"Навбаҳор"нинг "Қўқон-1912" клубига қарши ўйини олдидан Нурилло Тўхтасиновнинг мухлисларга мурожаати
Суперлига 3-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Қўқон-1912” жамоалари ўртасидаги учрашув арафасида “лочинлар”нинг 25 ёшли ярим ҳимоячиси Нурилло Тўхтасинов бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
- Ўзингизга маълум, “водий дербиси” баҳслари доимо муросасиз, курашларга бой, шиддатли тарзда кечган. Водийлик бўлганлигим боис буни жуда яхши биламан.
Бу сафарги ўйин ҳам бундан мустасно бўлмайди, албатта, ва қўқонликлар бўлажак учрашувда жамоамизга муносиб қаршилик кўрсатишга интилади.
Жамоамиз ўтган баҳсда сафарда “Сурхон” устидан ғалаба қозониб, жорий мавсумдаги илк ютуқни нишонлади. Бўлажак учрашувга жиддий тайёргарлик кўрдик ҳамда Намангандаги илк дербида ҳам зафар қучиб, ғалабали одимимизни давом эттириш ниятидамиз.
Фақат мазкур ўйинда мухлислар стадионга кўпроқ ташриф буюриб, жамоамизга бевосита руҳан ва маънан қўллаб-қувватлаб, мадад бериб туришса бўлгани. Биз – футболчилар эса ишқибозларнинг қўллаб-қувватлашларига яраша майдонда муносиб тўп тепиб, мухлисларга қувонч улашишга интиламиз ҳамда ғалаба қозониш учун барча имкониятимизни ишга соламиз. Бахтимизга “Навбаҳор” ишқибозлари ҳамиша соғ бўлишсин, - деди футболчи.
Фикрлар