"Нефтчи" - "Олимпик" учрашувига мухлислар киритиладими? Диёр Имомхўжаев жавоб берди

Про лига илк тури доирасида Фарғонанинг "Нефтчи" клуби ўз уйида "Олимпик" жамоасини қабул қилади. ЎзПФЛ вакили Диёр Имомхўжаев ушбу ўйинга мухлислари киритилиши ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди: "Про лига илк турида "Нефтчи" ўз майдонида "Олимпик"ни қабул қилиши аниқ бўлди. Кечадан буён юзлаб фарғоналиклар учрашувга мухлислар киритилишига рухсат беришимизни сўрашяпти.

Ўтган йилнинг 7 декабрь куни ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси "Нефтчи" — "Турон" учрашуви бўйича йиғилган ҳамда ўз қарорини чиқарган. Унга кўра, "Нефтчи" клуби кетма-кет уч уй учрашувини мухлисларсиз ўтказиши белгилаб қўйилган.

Ўша йиғилишда ЎзПФЛ вакиллари ҳам иштирок этган бўлиб, биз қўмитадан "Нефтчи" футбол клубининг уй учрашувларини ўтказиш бўйича тақиқ қўймасликни, клуб "Андижон"га қарши плей-офф ўйинини "Истиқлол" стадионида ўтказиши бўйича илтимоснома киритганмиз. Қўмита буни қаноатлантирган, шундан келиб чиқиб, "Андижон"га қарши беллашув "Истиқлол"да ўтган.

Бироқ қўмита қароридан келиб чиқиб, "Нефтчи" — "Олимпик" ва "Нефтчи" — "Истиқлол" ўйинлари томошабинларсиз ўтиши керак. Ушбу қарор ЎзПФЛ ёки ЎФА томонидан бекор қилинмайди. Қўмита қарори ҳар икки ташкилот томонидан бажарилиши шарт. Шундан келиб чиқиб, мавзу юзасидан бизга чиқилиши тўғри бўлмайди.

Биз "Нефтчи" футбол клубига янги мавсумда омад тилаймиз. Футбол мухлисларидан эса учрашувларда ўзларини тўғри тута билишларини сўраймиз".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!