"Нефтчи" устози: "Бундан кейин ҳам кутилмаган натижалар бўлиб туради"
Охирги марта чемпионат доирасида 31 август куни ўз ўйинини ўтказган “Нефтчи” жамоаси салкам бир ойлик танаффусдан кейин ниҳоят яна расмий ўйинида майдонга тушади.
19-тур баҳслари 22-24 сентябрь кунлари ўтказилди. Аммо “Нефтчи”нинг “Турон”га қарши беллашуви ноябрь ойига қолдирилди. Энди 27 сентябрь куни фарғоналиклар “Бухоро”ни қабул қилади. Айтиш жоизки, ўз навбатида “Бухоро” ҳам “Нефтчи” сингари ўтган турда дам олди.
Буни қарангки, совринли ўринлар учун курашаётган ва бу йўлда “Нефтчи”нинг асосий рақиблари ҳисобланган клублар ғалаба қозона олмадилар.
Фурсатдан фойдаланиб, Sports.uz журналисти фарғоналиклар бош мураббийи Виталий Левченкога айрим саволлар билан мурожаат қилди.
- Виталий Григорьевич, бу турда “Нефтчи” мажбуран дам олди. Бу режаларингизга таъсир ўтказдими?
- Ўйинни кўчириш бизга боғлиқ эмасди, аммо вазият шуни тақозо этди. Менинг фикрим шундай: машқ қилгандан кўра, ўйнаган афзал. Чунки ўз режамизни шунга асосан тузгандик.
- Андижондаги водий дербисини кўрдингизми? Фикрингиз қандай? Бундай натижани кутганмидингиз?
- Ҳа, ўтган тур доирасидаги учрашувларни томоша қилдим. ОЧЛда иштирок этган клубларимиз олдиндан кутилганидек миллий биринчиликдаги ўйинларини оғир ўтказишди.
- “Пахтакор” бу турда дуранг ўйнади. “Навбаҳор” билан “Насаф” эса ютқазди. Яъни, “Нефтчи”нинг медаллар учун курашдаги рақобатчилари очко йўқотишди. Бу жамоангизга қўл келади, шундай эмасми?
- Тахмин ва башорат қилиш билан шуғулланишни ёқтирмайман. Бизнинг вазифа футбол ўйнаш ва ўзимиздан кутилган натижани қўлга киритишга ҳаракат қилишдан иборат.
- Умуман айтганда, ушбу турда сиз учун кутилмаган натижалар қайд этилдими?
- Ҳозир чемпионатимиздаги ҳар бир ўйин ўта муҳим. Шу боис енгил учрашувнинг ўзи бўлмайди. Ҳар бир клубга ҳозир очко жуда ҳам муҳим. Шундай экан, бундан кейин ҳам кутилмаган натижалар бўлиб туради.
- “Нефтчи” футболчилари учун чемпионатдаги танаффуснинг чўзилгани жамоа ўйинини ритмдан чиқариб юбориши мумкин. Бу сизни хавотирга солмаяптими?
- Ўйин мароми жуда ҳам муҳим. Аммо кимга қарши ўйнаш бизга боғлиқ эмас. Биз тақвимга кўра баҳсларга ҳозирлик кўрамиз. Бу саволингизга эса ўйин ўтказиб бўлганимиздан кейин жавоб беришим мумкин бўлади.
- Черан, Хебай, Нимели. Агар сизга танлаш имконияти берилганида улардан қайси бирини “Нефтчи”да кўришни хоҳлардингиз?
- Сиз санаб ўтган уч футболчи орасида бизни қизиқтирадигани бор, албатта. Лекин ҳозир ўша ўйинчининг исм-шарифини айтиб ўтиришни истамайман. Агар шундай йўл тутсам, ўз-ўзидан ажиотаж кўтариб юборишим тайин бўлади. Буни эса хоҳламайман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар