"Нефтчи" бош мураббийи ўзига билдирилаётган таклифлар, Тўхтасиновнинг Малайзияга кетиши ва "Урал"га қарши ўйин олдидан нималарни айтди?

“Нефтчи” клубининг биринчи даврадаги натижасидан хабардорсиз. Фарғоналиклар 25 очко тўплаб ёзги танаффусга 3-ўринда чиқиб кетдилар. Чемпионатда мағлубият нималигини билмаётган жамоа ва унинг бош мураббийи Виталий Левченкога ижобий эътирофлар янглаяпти. Айниқса, мураббийга яна қизиқишлар ортяпти.

Ҳозирча унинг жамоаси ёзги танаффусга чиққани йўқ. Боиси, 6 июль куни Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида Россия премьер-лигаси вакили “Урал” клубига қарши халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказилади. Ушбу учрашув олдидан Левченко Sports.uz журналистининг саволларига жавоб қайтарди.

- Виталий Григорьевич, биринчи давра ҳам тугади. Биргина “Нефтчи” ҳали Суперлигада ютқазмади. 6 ғалаба ва 7 дуранг! Агар кимдир чемпионат бошида сизга “Нефтчи” биринчи даврада ютқазмайди, бироқ 6 ғалаба ва 7 та дуранг ўйнайди, деса рози бўлармидингиз?

- Дабдурустдан бу саволга жавоб қайтариш қийин. Аммо шунга қарамасдан мен бундан хурсандман. Чунки жамоа биринчи даврани сифатли ўтказди.

- Энди ўзингиз ҳақингизда гаплашсак. Ҳар хил гап-сўзлар юрибди. Қайси жамоадан аниқ таклиф олдингиз?

- Миш-мишларни изоҳлаб ўтирмоқчи эмасман. Айни пайтда мен “Нефтчи” клубининг мураббийи ҳисобланаман.

- Адашмасам, ҳозироқ тожикистонликлар сизни терма жамоага бош мураббий этиб тайинлашга тайёрлар, шундайми?

- “Нефтчи” билан тузилган шартномамни охиригача етказмоқчиман. Ўшандан кейин вазият қандай юз берса, шунга қараб йўл тутаман.

левченко9

- Тўғрисини айтинг: қаерда ишлаш сиз учун қизиқарли: “Нефтчи”дами ёки бошқа клубдами?

- Шуни айтишим мумкинки, “Нефтчи”да амалга ошираётган ишларимдан қониқиш ҳосил қилмоқдаман.

- Дарвоқе, Нурилло Тўхтасинов энди Малайзия чемпионатида тўп суради. Уни сақлаб қолишнинг иложи бўлмадими? Сир бўлмаса, Малайзия клуби футболчи учун “Нефтчи”га қанча компенсация тўлади?

- Ҳа, ростдан ҳам Нурилло Малайзия клубига ўтмоқда. Унга молиявий томондан аъло даражадаги ва узоқ муддатга мўлжалланган шартномани таклиф қилишди. Қўшимчасига футболчимиз учун улар компенсация тўлашгани боис биз бу таклифга розилик билдирдик. Ўз навбатида футболчимизни истак хоҳишини ҳам инобатга олдик.

левченко10

- Ёзда нечта янги футболчи оласиз?

- Кўпи билан 5 нафар футболчи.

- Ҳамма жамоа ёзги таътилда. “Нефтчи” эса икки марта “Урал” клуби билан ўйнайди. Футболчиларингизни бўлажак учрашувга қандай руҳлантиряпсиз?

- Ўйлайманки, ёш футболчиларимиз учун бўлажак учрашув фақат фойда келтиради.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Кахрамонжон Сафаров
06/07/2023 21:31
Ёш болаларга ухшаб Саволни кайта-кайта беравермасдан маъноли савро берсангиз булмайдими