"Нефтчи" унинг трансферини қандай ҳал қилди? Қайси рақамни танлади? "Бунёдкор"да қолиш имконияти бормиди? Лутфулла Тўраев барчасига ойдинлик киритди
Уч йилдан бери “Бунёдкор” шарафини ҳимоя қилган ярим ҳимоячи Лутфулла Тўраев янги мавсумда клубини ўзгартиргани ҳақида сайтимиз орқали хабар бердик. Унга кўра, футболчи Фарғонанинг “Нефтчи” клубида тўп сурадиган бўлди. Шу муносабат билан Sports.uz мухбири Тўраев билан суҳбатда бўлди.
- “Нефтчи”га ўтганингиз билан табриклайман. Мазкур чорлов сизга дастлабки қачон бўлганди ва қабул қилишингизнинг асосий сабаби нимада?
- Менга икки ой олдин чиқишганди. Клуб бош мураббийи Илҳом ака Мўминжонов қўнғироқ қилган. Ўшанда чемпионат тугаганидан сўнг гаплашамиз, деб жавоб бергандим. Ўзбекистон Суперлигаси туганидан кейин кўришиб, гаплашиб олдик. Шу тариқа, “Нефтчи” жамоасига ўтишга қарор қилдим.
- Сиз билан охирги марта суҳбатлашганимизда “Бунёдкор” билан яна бир йиллик шартномангиз борлиги хусусида айтгандингиз. Трансферингиз қандай ҳал бўлди ёки фарғоналиклар сизни сотиб олдими?
- Тўғри, яна бир йиллик шартномам бор эди. “Бунёдкор” раҳбари Улуғбек ака Мирзаев билан гаплашдим. Клубга озгина бўлса ҳам маблағ ўтказиб бериладиган бўлди ва шундан кейин “Бунёдкор” мени қўйиб юборади. Шундай қилиб, мен янги жамоага ўтдим.
- “Бунёдкор”ни тарк этишингиз нима билан боғлиқ эди ёки у ерда тўп суришга иштиёқингиз сўниб қолганми?
- Иштиёқим ҳеч қачон сўнмайди. Асосий таркибда ўйнайдиган тўртта футболчи кетди. Сабаб ҳам шу бўлди, деб ўйлайманда.
- Ҳа, “Бунёдкор”ни етакчилар тарк этишяпти. Бу молиявий муаммо билан боғлиқми? Асосий ўйинчиларнинг кетиши албатта йўқотиш. Сиз янги мавсумда қандай “Бунёдкор”ни кўряпсиз?
- Раҳбарларимиз шартномаси тугаган ўйинчилар билан гаплашамиз дейишди. Йигитлар анча кутди, охири гаплашишмаганидан кейин кетишга мажбур бўлдик. Ўйлашимча, ўз вақтида гаплашишганида кетганлар “Бунёдкор”да қоларди. Бу клубни ўз академияси бор. Иқтидорли ёшлар етишиб чиқяпти. “Бунёдкор”ни ҳеч қачон пастки ўринларга тушиб кетади, деб ўйламайман. Шуҳрат ака Мақсудов ҳам ёшлар билан яхши ишлайди. “Бунёдкор” бу йил ҳам юқори ўринларни эгаллайди, деб ўйлайман.
- Сир бўлмаса, “Нефтчи”дан ташқари яна қандай таклифлар бор эди?
- Таклифлар бўлмади. “Нефтчи”дан бўлди ва улар билан гаплашиб, шу клубга ўтишга қарор қилдим.
- Одатда, сизни 13-рақамда кўрамиз. “Нефтчи”да ҳам ушбу рақам остида тўп сурасизми? Умуман, нега доим 13 дан фойдаланасиз?
- Худо хоҳласа, “Нефтчи”да ҳам 13-рақамда ўйнайман. Ёшлигимдан шу рақамни олганман. Шундан бери 13 да тўп сураман. Бунга бирорта сабаб йўқ.
- Қизиғи, кўпчилик одамлар 13 рақамини ёқтиришмайди, балки бу ирим-сирим билан боғлиқдир. Сизда эса бу аксинча...
- Авваламбор, ҳаммаси Худодан. 13 ёқмайди ёки бошқаси ёқмайди, дейиш бу нотўғри. Айтдим-ку, болалигимдан 13-рақамли формада ўйнашга ўрганиб қолганман.
- “Бунёдкор”да уч мавсум фаолият олиб бордингиз. У ерда ўтказган йиллар қандай кечди?
- Тўғри, мен “Бунёдкор” жамоасида учта мавсумни ўтказдим. Ўйлашимча, ажойиб дамлар бўлди. Қийинчиликларни ҳам кўрдик. Ҳаётда ҳар доим хушчақчақ бўлавермайди. У ерда ажойиб йигитлар билан бирга тўп сурганимдан хурсандман. “Бунёдкор”даги фаолиятимдан қониқиш ҳосил қилдим, деб ўйлайман.
- “Нефтчи” билан бу мавсумда нимани ютишга кўзингиз етяпти?!
- Машғулотлар бошланади, йиғинларда қатнашамиз. Ўйлашимча, Суперлига баҳсларига оз фурсат қолганида йиғилиш бўлади ва “Нефтчи”нинг мақсадини айтишади. Ўшанда қандай вазифа учун курашишимиз маълум бўлади. Биз бу жамоани олдинги даражасига чиқариш учун ҳаракат қиламиз. Фарғоналик мухлислар бизни қўллаб-қувватлаб туришса, боримизни берамиз.
- Нима деб ўйлайсиз, “Нефтчи” фаолиятингиздаги охирги клуб бўлиб қолиши мумкинми?
- Эртага нима бўлишини Аллоҳ билади. Шу мавсумни тугатиб олайликчи, у ёғини кўрамиз.
- Илҳом Мўминжонов билан биринчи марта ишлаяпсиз. Бу мураббий ҳақида фикрингиз қандай?
- Ҳа, Илҳом ака билан биринчи марта ишлашим. “Навбаҳор”да мураббий бўлганида унинг жамоасига қарши ўйнаганмиз. Мана, энди бирга ишлаш насиб қилибди.
Фикрлар