳам водий дербисида ўйнайди. Ўз майдонида чемпонат аутсайдери бўлиб турган Яйпаннинг “Турон” жамоасини қабул қилади. Икки хил мақсад учун курашаётган жамоалар ўртасидаги ўйинни кузатиш ҳам ўзига яраша қизиқ.
Турнир жадвалида “Навбаҳор” 34 очко билан 3-ўринда, “Турон” эса 12 очко билан охирги ўринда. Албатта, ташқаридан қараганда, деярли ҳамма “Навбаҳор”нинг имкониятини баланд ҳисобламоқдалар ва мезбонларнинг ғалабасига шубҳа қилмаяптилар. Рости, наманганликлар охирги 5 та ўйиндан бери ютолмаяптилар. 2 дуранг ва 3 мағлубият қайд этилди. Ўтган турда водий дербисида Андижонда охирги дақиқаларда гол ўтказиб юбориб, аламли тарзда мағлуб бўлишди.
Ҳозир “Навбаҳор” шундай ҳолатдики, ютмасликнинг мутлақо иложиси қолмаган. Ҳатто дуранг ҳам наманганлик мухлисларни асло қониқтирмайди. Ғалабага ташна бўлиб турган Самвел Бабаян жамоаси “Турон” билан ўйинга жиддий тайёрлангани аниқ. Бунинг устига 3 октябрь куни “Навбаҳор” ўз уйида Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 2-турида Ҳиндистоннинг “Мумбай Сити” жамоасини қабул қилади. “Турон”га қарши баҳс “Навбаҳор” учун ОЧЛ олдидан балки ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтаб бериши ҳам мумкин. Лекин шуни унутмаслик керакки, наманганликлар Суперлигада 5 та учрашувдан бери ғалаба қозона олмасдан қимматли очколарни йўқотаётгани бу чемпионлик учун курашда жамоанинг имкониятлариин пасайтираётгани бор гап. ОЧЛ ўйини олдидан “Навбаҳор”га ғалаба зарур ва бу футболчиларнинг кайфиятига ҳам таъсир ўтказади.
Ҳа, “Турон”даги вазиятга ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Боя айтдик, яйпанликлар турнир жадвалида сўнгги ўринда. 3 та учрашувдан бери ютқазишяпти. Бош мураббий Ёрқин Назаров бўлажак жиддий ўйинда жамоасини қандай руҳлантириши ҳам қизиқ. Рости, ҳозирги вазиятда кучли рақибга қарши баҳсда “Турон” учун дуранг ҳам деярли ғалаба каби аҳамият касб этади.
“Навбаҳор” – “Турон” жамоалари бунга қадар Суперлигада уч бор тўқнашишган. Бабаян жамоасида 2 та ғалаба бор ва 1 та баҳсда 0:0 ҳисоби кузатилган. Тўплар нисбати 3/0. “Турон” ҳали “Навбаҳор” дарвозасига йўл топа олмаган. Меҳмонлар ушбу баҳсда биринчи навбатда ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаш ва қарши ҳужумлардан фойдаланиш пайида бўлади. Мезбонлар эса ҳужумдан бошқасини ўйламаётгани аниқ. Қолганини ўйин давомида кузатамиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар