"Нефтчи" тайёргарликни 12 декабрдан Тошкентда бошлайди ва Туркияда иккита босқичли йиғин ўтказилади
“Нефтчи” клубининг мавсумлар оралиғидаги тайёргарлик режалари тайёр. Жамоа бош мураббийи Виталий Левченконинг Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраевга маълум қилишича, “Нефтчи” янги мавсум учун илк йиғинни 12 декабрдан бошлайди. Эътиборлиси, дастлабки босқичдаги машғулотлар жараёни Тошкентда олиб борилади ва 24 декабрга қадар давом эттирилади.
Левченко ўз жамоаси билан қишки тайёргарликнинг катта қисмини Туркияда ўтказадиган бўлди. Ишлаб чиқилган режага асосан фарғоналиклар 6-20 январь кунлари айнан Туркияда ўқув-машғулот йиғинини олиб боришади. Навбатдаги йиғин ҳам яна Туркияда ташкиллаштирилади ва бу сафарги тайёргарлик босқичи 27 январдан бошланиб, 17 февралга қадар давом этиши ойдинлашди.
“Нефтчи” жамоаси аллақачон Анталиядаги йиғинлар учун барча ташкилий масалаларни ҳал қилиб қўйган. Бош мураббий Виталий Левченко Туркияга бориб, меҳмонхона, машғулот ўтказадиган майдонлар каби у ерда яратилган шароитлар билан ўзи яқиндан танишиб қайтди.
Фикрлар