"Нефтчи" Зоран Марушичга "Навбаҳор"дан кўра яхшироқ таклиф юборганди. Аммо сербиялик ҳужумчи нега "лочинлар"ни танлади? Унда бошқа вариантлар ҳам кўп эди
Кеча "Навбаҳор" клуби ўз сафига легионер қўшиб олганини эълон қилганди. Наманганликлар сербиялик ҳужумчи Зоран Марушич жамоа билан шартнома имзолади.
Ушбу футболчига "Нефтчи" ҳам "кўз тиккан"ди. SPORTS.uz сайтига маълум бўлишича, фарғоналиклар ҳужумчига "Навбаҳор"га қараганда анча яхши таклиф юборган. Аммо Зоран Марушич "лочинлар"ни танлади.
Бунга сабаб, унга биринчи бўлиб "Навбаҳор" клуби вакиллари алоқага чиққан ва томонлар оғзаки келишувга эришганди. Шу боис, футболчи катта маошдан кўра, берган ваъдасини бажарди. Қолаверса, жамоанинг ўз олдига қўйган мақсади ҳам унинг танловида муҳим ўрин тутган.
Чунки "Навбаҳор" бу мавсум ўз олдига чемпионликни мақсад қилиб қўймоқда. Бу амалга оширилаётган трансферлардан ҳам маълум. Про лигадан чиқиб келган "Нефтчи" эса, бу борада чемпионликни мақсад қилмаслиги аниқ. Сабаби, реал фикрлайдиган бўлсак, таркиб ҳали бу мақсадга эришиш учун камлик қилади. Камида бир мавсум. Балки кейинги йилдан ҳаммаси ўзгарар.
Албатта, мақсадлар бўлгани яхши. Аммо ҳамма гап унга эришишда. Буни эса вақти келиб билиб оламиз.
Шунингдек, Зоран Марушичга "Навбаҳор" ва "Нефтчи"дан ташқари Эроннинг "Тракторсози" ва Қозоғистоннинг бир нечта клуби - «Шахтёр», «Туран», «Атирау» ҳамда «Актобе» томонидан жиддий қизиқиш бўлган. Ҳатто улар футболчининг агенти билан музокара ўтказган. Бироқ у қарор қабул қилиб бўлганди.
Хурсанд қилган жиҳати шуки, чемпионатимизга ниҳоят яхши савиядаги легионер ҳужумчи келаётганга ўхшайди. Шундан умидвормиз. Ҳар ҳолда, кўплаб жамоалар бекорга бу футболчини ўз сафига қўшиб олишни истамагандир.
Келинг, энди бир нечта клублар ўртасида талаш бўлган футболчи ҳақида маълумот билан танишамиз.
Марушич 1993 йилнинг 29 ноябрида Сербиянинг Клина шаҳрида туғилган.
Футболчилик фаолияти давомида Сербиянинг “Слога” (2010-2013 йиллар, 2015 йил), “Вождовац” (2014 йил), “Борча” (2017 йил), “Темнич” (2017/2018 йиллар), “Слобода” (2018 йил), Босния ва Герцеговинанинг “Славия” (2016 йил), “Крупа” (2016 йил), Беларуснинг “Дняпро” (2019 йил) ҳамда “Неман” (2020 йил) жамоаларида ўйнаган.
Зоран 2021 йилги мавсумни Тбилисининг “Динамо” жамоаси таркибида ўтказиб, 41 та ўйинда 17 та голга муаллифлик, 9 та голга ассистентлик қилган ҳолда, Грузия чемпионати тўпурари бўлди. Бундан ташқари, 28 ёшли футболчи ўтган мавсумда Грузия чемпионатининг энг яхши ҳужумчиси, энг яхши легионери ва энг яхши футболчиси, деб топилди ҳамда чемпионат рамзий терма жамоасидан ҳам ўрин олди.
Марушичнинг "transfermarkt" порталидаги трансфер нархи 450 минг евро этиб белгиланган.
Фикрлар