"Нефтчи" футболчиси: "Барибир дербида зўр ўйин бўлиши аниқ эди"
13-турда бўлиб ўтган водий дербиси номи остидаги “Нефтчи” – “Навбаҳор” беллашувини кўрган мухлис ёки мутахассис борки, ўйиндан қониқишганини таъкидлашяпти. Фақат бундай “оловли” ўйинга гол етишмади, холос.
Учрашувни фаол ўтказган “Нефтчи” футболчиларидан бири Нурилло Тўхтасинов дербига оид саволларга жавоб берди.
- Футболчи сифатида водий дербисидан қанчалик роҳатландингиз?
- Водий жамоалари учрашишганида жиддий ўйин кечади. Фарғонадаги беллашувда стадионга 20 мингга яқин мухлис келди. Бунча ишқибоз тўпланмаганига анча бўлганди. Ишқибозлар бизни анча қўллаб-қувватлашди, маза қилдик. Омад етишмади холос. Иккала жамоа ҳам яхши ўйнади.
- “Нефтчи” шундай ўйинини барқарор равишда намойиш этганида ҳозир қайси ўринда бўларди, деб ўйлайсиз?
- Шу ўйинимизни кўрсатганимизда балки янада юқорироқда бўлармидик, деб ўйлайман. Орада дуранглар кўпайиб кетди. Худо хоҳласа, ҳаммаси олдинда. Ҳали иккинчи давра турибди. Биз у ерда бундан-да, яхши натижалар қайд этамиз.
- “Навбаҳор” сафида кимдан кўпроқ хафсирагандингиз?
- “Навбаҳор” футболчиларини ҳеч кимидан хафсирамагандик. Лекин уларни ўрганиб чиққанимизда кўпроқ, барибир Остон Ўруновга эътибор қаратгандик. Ҳамма ўйинчиларига нисбатан яхши тайёрлангандик.
- “Нефтчи” Суперлигада ҳали мағлубиятга учрагани йўқ. Аммо дуранглари кўпайиб кетди. Лекин ҳали ютқазмаётгани сизларга бироз юпанч бағишлаяптими ёки...
- Балки бўлиши мумкин. Ютқазмаётганимиз бизга бироз юпанч бағишлаяпти, деб ўйлайман. “Насаф” билан учрашувда ҳам ютишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун яхшилаб тайёрланамиз.
- Охирги марта қачон бундай юқори муҳитда, мухлислар билан тўлган стадионда ўйнагандингиз?
- Охирги марта?! Ўтган йили биринчи турда Наманганда “Насаф” билан ўйин бўлган. Ўшанда стадион мухлислар билан тўлганди. Бу сафар Фарғонадаги учрашувда стадон ишқибозлар билан тўлди.
- Бу ўйинда сиз учун энг аламли вазият қайси бўлди?
- Аламли вазият? Бундай яққол ҳолат бўлмади. Бир-иккита вазият бўлди, фойдалана олмадим.
- “Навбаҳор” сизни собиқ клубингиз. Майдонда анча фаол кўриндингиз. Яъни, собиқ жамоангизга қарши сизда иштиёқ ва шижоат икки баробар кучлимиди?
- Ҳа, биз “Навбаҳор”га қарши яхши тайёргарлик кўрдик. Боя айтганимдек, рақибни ўрганиб чиққандик. Барибир дербида зўр ўйин бўлиши аниқ эди. Бизга ҳам, “Навбаҳор”га ҳам очко керак эди. Яхши тайёргарлик кўрдик. Ютмасак ҳам дуранг ўйнадик. Кучли жамоадан бир очко олдик.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар